Меню

Қашқадарё

03.08.2023 5843

“Чироқчи” ЭИЗда Жанубий кореялик ҳамкорлар билан EIPP дастури доирасида истиқболли лойиҳа бажарилади

Тақдимот

“Чироқчи” эркин-иқтисодий зонасида қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида хориждан импорт ҳажми камаяди, ички бозор талаби маҳаллий маҳсулот ҳисобига қондирилади, янги иш ўринлари яратилади, мамлакатимиз технологик қудрати ортади.

Бу ҳақда пойтахтдаги “Hilton” меҳмонхонасида мазкур лойиҳанинг якуний муҳокамаси чоғида сўз юритилди.

Тадбирда “яшил энергетика” Ўзбекистон энергетика хавфсизлигининг кафолати бўла оладиган истиқболли йўналиш экани қайд этилиб, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан бу борада ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича қизғин ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди. Жанубий кореялик ҳамкорлар билан EIPP (Economic lnnovation Partnership Rrogram) дастури доирасидаги қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳаси бунинг яққол мисоли сифатида эътироф этилди.

Мазкур лойиҳа доирасида Қарши шаҳридаги “Чироқчи” эркин-иқтисодий зонасида қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи янги корхона бунёд этилади. 2 гектар майдонда амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг қиймати 18 миллион долларни ташкил этиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300 мегаваттдан ортади, унинг рўёбга чиқарилиши эвазига 80 янги иш ўрни яратилади.

Ўтган ҳафтада лойиҳанинг дастлабки техник иқтисодий асоси ва лойиҳалаштириш ҳужжатларини тайёрлаш ишлари якунланди. Шу сабабли Тошкентда лойиҳалаш ишларининг якуний муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Мансур Хашимов, Корея Эксимбанки бош директори Ин Кю Чо, “DOHWA Engineering” компанияси лойиҳа директори Пак Кван Ён, “SDN” компанияси директори ўринбосари Чой Вуин ва лойиҳани амалга оширишдаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда якуний ҳисобот тақдимот шаклида намойиш этилди. Ушбу ҳисобот иштирокчилар томонидан чуқур таҳлил этилиб, семинарнинг асосий қисми лойиҳага оид қизғин савол-жавоблар тарзида  ўтди.

Тадбир якунида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси муқобил энергия манбалари соҳасига доир шу каби лойиҳалардан яна бир қанчасининг реализацияси устида иш олиб бораётгани айтиб ўтилди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, республика ҳукуматининг ўтган йил 21 сентябрдаги "Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш тўғрисида"ги қарорига биноан Қарши шаҳри Буюк Турон маҳалласида жойлашган "Чироқчи" ЭИЗда кластер усулида қуёш сув иситиш ускуналари, қуёш фотоэлектрик панеллари, электр энергиясини сақловчи аккумуляция тизимлари ҳамда бошқа ёрдамчи жиҳоз ва ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. "Solar cluster" деб номланган кластер иштирокчилари томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ҳам тасдиқланган. Бу рўйхатда 5 та маҳаллий корхона - “Sun-Нightech”, “MIR SOLAR”, “STANTOP ENERGY”, “OFTOBNUR SOLAR CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Nukuselektroapparat” қўшма корхонасининг умумий қиймати 38,7 миллион долларга тенг лойиҳалари жамланган бўлиб, сармоянинг тахминан 30 фоизи (11,6 миллион доллар) ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, қолгани (27,1 миллион доллар) банк кредитлари кўринишида ажратилиши кўзда тутилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!