Меню

Қашқадарё

30.07.2016 2340

Чироқчи тумани: ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН ИМКОНИЯТЛАРДАН КУЧ ОЛИБ

Тез орада узоқ кутилган мустақиллик қўлга киритилди. Ҳукуматимиз томонидан биринчи галда аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва деҳқончилик қилиш учун ер участкаси, шахсий томорқа майдонлари ажратиб берилди. Эндиликда одамлар ўзи учун, оиласи учун ишлай бошлади, хусусий мулкка эгалик қилиш ҳиссидан баҳраманд бўлди. Ҳозирги вақтга келиб, қишлоқ одами илгаригидек пахсадан қилинган тор ҳовлида, тиқилинчда эмас, балки намунавий лойиҳа асосида барпо этилган барча қулайликларга эга уйларда истиқомат қилаяпти. Юртбошимиз юритаётган ушбу оқилона сиёсат туфайли бугун оилалар фаровон, дастурхонлар тўкин-сочин, бозорларда ризқ мўл-кўл. Аҳамиятлиси, истиқлол йилларида мазкур ўзгаришлар Чироқчи тумани аҳли ҳаётида  ҳам ёрқин бўй кўрсатди. Боиси, шахсий томорқадан, ердан унумли фойдаланишда барчага ўрнак бўлаётган чироқчиликлар биз танлаган тараққиёт йўлимиз нақадар тўғрилигини турли соҳаларда эришаётган ютуқлари мисолида кўрсатиб беришмоқда.

УМУМИЙ МАНФААТГА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАН ТОМОРҚАЧИЛИК

Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Чироқчи тумани аҳолиси тасарруфида 4 минг гектар томорқа майдонлари бор. Ўз томорқасида  деҳқончилик қилмайдиган, ерни бўш қўйган одамни деярли топмайсиз. Негаки айримлар учун бу фаолият қўшимча даромад манбаи бўлса, баъзилар айнан томорқадан келаётган мўмай фойда ҳисобидан ўз рўзғорини обод қилаяпти. Эътиборлиси, туманнинг ҳар бир ҳудуди деҳқончиликда ўзига хослик ва катта тажрибага эга. Мисол учун, Ўтамайлида етиштириладиган эртачи ва кечки тарвузлар бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқатилаётганидан ташқари хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

- Бугун ички бозорга чиқарилаётган сабзавот, полиз маҳсулотининг сезиларли қисми аҳоли томорқаларида етиштирилаяпти, - дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дурдона Акбарова. - Кимдир иссиқхона қурган, яна кимдир очиқ майдонда экин-тикин қилади. Одамларимиз имкон қадар маҳсулотни эртачи бозорга чиқаришга ҳаракат қилади. Яна бир жиҳати, аҳолимиз тумандан хорижга жўнатилаётган маҳсулотларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади.

Дарҳақиқат, чироқчиликларни ер бой қилаяпти, десак адашмаймиз. Аввалдан соҳибкорлиги, ишбилармонлиги билан ажралиб турган ушбу ҳудуд аҳолиси истиқлол шарофатидан мулкдор бўлаяпти, тадбиркорликка қўл ураяпти, ўз қобилиятини, ўзлигини намойиш этаяпти.

ЕТАКЧИ КУЧГА АЙЛАНГАН КИЧИК БИЗНЕС

Чироқчи туманининг мавжуд салоҳияти ҳудудда кичик бизнеснинг барча йўналишларини бирдек ривожлантиришга имкон беради. Шу боис бугун туманда озиқ-овқат ва но-озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатишни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор сабаб уларнинг сафи йилдан йилга ортаяпти. Агар 2004 йилда туманда 700 га яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлган бўлса, 2015 йил якунларига кўра ушбу рақам 1308 тани ташкил этди. Ўтган йили туманда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 76 фоиздан кўпроғи айнан кичик бизнес ҳиссасига тўғри келгани  соҳанинг ҳудуд иқтисодиётида тутган ўрнидан дарак беради.

- Юртимизда тадбиркорга берилаётган имтиёз ва қулайликлар кўпайса, кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти, - дейди тумандаги “Эл олқиши” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ботир Исматов. – Эндиликда ишбилармон фақат ташаббус кўрсатиши, янгилик яратиши керак. Биз ҳам анча йиллардан бери савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида иш олиб бораётгандик. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳақида қатъий ўйлаб кўрдик. Қарасак, талаб бор, имконият эса етарли. Ўтган йили нон ва қандолат маҳсулотлари пиширишни ташкил қилдик. 4 та   печимиз бор, Хитойдан келтирилган. 1 ойда 60 тоннагача тайёр маҳсулот тайёрлай оламиз. Ушбу лойиҳамизни амалга ошириш учун қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфладик. Бунда банк кредити ҳам бор. 8 та ташкил этилган иш ўрни коллеж битирувчилари томонидан банд этилган. Ҳозирги вақтда тайёрлаётган маҳсулотимиз тури 20 тага етди. Уларни савдо дўконимизда сотишни йўлга қўйганмиз. Қолаверса, шартнома асосида болалар боғчаларига, қурилиш ташкилотларига маҳсулот етказиб бераяпмиз.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида туманда 286 та истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланган. Аҳамиятлиси, 2016 йилнинг биринчи ярмида умумий қиймати 12 миллиард 308 миллион сўмга баҳоланган 137 лойиҳа бўйича ишлар тугалланиб, натижада янги ишлаб чиқариш қувватлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди, эскирган корхоналар модернизация қилинди. Бу эса 550 га яқин кишини иш билан таъминлаш учун замин ҳозирлади.

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАДАНИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Чироқчи туманининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари кенг бўлса-да, мустақилликдан аввалги йилларда бу имкониятлардан ўз ўрнида фойдаланилмаганди. Аниқроғи, ҳудуд иқлими кўпроқ мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш, чорвачиликни равнақ топтириш учун мослигига қарамасдан туманда узоқ вақт пахта яккаҳокимлиги сақланиб қолди. Истиқлолдан сўнг аҳоли эҳтиёжлари инобатга олиниб, барча тармоқлар ривожлантирилди. Айниқса, Чироқчи тумани ҳар доим юртимиз буғдой хирмонига катта улуш қўшаяпти. Бунда фермерлар фаоллиги, ер билан ишлаш шаклларининг ўзгаргани, кам меҳнат ва ресурс сарф этиб, кўпроқ ҳосил олишга эришилаётгани муҳим омил бўлмоқда. 

Ўтган йили туманда 19 минг 98 тонна картошка, 46 минг 432 тонна сабзавот, 17 минг 28 тонна полиз маҳсулотлари, 8 минг 432 тонна мева, 8 минг 495 тонна узум, 33 минг 78 тонна гўшт, 125 минг 919 тонна сут, 45 миллион 770 минг дона тухум етиштирилгани соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Агар 1999 йил билан таққослайдиган бўлсак, ўсиш суръати бир неча баробарни ташкил этади. Тегишли даврда биргина мева етиштириш 8 баробардан кўпроқ ошгани бунга мисолдир.

- Қишлоқ тараққиёти кўп жиҳатдан фермерга ҳам боғлиқ, - дейди “Қуёшли юрт чорваси” фермер хўжалиги раиси Мерожхон Латипов. – Чунки биз самарали ишласак, тармоқларни кўпайтирсак, қишлоқ одамлари учун янги иш ўрни яратилади, ҳудуд обод бўлади. Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётгани ҳам шундан. Бу узоқни кўзлаб олиб борилаётган  сиёсат ўз мевасини бераяпти. Бизнинг фаолият ҳам кўп тармоқлидир. Пахтачилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик шулар жумласидан. 2015 йилда Украинадан 10 бош зотли қорамол олиб келгандик. Барчаси бузоқ берди. Яна четдан қорамол сотиб олишни мўлжаллаб турибмиз. Чорва бош сонини 60 тага етказамиз. Қолаверса, ҳозир 11 мингта товуқ боқаяпмиз. Ҳар куни ўртача 5-6 минг дона тухум оламиз. Ушбу маҳсулотга талаб ортган. Шуни ҳисобга олиб, товуқларни кўпайтирамиз. Балиқчиликда ҳам натижаларимиз яхши. Бугунги кунда хўжалигимизда 10 га яқин киши меҳнат қилаяпти. Ишчиларга моддий кўмак бериш доимо эътиборимизда.

Қайд этиш жоиз, Чироқчи туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти кўламини ошириш, бунинг учун мавжуд захиралардан унумли фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш борасида қилинаётган ишлар диққатга сазовор. Хусусан, ташқи бозорда харидоргир саналган полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар, мева-сабзавот етиштириш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Айни вақтга қадар туман ҳудудидан 1 миллион 850 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Хорижга сотилган маҳсулотлар орасида қуритилган ва ҳўл мева, сабзавот, тарвуз асосий ўрин эгаллайди.

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР БАРҲАЁТ БЎЛСИН

Миллий ўзлигимизни теран англаш учун халқимизнинг тарихи, урф-одатларини яхши билишимиз, узоқ асрлардан бери сақланиб келаётган қадриятлардан хабардор бўлишимиз, кимларнинг авлоди эканимизни унутмаслигимиз лозим. Афсуски, шўро тузуми бор кучи билан бизни миллий ўзлигимиздан мосуво этишга, улуғ ўтмишимизга қора чаплашга уринди, қадриятларимизни топтади. Мустақиллик йилларида эса миллий қадриятлар ва урф-одатларимизни қайта тиклаш, буюк аждодларимиз сиймосини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳамиятлиси, Чироқчи туманида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Ҳудуд бахшилари достонлари, фольклор ансамбллари алёрларида шонли тарихимиз, фараҳбахш бугунимиз ва порлоқ келажагимиз куйга солинмоқда. Халқ бахшиси Шомурод бахшини бугун бутун эл танийди. “Чироқчи чироқлари” халқ этнографик ансамбли аъзолари эса ҳудудга хос лапару қўшиқлари билан эътиборга тушмоқда. Мазкур ансамбль яқинда Хоразмда бўлиб ўтган “Рақс сеҳри” фестивалида “Энг бетакрор либос” номинациясида ғолиб бўлди. Фольклор гуруҳи аъзолари ўтган йили туман марказида реконс-трукция қилинган маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошида фаолият юргизаяпти. Ансамблнинг ёш аъзолари сони кўпайиб бораётгани миллий қўшиқларга қизиқиш ортаётганидан   далолатдир.

- Марказимизда тасвирий санъат, миллий чолғу асбоблари, ижодкор ёшлар ва бошқа тўгараклар ишлаб турибди, - дейди марказ раҳбари Ойбек Эшонов. – Масканимиз доим одамлар билан гавжум. Қарийб 400 кишига мўлжалланган залимиз бор. Бу ерда концертлар уюштираяпмиз. Шунингдек, миллий каштачилик ва расм-лар кўргазмаси ташкил этдик. Кинотеатримизда кунига 3 маҳал фильм намойиш этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, марказ аҳоли мароқли ҳордиқ чиқарадиган жойга айланди.

ТЎЙЛАРИ КУРАШСИЗ ЎТМАЙДИГАН ЭЛ

Бугун Чироқчи туманида мактаб ёшидаги 30 минг бола спортнинг 17 тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. 90-йилларда 4 мингга яқин бола спортга жалб қилинган, холос. Ўшанда ҳудудда спортнинг 4 тури билан шуғулланиш учун шароит бор эди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида Чироқчи туманида ҳам кўплаб спорт иншоотлари бунёд этилди, спортга ошно тутиниш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Биргина мисол. Ўтган йили тумандаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янги биносини қуриш учун   2 миллиард 600 миллион сўмдан Ыкўпроқ маблағ йўналтирилди. Муассаса 70 турдаги спорт анжомлари билан таъминланди. Эндиликда мактаб тасарруфида 18х42 метр, 12х30 ва 12х24 метр ўлчамдаги ёпиқ спорт заллари мавжуд. Бу ерда ўқувчилар спортнинг футбол,  волейбол, баскетбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, бокс, дзюдо, белбоғли ва миллий кураш, шахмат каби турлари билан машғул бўлишмоқда. Уларга малакали мураббийлар сабоқ бераяпти. Иқтидорли ўқувчилар эса вилоят, республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритишаяпти.

- Шахматга қизиқишим жуда юқори, - дейди ушбу мактаб тарбияланувчиси Холида Номозова. – Шахматдаги комбинацион юришлар, ҳаяжонли лаҳзалар, ғолиблик нашидаси менга жуда ёқади. Жорий йилда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни олдим. Эндиликда шу йил декабрда Францияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраяпман. Устозим мен билан алоҳида ишлаяпти, камчиликларимни тушунтираяпти. Ушбу халқаро мусобақада ҳам юқори натижани қўлга киритишимга ишонаман.

Айтиш жоизки, Чироқчидан кўп полвонлар етишиб чиққан. Боиси, бу элнинг тўйлари сира курашсиз ўтмайди. Нафақат чироқчилик ўғил болалар, балки қизлар ҳам миллий курашимиз бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби бўлаётгани шундан.

ДИЛЛАРДА ХУШНУДЛИК, КЎЗЛАРДА ҚУВОНЧ

Тинчлик деганда кўпчилик урушларсиз, можароларсиз, осуда ҳаётни тушунади. Қисман шундай. Яна бир жиҳати ҳам борки, инсон оч ё касалманд, қўшниси нотинч бўлганда ҳам тўла осо-йишталикка эришдим деб айта олмайди. Қачонки турмуш фаровон, оила аъзолари, қон-қариндош, яқин таниш-билиш саломат, ризқи бутун, қўни-қўшни ҳам саодатли бўлса, ўшандагина тўкис тинчлик бўлади. Кўнгил хотиржам, келажакка ишонч бўлсагина кишига байрам, яхши кун татийди. Истиқлол туфайли юртимизда осойишталик, тинчлик ҳақиқий маънода қарор топди. Буни Чироқчи одамлари кўзидаги мамнунлик, юзидаги хурсандчиликдан ҳам билиш қийин эмас.

- Мамлакатимизда фаровонлик, тинчлик ҳукм сурмоқда,     бунинг учун шукрона айтиш зарур, - дейди чироқчилик Жамила Раҳматова. – Ҳеч нарсани ўйламасдан бугун ишга, ўқишга, меҳмонга бемалол бора оламиз. Сайру саёҳат қиламиз. Мароқли ҳордиқ чиқариш, турмуш ташвишларини бир зумга унутиш учун барча шароит муҳайё. Мана, ўтган йили туманимиздаги истироҳат боғи қайтадан чирой очди. Авваллари одам ўтишга қўрқадиган, кўримсиз жой эди. Бугун эса сўлим, чиройли гўшага айланди. Келиним ва набирам билан шу ерга дам олиш учун келдик. Уч нафар фарзандим бор. Худога шукур, 2 нафарини уйли-жойли қилдим. Энди набира катта қилаяпман. Кўриб турганингиз Озодбек набирам атиги икки ойлик бўлди. Кун салқин бўлгани учун уни ҳам боғ сайрига олиб чиқдик.

Дарҳақиқат, юртимизда аҳолининг кўнгилдагидек маданий ҳордиқ чиқариши учун зарур қулайликлар яратиб берилаяпти. Чироқчи туманидаги ушбу сўлим истироҳат боғи фикримизнинг исботидир. Қарийб 3 гектар майдонни эгаллаган мазкур боғда 2015 йилда катта кўламли ишлар амалга оширилди. Бугун истироҳат боғида 600 ўринли амфитеатр, мусиқали фаввора бор. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан бунёд этилган 2 та кафе, 1 та чойхона, 2 та суратхона,  сув ҳавзаси, ўрнатилган 15 дан ортиқ аттракцион аҳоли хизматида. Истироҳат боғида яратилган ажойиб муҳит, чиройли манзара кун ботаётганда беихтиёр барча ёшу қарини ўз оғушига чорлайверади. 

Бир сўз билан айтганда, бугун Чироқчида одамларнинг кайфияти кўтаринки, эртанги кунга ишончи баланд. Уларнинг сўзларида ҳам, дастурхон бошида айтган  дуоларида ҳам, лапар ва қўшиқларида ҳам шукроналик туйғуси мужассам. Шижоатли, қалби осмондай кенг, меҳнаткаш, юксак мақсад йўлида бир тан, бир жон бўлиб интилаётган бу элнинг эртаси янада порлоқ эканига асло шубҳа йўқ. Бинобарин чироқчиликлар истиқлол берган имкониятлардан куч олиб, бунёдкорлик ва яратувчанлик руҳи билан яшаяпти.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир Нарзиев олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!