Меню
Қашқадарё
ЧИҚИНДИНИ УТИЛИЗАЦИЯЛАШ ВА ҚАЙТА ИШЛАШНИНГ ЯХЛИТ ТИЗИМИ
Эътиборли жиҳати, вилоятимизда ҳам қаттиқ маиший чиқиндини утилизациялаш ва қайта ишлашнинг яхлит тизимини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бунда тадбиркорлик субъектлари алоҳида фаоллик кўрсатаяпти. Ўтган йили Қарши шаҳридаги “Қашқадарё эко транс” масъулияти чекланган жамияти бу йўналишда қиймати 5,2 миллион АҚШ долларига тенг истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус рағбатлантирилди. Тижорат банки тадбиркорга мазкур тармоқ ривожи учун молиявий кўмак берди.
250 мингдан зиёд истеъмолчи билан шартнома тузилди
Айтиш жоизки, ушбу тармоқ самарали ишлаши учун мунтазам зарур хомашё билан таъминлаб турилиши керак. Маиший чиқиндининг асосий етказиб берувчиси эса аҳоли ҳисобланади. Бу эса чиқиндини йиғиб олишнинг қулай тизимини йўлга қўйишни тақозо этади. Лойиҳа ташаббускори шуларни инобатга олиб, тегишли чораларни кўрди. Корхона машина парки чиқинди тўплаш учун керакли техника ва транспорт воситалари билан тўлдирилди. Тадбиркорлик субъекти ўз тасарруфидаги замонавий 44 техника ва транспортлар орқали Қарши шаҳри аҳолисига қониқарли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпти.
- Транспорт воситаларининг асосий қисмини юк ташувчи машиналар ташкил этади, - дейди корхона бош механиги Улуғбек Эрниёзов. – Машиналар юкхонасига 7 кубдан 18 кубгача чиқиндини олиши мумкин. Уларни бошқаришга малакали кадрлар жалб қилинди. Жорий йилдан аҳоли хонадонлари ва хўжалик юритувчи субъектлардан чиқиндини ташиб кетиш хизматини кўрсата бошладик. Ҳайдовчиларимиз эрта тонгдан ишга киришади. Ҳудудлар тақсимлаб олинган. Машиналарга GPS-навигаторлари ўрнатилган. Бу эса транспорт воситалари ҳаракатини онлайн кузатиш имконини беради. Хизматга чиқишдан олдин транспорт воситалари техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилаяпти.
Дарҳақиқат, бугунги кунда олд қисмига ушбу фирма номи туширилган чиқинди ташувчи транспорт воситаларини Қарши шаҳрида тез-тез кўриш мумкин. Албатта, уларнинг бу тахлит ишлаши корхонага фойда. Қолаверса, чиқинди узоқ вақт туриб қолмаслиги, атмосферага зарар етказмаслигидан истеъмолчилар ҳам манфаатдор.
“Қашқадарё эко транс” МЧЖ мутасаддиларининг билдиришича, фаолиятни ташкил этишдан аввал аҳоли ва юридик ташкилотлар билан ўзаро шартномалар тузилган. Айни пайтда мазкур корхона хизматидан фойдаланувчилар сони 250 минг нафардан ортган. Тегишли ҳисоб-китоблар асосида хизмат ҳақи аҳоли жон бошига 2,5 минг сўм, хўжалик юритувчи субъектлар учун 36 минг сўм этиб белгиланган. 62 нафар назоратчи жойларга чиқиб бевосита мижозлар билан иш олиб бораяпти. Кейинчалик хизмат кўрсатиш қамровини янада кенгайтириш, бошқа туманларда ҳам иш юритиш кўзда тутилган.
Келгуси фаолият учун захира
Корхона вакилларининг билдиришича, йиғиб олинган чиқиндини қайта ишлаш иккинчи босқичда амалга оширилади. Шу боис ҳозирча чиқиндилар белгиланган жойда жамланаяпти. Яъни, захира яратилаяпти. Бунинг учун зарур полигон шаҳардан, аҳоли яшаш манзилидан анча йироқда, Қарши тумани ҳудудида барпо этилди. Шу билан бирга бу ерда қайта ишлаб бўлмайдиган чиқиндиларни утилизация қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
- Чиқиндидан тайёр маҳсулот олишни кўзда тутувчи лойиҳамизнинг иккинчи босқичи доирасида ҳам ишларни бошлаб юборганмиз, - дейди корхона раҳбари Улуғбек Зиёдуллаев. – Шу мақсадда замонавий завод қуришга киришдик. Мазкур ишлаб чиқариш қуввати чиқинди полигонининг ёнида бўлишига эътибор қаратдик. Албатта, бу сарф-харажатни камайтириш имконини беради. Завод барпо этиш учун 30 гектар ер ажратилди. Зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд. Ўтган йили мажмуамизнинг саралаш цехини қуриб битказдик. Ушбу цех Хитойдан келтирилган энергиятежамкор линия билан жиҳозланди. Хорижлик мутахассислар кўмагида синов ишларини муваффақиятли амалга оширдик. Хомашёни саралаш жараёни конвейер усулида бажарилади. Аниқроқ айтганда, аввалига чиқинди лентага ташланади, йўлда қоғоз, шох-шабба ва пластик кабилар алоҳида-алоҳида ажратиб олинади. Охирида сараланган чиқинди прессланади ва қайта ишлашга жўнатилади.
Корхона раҳбарининг сўзларига қараганда, заводнинг ишлаб чиқариш цехлари қурилиши йил якунига қадар тугалланади. Бу ерда 5 хил маҳсулот тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, шох-шабба ва хазонга кўмир қўшиб, брикет ҳосил қилинади. Шунингдек, қурилиш чиқиндисидан шлакоблок, макулатурадан картон қоғоз, резина маҳсулот ва шинадан пиролиз, яъни суюқ ёқилғи, пластик идишлардан синтефон – синтетик тола ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда истеъмол бозорида ушбу маҳсулотларга талаб юқори эканини айтиш ўринлидир.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир Нарзиев олган.