Меню
Қашқадарё
Чорак аср хароба ҳолда ётган эски клуб ўрнида муҳташам маданият маркази фаолият бошлади
Бунёдкорлик
Қарши туманидаги Чароғил маҳалласида гўзал ва муҳташам маданият ва маънавият маркази иш бошлади. Бугун ушбу марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қайд этиш лозим, Президентимиз раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кутубхонаси ва тўгарак хоналари бўлган маданият марказлари барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказиш ва ёшларни санъатга жалб қилиш масалалари қайд этиб ўтилганди.
Афсуски, 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Чароғил маҳалласи бундай имкониятга эга эмас, ўтган аср 70-йилларида қурилган клуб хароба ҳолатга келиб қолган эди.
Ёдингизда бўлса, Чароғилдаги клубнинг аянчли ҳолати ҳақида “Qashqadaryo” газетасида дастлаб 2018 йилда мақола чоп этилган, масъуллар эътибори ушбу муаммога қаратилган эди. Бироқ орадан 5 йил ўтиб ҳам бирор ўзгариш юз бермади. Бир вақтлар жуда файзли, турли кўнгилочар тадбирлар, концертлар ўтадиган, кино кўриладиган жой бўлган клубнинг томидан сув ўтгани, хоналарда сув тўплангани, жиҳозлар қайгадир гум бўлгани, ҳатто молхона вазифасини ўтаётгани, камига қишлоқ одамлари клуб ҳовлисига тақаб уй солгани ва чорак асрдан бери қаровсиз, хароба ҳолда қолаётгани, бу орада биров “мойка”, яна биров “боғча” очмоқчи бўлгани қаламга олинган эди.
Мақола чоп этилгач, вилоят маданият бошқармаси мутасаддилари дастлаб Чароғилда маданият ва аҳоли дам олиш маркази 2020 йилда қурилишини айтишди. Ўтган йили яна шу мавзуга қайтиб, танқидий чиқиш қилинганида, бошқарма бошлиғи ўринбосари таъмирлаш ишлари 2023 йилда якунига етишини билдирди.
Масъулнинг сўзларига ишонмай “Демак, чорак асрдан бери вайрон бўлиб ётган, 5 йил олдин дастурга кирмаган клуб уч ойи тугаб бўлган йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилади” дея шубҳага борганимиз ҳам бор гап.
Нима бўлганда ҳам ўша айтилган гаплар мана энди рўёбга чиқди. Ўша эски клуб ўрнида бутунлай янги, буткул муҳташам марказ қад кўтарди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бино маҳалланинг энг кўзга кўринган жойларидан бирига айланди.
Туман аҳолисининг ижтимоий-маънавий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мароқли дам олишини ташкил этиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон санъатининг нодир намуналаридан баҳраманд этиш ва маҳалла аҳли, хусусан, ёшларнинг маданияти, маънавияти ҳамда маърифатини янада юксалтиришга хизмат қилувчи ушбу масканда тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик, мусиқа ва эстрада тўгараги, шахмат ва шашка, қандолатчилик, касаначилик, инглиз тили ўқув курслари, IT курслари ва 2400 га яқин бадиий ва илмий адабиётлар мавжуд кутубхона фаолияти йўлга қўйилган.
Аҳамиятлиси, ташкил этилган тўгаракларда 200 нафарга яқин ёшлар қамраб олиниши режалаштирилган. Ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳам дарсдан бўш вақтида марказга келиб, ўзлари хоҳлаган йўналишда маҳорат оширишлари мумкин.
Бу ерда, шунингдек, Маънавият маскани ҳам ташкил этилиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қарши тумани бўлинмаси ихтиёрига берилди.
Айтиш ўринли, Президент раислигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш юзасидан кўрсатма берилган эди. 2021 йил 26 мартдаги қарор асосида эса 2021-2023 йилларда барпо этиладиган масканлар манзилли рўйхати тасдиқланди. Шунга асосан, бир неча ой кечикиш ҳисобига бўлса ҳам, вилоятда охири бўлиб, Қарши туманида ҳам янги Маънавият маскани иш бошлади. Масканда раҳбар ва мутахассислар хоналари жойлашган. Барча хоналар замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган.
Маданият ва маънавият маркази тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди. Жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, маҳалла аҳли, нуронийлар ва ёшлар ушбу марказ эзгу мақсадларга қанот берадиган зиё маскани бўлишига тилак билдиришди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: тантанали очилиш маросимидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.