Меню

Қашқадарё

26.11.2021 2499

ЧИРОҚЧИЛИК ДЕПУТАТЛАР ҚЎЛЛАГАН ҚОНУН

бир йил олдин кучини йўқотган экан

 Маҳаллий Кенгашларда

Шу йил 18 ноябрь куни халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши мазкур туман ҳудудидаги 32 та маҳалла ҳудудларини янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани таркибига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу ҳужжатга кўра, Чироқчи туманидаги Айритом, Бахт, Бегламиш, Кўкдала, Қанотли, Наймансарой, Олтин бошоқ, Олтин дала, Пахталисой, Сойбўйи, Талоқтепа, Тошли, Умакай, Ўтамайли, Хардури, Хўжаобод, Хушали, Чорвадор, Шўрбозор, Шўрқудуқ, Эски анҳор, Торжилға, Гулистон, Аннаруз, Зум, Ғаллакор, Қумдарё, Сувлиқ, Тўқмор, Уймовут, Чиял ва Чувуллоқ маҳалла фуқаролар йиғинларининг илтимосномалари инобатга олиниб, уларни янги - Кўкдала тумани таркибига ўтказишга розилик берилди.

Аммо, энг ачинарлиси, ўта муҳим ва ҳатто тарихий аҳамиятга эга бўлган бу қарорда депутатлар томонидан жуда қўпол хатога йўл қўйилган. Ҳужжат матнида қайд этилишича, у "Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган. Ваҳоланки, мазкур қонун 2020 йил 29 августда ўз кучини йўқотган экан. Худди шу санадан эса "Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида"ги Қонун амал қила бошлаган ва бугунги кунда вилоятлар туманларини тузиш ҳамда тугатиш айнан шу қонун билан тартибга солинади.

Албатта, барча депутатлар ҳамма қонунларни ёддан билиши ёки уларнинг кучини йўқотганми, йўқлигидан аниқ хабардор бўлиши шарт, дейишдан йироқмиз. Зеро, ҳозирги пайтда миллий қонунчилигимиз ҳужжатлари шунчалик кўпки, уларга оид барча маълумотларни тўлиқ эслаб қолишга ҳеч ким қодир эмас. Аммо "LEX.UZ" маълумотлар базасидан деярли барча қонун ва қонуности ҳужжатларини тез ва муаммосиз топиш мумкин экан, нега чироқчилик депутатлар қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки муҳокама қилиш пайтида компьютер, планшет ёки оддий смартфон орқали тегишли қонунга назар ташламаган, тушуниш қийин.

Ҳеч бўлмаса бир нафар депутат ёки Кенгаш раиси "Қарорнинг икки жойида тилга олинган қонунда нима ёзилган ўзи?" деб савол бериб, ақалли бир марта "LEX.UZ"дан унинг матнини топиб ўқиса, қизил рангда "Ҳужжат кучини йўқотган 29.08.2020" деб ёзилган огоҳлантиришни кўрарди. Натижада - қўпол хатонинг олди олиниб, қарорнинг амалдаги қонунга мувофиқлиги таъминланарди.

Аммо бирорта ҳам депутат бундай йўл тутмагани учун ҳам савол туғилади: умуман, Чироқчида Кенгаш ва ҳоким қарорларининг қонунга мослигини кимдир назорат қилаяптими? 

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!