Меню
Қашқадарё
ЧУЧУК СУВ ЗАХИРАЛАРИ ҚАЧОНГАЧА ЕТАДИ?
20 ФОИЗ АҲОЛИ СУВСИЗЛИК ИСКАНЖАСИДА
Ер шарининг 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг атиги 2 фоизи истеъмолга яроқли. Қолгани шўр денгиз сувлари ёки қутбдаги яхликлар кўринишидаги захиралардир. Устига-устак сўнгги 40 йил мобайнида жаҳонда киши бошига тўғри келадиган чучук сув миқдори 60 фоизга камайган. Яқин 25 йил ичида бу кўрсаткич яна 2 баробар озайиши тахмин қилинаяпти.
Энди тасаввур қилинг, ҳозирнинг ўзида дунёнинг 30 дан ошиқ давлати яққол сув танқислигига дуч келган. Сайёрамиздаги бир ярим миллиардга яқин инсон (дунё аҳолисининг 20 фоиздан ошиғи) ҳар куни, ҳар лаҳзада сув танқислигини ҳис этиб яшамоқда.
2050 йилга келиб эса Ер юзи аҳолиси 9 миллиардга етиши башорат қилинмоқда. Бу вақтда уларнинг ярмидан кўпи сув танқислиги исканжасида ҳаёт кечириши мумкин.
У КАСАЛЛИКЛАР МАНБАИГА АЙЛАНМОҚДА
Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида тоза ичимлик сувининг нархи жуда ошиб кетган. Мисол учун, Лима, Перу каби давлатларда аксарият аҳоли вакиллари хусусий мироблар челакларда келтирадиган 1 кубометр сувни 3 АҚШ долларига сотиб олади. Ҳар куни сув сотиб олишга қурби етмаганлар эса шўр ёки ифлосланган сувларни ичишга мажбур бўлмоқда ва бунинг натижасида турли касалликлар урчияпти.
Ривожланаётган давлатларда эса саноатнинг чиқинди сувлари ниҳоятда кўп ва улар аксарият ҳолларда тоза сув манбаига бориб қўшилади. Жумладан, уларда саноат корхоналари саноат чиқитларининг 75 фоизини маҳаллий сув оқимларига тўкади. Атмосфера ҳавоси ҳам заҳарли газлар билан тўлиб-тошган. Натижада дарё ва денгиз сувлари ифлосланиб бораётир. Буларнинг барчаси сувни касалликлар манбаига айлантирмоқда. Айни пайтда ҳар йили сайёрамизда қарийб 4 миллион киши айнан ифлос сувларни ичиш туфайли касалланиб, ҳаётдан бевақт кўз юмади.
СУВ УРУШГА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН(МИ?)
Сайёрамиздаги мавжуд сув захиралари барча учун бирдек тақсимланмаган. Мисол учун, Ҳиндистонда дунё аҳолисининг 20 фоизи яшайди, аммо у ерда сайёрамиздаги мавжуд тоза сув ресурсларининг атиги 4 фоизи жойлашган. Ёки Канадада бир кишининг кунлик сув сарфи 335 литрни ташкил этса, қурғоқчил ҳудудларда истиқомат қилаётган 1 миллиарддан ошиқ одам кунига атиги 5 литр сув ишлатади.
Бу албатта табиий шароит тақозоси. Аммо инсоннинг яшаши, кундалик ҳаёт тарзи, давлатнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланиши учун ғоятда зарур бўлган бу неъматнинг кимдадир кўп, бошқаларда эса қаҳатлиги ўртадаги адоватларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Айрим давлатлар ўзидаги сув ресурсларининг сероблигидан сиёсий доираларда устунлик берувчи жиҳат сифатида очиқ-ойдин фойдаланаяпти, бу мавқеи билан бошқаларга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Мисол учун, ўтган асрнинг 70-йилларида Сурия Фрот дарёси устига тўғон қуриб, дарё сувининг тўртдан бир қисмини ола бошлайди. Натижада Ироққа келаётган сув кескин камайиб кетади ва икки давлат ўртасида уруш бошланиб кетишига оз қолганди.
Ёки Африка давлатлари Нил сувларини ўзаро тақсимлаб ишлатишади ва ҳар бири ўз ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланишни истайди. Аммо Миср давлати ўз кучи ва халқаро майдондаги мавқеидан келиб чиққан ҳолда дарё сувини бошқариш ва сарфлашда устунликка эга. У бу устунликни қатъий ҳимоя қилади. 1978 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Анвар Садат шундай деганди: "Нил сувини хавф остига қўювчи ҳар қандай ҳаракат Миср томонидан ўзгармас реакция билан кутиб олинади, ҳатто бу ҳаракат урушга олиб борса ҳам".
БИЗДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?
Кўпчилик Марказий Осиёни сув энг барқарор бўлган ҳудуд сифатида билади. Аслида эса бундай эмас. Бу ҳудудга ҳам сув муаммоси аллақачон катта хавф сола бошлаган.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиё минтақасининг демографик ўсиши фонида 2050 йилга бориб 90 миллионгача киши (25-30 фоиз аҳоли) сув танқислигига дуч келиши мумкин. Суғориш учун сарфланадиган сув ресурслари эҳтиёжи эса 2020 йилдаёқ 30 фоизга ошиши прогноз қилинган.
Мамлакатимиз эса минтақадаги давлатлар ичида аҳолиси энг кўп, сув ресурслари эса энг ками ҳисобланади. Мавжуд сув эҳтиёжининг 18 фоизигина юртимиз ҳудудида шаклланади. Қолган 82 фоизга яқин сув қўшни давлатларда шаклланиб, Амударё ва Сирдарё орқали юртимизга кириб келади. Ушбу сувларнинг 85 фоизга яқини суғорма деҳқончиликда ишлатилади. Шунга қарамай, мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида, айниқса, деҳқончилик мавсумларида сувга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.
ХАЛҚАРО ҲАМЖАМИЯТ ЭЪТИБОРИ
Кўринадики, сув танқислиги бугунги кундаги энг долзарб муаммо ва у анча вақтдан буён халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб келаяпти.
Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 22 февралдаги резолюциясига кўра 22 март - Бутунжаҳон сув ресурслари куни деб эълон қилинди. Шу куни жаҳон бўйлаб сув манбаларини муҳофаза этиш, сувдан тўғри ва тежаб фойдаланиш каби қатор муҳим масалалар кўтариб чиқилади, оддий аҳолига сув билан боғлиқ бугунги ва келажакда юзага келиши кутилаётган муаммолар тўғрисида энг муҳим, таъсирчан ахборотлар тақдим этилади. Олимлар томонидан бу борада олиб борилаётган илмий таҳлиллар, уларнинг натижалари эълон қилинади.
Бир сўз билан айтганда, ҳар йили Бутунжаҳон сув ресурслари куни муносабати билан бутун ҳамжамиятнинг эътибори яна бир бора мазкур муаммога қаратилади.
МУАММОГА ЕЧИМ БОРМИ?
Айтиш жоизки, сув энг аввало табиат инъоми. Ҳар йили ёмғир, қор сувларининг йиғилиши натижасида жуда катта миқдордаги сув ресурслари пайдо бўлади.
Демакки, муаммо сувнинг йўқолиб кетишида эмас, балки мавжуд эҳтиёжларнинг йиллик сув захираларидан ошиб бораётгани, инсоннинг табиатга мисли кўрилмаган даражада кўп таъсир этаётганидадир. Шундай экан, муаммога фақатгина бир йўл - сувга бўлган муносабатни ўзгартириш орқалигина ечим топиш мумкин.
Мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, сўнгги йилларда бизда сувдан фойдаланиш ва унинг ҳуқуқий асосини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигида босқичма-босқич тарзда тежамкор технологияларни қўллашга ўтилаяпти. Натижа эса...
Рақамларга эътибор қаратинг. Мамлакатимизда 1990 йилгача турли мақсадлар учун ишлатилаётган сув 64 миллиард кубни ташкил этган. Соҳага замонавий тежамкор технологияларнинг жорий этилиши, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича қатъий тартибнинг жорий этилиши натижасида аҳоли сонининг кескин ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги учун янги-янги майдонларнинг ўзлаштирилишига қарамай, 2008 йилдан сўнг бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарди. Ёки 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг куб метр сув сарфланган бўлса, 2015 йилга келиб бу миқдор айрим ҳудудларда 6 минг куб метргача, ўртача эса 10 минг куб метрга қисқарди. Эътиборга молик томони, тежамкор технологияларни кенг жорий этиш натижасида буни яна 10 баробардан ошиқ камайтириш мумкин.
Агар дунёдаги барча давлатлар бир ёқадан бош чиқариб, сувни тежаш учун астойдил ҳаракат қилса, бу борада муаммо бўлмайди.
Бордию, инсониятнинг чучук сув ресурсларидан фойдаланиш аҳволи ҳозирги тарзда давом этадиган бўлса, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра 2100 йилларга бориб дунёнинг камида учдан икки қисми сув инқирозига юз тутади, 2230 йилга бориб эса сайёрамизнинг истеъмолга яроқли чучук сув захиралари батамом тугайди.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.