Меню
Қашқадарё
ЧОРВАЧИЛИК РИВОЖИГА ҚАРАТИЛГАН ЛОЙИҲА
Қарорда қайд этилишича, Жаҳон банки Директорлар кенгаши 2017 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикасига 5 йиллик имтиёзли даврни қўшганда, 25 йил муддатда тўлаш шарти билан мазкур лойиҳани молиялаштириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ)нинг 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзи ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА)нинг 120 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити берилишини маъқуллаган.
Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси эквивалентда 77,82 миллион АҚШ долларини, шу жумладан, солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий чиқимлар ҳақини тўлаш ва бошқа сарф-харажатларни молиялаштириш тарзида қўшиладиган улуш эквивалентда 39,74 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, лойиҳа қатнашчилари (бенефициарлар) қўшадиган ҳисса эквивалентда 38,08 миллион АҚШ долларидан иборат бўлади.
Аҳамиятлиси, ушбу лойиҳа юртимизнинг барча минтақаларида ҳаётга татбиқ этилади. Берилаётган қарз ва кредитни қайта молиялашнинг аниқ тартиби, муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш мезонлари ва уларнинг баҳолари белгиланади.
Яна бир жиҳати, лойиҳани амалга ошириш доирасида ХТТБ қарзи ва ХТА кредити ҳисобидан харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар тўлашдан озод қилинади. Мазкур бандда берилган имтиёзларнинг амал қилиши лойиҳа доирасида қайта молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам жорий этилади.
Таъкидлаш жоизки, чорвачилик вилоятимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи ва жадал ривож топаётган тармоқларидан биридир. Ҳар йили ҳудудда кўп миқдорда сут, гўшт ва бошқа турдаги чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Соҳага янги технологияларни татбиқ этиш имконияти ушбу йўналишда фаолият юритаётган, янгидан шу тармоққа асос солиш истагида бўлган хўжаликлар, тадбиркорлик субъектлари учун мазкур лойиҳада иштирок этиш манфаатли бўлиши тайин. Келгусида кўплаб сублойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши эса вилоятимизда чорвачилик сектори ривожи сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши, соҳада маҳсулдорлик сезиларли даражада ошиши ва бозорлар янада тўкин бўлишига хизмат қилади.
М.ЖЎРАЕВ