Меню
Қашқадарё
ЧИРОҚЧИДА ҚУМДАРЁ ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ, ҚАМАШИДА ПИСТАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ТАЖРИБА СТАНЦИЯСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўрмон ерларидан самарали фойдаланиш, етиштириладиган экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш, тармоққа маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни кенг жалб этиш бугунги устувор масалалардан бирига айланди. Буни вилоятимиздаги ўрмон хўжаликлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Айни пайтда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимида 9 та давлат ўрмон хўжалиги мавжуд бўлиб, уларнинг умумий ер майдони 323 минг 77,8 гектарни ташкил этади.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу ерларнинг асосий қисми экинга яроқли бўлиб, у ерда жуда кўп миқдордаги доривор гиёҳлар, мевали дарахтлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш мумкин. Ана шу жиҳатларга эътибор қаратилгани ҳолда, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида берган топшириқлари, шунингдек, ҳукумат қарорларига мувофиқ вилоятдаги ўрмон хўжаликларида жуда кўп лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши белгиланган эди.
- Айни пайтда ушбу лойиҳалар ижроси бўйича бир қатор ишлар олиб бораяпмиз, - дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Аҳмедов. - Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Шаҳрисабз ихтисослаштирилган ўрмон хўжалиги ташкил этилиб, унга туман ҳудудидан 18 минг 672 гектар ер майдони ажратиб берилди. Айни пайтда бу ерда 500 гектар ерга чаканди ҳамда 500 гектар ерга анзур пиёзи экилди. Қолган майдонда ҳам мевали дарахтлар, доривор гиёҳлар экиш, иссиқхоналар қуриш режалаштирилган. Шунингдек, ўтган йили яна 2 минг 855 гектар майдонда янги ўрмонзор, 105 гектар ерда янги кўчатхоналар барпо қилиниб, қарийб 10 миллион донага яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилди. Ҳукуматнинг ўтган йил 14 январдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча ўрмон хўжаликлари қошида лимон ва иссиқхонабоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 16 та, умумий майдони 7 гектар бўлган кам харажатли иссиқхоналар қурилиб, фаолият кўрсата бошлади.
Дарҳақиқат, ўрмон хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланиш маҳсулот ишлаб чиқариш қамровини ошириш билан бир қаторда, қўшимча иш ўринлари яратишга ҳам замин ҳозирлайди. Мисол учун, биргина Китоб давлат ўрмон хўжалигида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, илгари фойдаланилмай ётган ёки фақат яйлов вазифасини ўтаган минглаб гектар ерлар бугун обод бўлиб, у ерда келажакда бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлайдиган мевали дарахтлар, озиқ-овқат экинлари экилмоқда.
- Ҳудудимизнинг иқлим ва тупроқ шароити бир қатор мевалар, шу жумладан, ёнғоқ етиштириш учун жуда қулай, - дейди Китоб давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси Фахриддин Ҳайдаров. - Шу боис ўрмон хўжалигимиз ерларида ёнғоқ плантацияларини барпо этишга асосий эътиборни қаратаяпмиз. Ўтган йилда хўжалик тасарруфидаги Қавзахона ва Матмон ўрмон бўлимларида 500 гектардан, Сиёб ва Деновбола ўрмон бўлимларида 200 гектардан, Мингчинор ўрмон бўлимида 100 гектар, жами 1500 гектар майдонга ёнғоқ кўчатларини ўтқаздик. Янги ёнғоқзорларнинг бир қисмини ички имкониятлардан фойдаланиб, ўз кучимиз билан яратган бўлсак, яна бир қисми маҳаллий аҳоли томонидан пудрат шартномалари асосида барпо этилди. Бундан аҳоли ҳам, биз ҳам манфаатдормиз. Бу йил яна 500 гектар ёнғоқ плантацияси барпо этиш учун амалий ҳаракатларни олиб бораяпмиз. Шунингдек, ўтган йили 2 гектар майдонда иссиқхона қуриб, озиқ-овқат экинлари ҳамда лимон кўчатлари етиштиришни йўлга қўйдик.
Жорий йилда эса вилоятдаги ўрмон хўжаликлари амалга ошириши лозим бўлган лойиҳалар қамрови янада кенгроқ. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 13-14 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, 2019 йилда Чироқчи туманида Қумдарё давлат ўрмон хўжалигини, Қамаши туманида пистачиликни ривожлантириш тажриба станциясини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2019-2020 йиллар давомида Деҳқонобод ва Қамаши давлат ўрмон хўжаликларида 2500 гектар писта, Чироқчида 1000 гектар аччиқ бодом плантациялари ташкил этилади. Иссиқхоналар қуриш, кўчат экиш, доривор ўсимликлар етиштириш бўйича бошланган ишлар давом этади.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда вилоятдаги ўрмон хўжаликлари олдида озиқ-овқат ва экспортбоп маҳсулотлар, кўчат етиштириш, паррандачилик, чорвачилик тармоқларини йўлга қўйиш ва шу каби соҳалардаги кўплаб лойиҳалар турибди. Ушбу лойиҳалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши эса ўрмончилик қишлоқ хўжалигидаги энг муҳим тармоқлардан бирига айланишига замин ҳозирлайди.
Ж.БОЙМУРОДОВ