Меню
Қашқадарё
ЧИЯЛДА НИМА ГАПЛАР?
Бу жараённи миллионлаб юртдошларимиз телеэкран орқали кузатиб борди. “Обод қишлоқ” лойиҳаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан синов тариқасида илк бора ана шу қишлоқда бошланган эди. Натижа эса барчани хурсанд этди. Бугун чекка ҳудуддаги бир қишлоқнинг шу қадар жозиба касб этгани, қишлоқ инфратузилмаси тубдан ўзгариб, муносиб ҳаёт учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилганини кўриб кўз қувонади.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида нафақат Манас, балки яна кўплаб қишлоқлар ана шундай жозиба касб этади. Улардан бири – Чироқчи туманидаги Чиял қишлоғидир.
Чиял вилоятда биринчи бўлиб “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. 2018 йилнинг 10 март куни вилоят ҳокими раислигида ўтказилган тегишли йиғилиш баёнига асосан, бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ишчи гуруҳ шакллантирилди, “йўл харитаси” белгилаб олинди. Айни вақтда қишлоқда шу асосда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Тез орада қишлоқнинг қиёфаси ҳам, ҳудуддаги мавжуд инфратузилмалар ҳам, маиший шарт-шароитлар ҳам бутунлай ўзгаради.
АТРОФ ОБОД, УЙ-ЖОЙЛАР КЎРКАМЛИК КАСБ ЭТАЁТИР
Маълумки, Чиял нафақат вилоятда, балки мамлакатимиздаги энг катта ва машҳур қишлоқлардан бири бўлиб, бугунги кунда қишлоқ тўққизта маҳаллани ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 10 мингдан ортиқ хонадон мавжуд, 62 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади.
Чироқчи кенгликларидаги пастқам адирликлар узра ястанган қишлоққа бир пайтлар одамлар ўзи истагандай қилиб бўш турган ерларга иморат қуриб олаверган. Шу боис йўл бўйлари ёки юқори кучланишга эга электр линиялари ўтган ҳудудларда ҳам ноқонуний қурилишлар кўп учрайди.
Чиялда “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича ташкил этилган махсус штабдан олинган маълумотга кўра, шу кунга қадар 50 га яқин ана шундай ноқонуний қурилишлар аниқланиб, уларнинг эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда бу бино ва иншоотлар бузиб ташланди. 200 дан ошиқ уй-жойларнинг ташқи фасади намунавий асосда бўялди. Келгусида бутун қишлоқ ҳудуди ана шундай саришталик ва чирой касб этади.
Шу билан бир қаторда, қишлоқ ҳудудини ободонлаштириш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. Аҳоли вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар бу ишда ташаббус кўрсатмоқда.
Хусусан, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши “Бунёдкор ёшлар” отряди аъзолари ҳам ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда.
- Отрядимиз аъзолари биринчи навбатда кекса, қаровчиси бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг уйларида ҳашар уюштириб, ободонлаштириш ишларига ёрдам беришга эътибор қаратмоқда, - дейди Ёшлар иттифоқи Чироқчи тумани кенгаши раиси Санжар Бобоқулов. – 1 апрель ҳолатида 29 та ана шундай хонадоннинг томорқа ерларига ишлов берилиб, 38 та уйнинг ташқи фасадларида буёқ ишлари амалга оширилди.
Шу билан биргаликда, дастур доирасида қишлоқдаги барча уй-жойлар хатловдан ўтказилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши кўзда тутилган. Шу кунга қадар 10 мингдан ортиқ хонадон хатлови якунланган бўлса, 200 га яқин фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.
КЕНГ ВА РАВОН ЙЎЛЛАР ҚУРИЛАЯПТИ
Қишлоқ ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган асосий инфратузилма объектларидан бири бу – ички йўллар. Дастур доирасида Чиялнинг йўл инфратузилмаси тубдан ўзгаради.
Ҳозирги кунда қишлоқдаги йўл қурилиши ишларига вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан 64 та қурилиш ва юк ташиш техникалари жалб қилинган бўлиб, бу борада ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Олинган маълумотга кўра, шу кунга қадар қишлоқ ҳудудидаги 30 километрга яқин йўлнинг асоси тайёрланган ва 10 километрдан ошиқ йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизилган.
- Чиялни обод қишлоққа айлантириш ишларида корхонамиз йўлсозлари ҳам муносиб иштирок этмоқда, - дейди Чироқчи тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходими Шамсиддин Хуррамов. – Ҳозирги пайтда иккита гуруҳга бўлиниб иш олиб бораяпмиз. Ишни самарали ва сифатли бажаришга эътибор қаратмоқдамиз. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Айниқса, қишлоқ ҳудудида катта миқдордаги қум-шағал аралашмаси захираси яратилгани ишларимизни янада тезлаштирмоқда.
ЭНДИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИ ҲАМ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ
Сир эмас, қишлоқни электр энергияси билан таъминлаш тизими ҳам муайян таъмирга муҳтож. Шу боис, бу масала ечими борасида ҳам ҳудудда катта ишлар бошлаб юборилган.
Айни вақтда “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассислари томонидан қишлоқ трансформаторлари, симёғочлар ва линиялар янгиланаяпти, тизимда таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, электр таъминотининг яхшиланиши ҳудудда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси равнақи, шу билан бир қаторда томорқачилик фаолиятини ривожлантиришга кенг шароит яратади. Чунки, Чиялда аҳоли ихтиёрида жами 12 минг 556 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд бўлса, шундан 8 минг 291 гектарини лалми майдонлар ташкил этади.
- Маҳалламиздаги томорқа участкаларидан фойдаланиш даражаси бизни қониқтирмайди, - дейди Сувлиқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмамат Умбаров. – Айрим оилалар насослар ёрдамида ер остидан сув чиқариб, деҳқончиликда самарали натижаларга эришмоқда. Бироқ бу борада ҳам муаммолар йўқ эмас. Аксарият ҳудудларда электр қуввати паст, мавжуд линиялар юқори юкланишга бардош бермайди, кўп узилишлар содир бўлади. Таъмирлаш ишларидан сўнг бу борадаги муаммо барҳам топгач, аҳолининг томорқадан фойдаланиши самарадорлиги ҳам ошади.
ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАР ЖОЙИДА ЕЧИЛМОҚДА
Маълумки, қишлоқ ҳудудларда туғилганликни, никоҳни қайд этиш, фуқароларнинг ўз вақтида паспорт олиши каби ҳужжат ишлари, ишсизлик, нафақага чиқиш ёки бошқа шу каби ҳолатлар билан боғлиқ муаммолар кўп учрайди. Шу боис, ҳозирги вақтда қишлоқда дастур доирасида қатор идора ва ташкилотлар масъулларининг сайёр қабуллари уюштирилиб, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилаяпти.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан шу кунга қадар 700 нафарга яқин шахснинг фуқаролик паспорти яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ва амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги аниқланди.
Айни вақтда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан қишлоқдаги иккита ҳудудда биометрик паспорт олиш учун аризалар қабул қилиниб, барча ҳужжатлар шу ернинг ўзида расмийлаштирилмоқда.
- Бу жараён фуқароларнинг туман марказига бориш, ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олади, - дейди мазкур бўлим ходими Бекзод Равшанов. – Бу ерда ариза берувчиларнинг электрон суратларини, бармоқ изларини олиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, тўловларни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, гуруҳимиз томонидан бир кунда ўртача 100 дан ортиқ кишидан биометрик паспорт олиши учун аризалар қабул қилиниб, ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
АҲОЛИ БЕПУЛ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТМОҚДА
Аҳоли орасида тиббий маданиятни юксалтириш соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг асосий омили саналади. Шунга мувофиқ, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Чиял қишлоғи аҳолисини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
- Хусусан, вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг малакали шифокор ходимларидан иборат 90 нафар мутахассис ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига жалб этилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Ғозиева. – Бир вақтнинг ўзида 12 хил касаллик бўйича кўрик ташкил этилмоқда. Бу ишларни сифатли амалга ошириш учун керакли жиҳозлар, тиббий аппаратлар олиб келинган. Лойиҳа бошланганидан ҳозирги кунга қадар қарийб 21 минг нафар аҳоли саломатлиги текширилди. Бирор бир касаллик аниқланган фуқароларга биринчи ёрдам дорилари, туман, вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига даволаниши учун йўлланмалар берилмоқда. Шу билан бир қаторда, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораяпмиз.
ЯХШИ ДАМ – МЕҲНАТГА ҲАМДАМ
“Обод қишлоқ” дастури доирасида Чиялда бўй кўрсатаётган ана шундай ўзгаришлар, юксалишлар одамларнинг кайфиятида, руҳиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Замон билан ҳамнафас яшаш, ишлаш, дам олиш руҳи уларни янада юксак мақсадлар сари бошламоқда.
Куни кеча 600 дан зиёд қишлоқ одамлари йиғилиб, Қарши шаҳридаги ўзгаришларни томоша қилиш, театрга тушиб, маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида вилоят марказига йўл олишди.
- Бугун Қарши шаҳрига саёҳатга келган қишлоқдошларимизнинг аксариятини нафақадаги кишилар ҳамда уй ишлари билан банд бўлган аёллар ташкил этади, - дейди Аннарўз маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Анора Жўраева. – Бу сафар уларга жуда катта таассурот қолдираяпти. Ҳамманинг юз-кўзида шодлик ифодаси.
- 63 ёшдаман, - дейди Қарши саёҳатидан мамнун ҳолда Садаф момо Худойбердиева. – 6 фарзандни уй-жойли қилдим. Бугун бир гала невараларим бор. Тўғрисини айтсам, оила юмушлари, фарзандлар ташвиши билан бўлиб, дам олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Мана бугун илк марта театрга тушдим. Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдим. Қалбимдаги қувончни айтиб бера олмайман. Биз учун мана шундай имкониятни яратиб берган Президентимизга раҳмат. Юртимизнинг тинчлигига кўз тегмасин.
Хуллас, бугун Чиялда ана шундай гаплар. Ҳозир ҳудудда дастур доирасида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда. Ана шу асосда ҳам ҳудудда замонавий типдаги аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тиббиёт муассасалари, мактабгача таълим муассасалари, савдо нуқталари барпо этилади. Янги иш ўринлари яратилади. Бир сўз билан айтганда, Чиял ҳудуди аҳолисининг фаровон ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларга эга, замонавий ва обод қишлоққа (энди шаҳарча деса ҳам бўлади) айланади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ