Меню
Қашқадарё
ЧОРИ БОБОНИНГ КЎМАГИ БЕСАМАР КЕТМАГАН ЭКАН
Мурожаат ва натижа
Маълумки, Орол денгизининг суви қуриб бориши нафақат минтақа, балки бутун сайёрамиздаги экологик вазият учун ҳам жиддий хавф туғдираяпти. Хусусан, денгизнинг қуриб қолган тубида шамол таъсирида ҳар йили 100 миллион тонна туз ва қум ҳавога кўтарилиб, олис ҳудудларгача етиб бормоқда. Атроф-муҳитга, экин майдонларига зиён етказаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида мазкур муаммонинг кўламига эътибор қаратиб, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш доирасида денгизнинг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этиш бўйича кенг қамровли ташаббусни илгари сурган эди.
Қарши шаҳрининг Маҳаллот маҳалласида яшовчи Чори бобо Қурбонов ҳам бу ташаббусдан руҳланиб, ўз пенсиясидан 100 минг сўмни Оролни қутқариш учун ташкил этилган махсус жамғармага ўтказган. У кейинчалик ҳам бу ишни давом эттириб, қолаверса, маҳалладаги бошқа кишиларни ҳам шунга ундамоқчи эди. Лекин бундан аввал "Маблағни тегишли ҳисоб рақамларга ўтказишда адашмадиммикан?", деган хавотир билан "Агробанк"нинг Мўйноқ тумани филиали раҳбарига телеграмма жўнатди. Аммо айрим сабабларга кўра, ушбу телеграммага жавоб олмаган. Шундан сўнг бунга аниқлик киритишда ёрдам сўраб, таҳририятимизга хат йўллаган.
Мазкур мурожаат юзасидан АТБ "Агробанк"нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Мўйноқ филиали масъул ходимлари билан боғландик. Улар биз тақдим этган тўловни тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида барчасини текшириб, тезда аниқлик киритиб беришди.
Маълум бўлишича, Чори Қурбонов ўтказган пул ҳақиқатан ҳам Оролни кўкаламзорлаштириш учун ташкил этилган махсус жамғармага тушган. Жамғарма маблағлари Орол денгизининг суви қуриган, қумли майдонларини кўкаламзорлаштириш ишларига йўналтирилмоқда.
Демакки, Чори бобонинг кўмаги бесамар кетмаган экан. Бу уни ва бошқа олижаноб инсонларни хайр-саховат борасидаги ишларини давом эттиришга янада илҳомлантириши шубҳасиз.
Ж.БОЙМУРОДОВ