Меню
Қашқадарё
ЧИҚИНДИНИ УЛОҚТИРИШГА ШОШИЛМАНГ!
Аслида бугунги кунга келиб, барчамиз “иккиламчи қайта ишлаш” деган тушунча билан озми-кўпми, танишмиз. Чунки ён-веримизда қайсидир тадбиркор шу иш билан шуғулланаяпти. Телевизор-радио ёки газеталарда ишбилармонликнинг шундай тури билан машғул кишилар ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилади. Масалан, яқиндагина хитойликлар ишдан чиққан самолётни қулай ресторанга айлантиришгани ва бу емакхонага ташриф буюрган мижозларга айнан самода, яъни ҳаво кемасидаги парвоз чоғида тортиладиган таомлар таклиф этилиши ҳақидаги янгилик дунё аҳлининг эътирофига сазовор бўлди.
Иккиламчи қайта ишлаш куни байрам сифатида 1997 йилдан буён нишонланади. Ўша йили АҚШ фуқаролари илк марта America Recycles Day – америкаликларнинг рециклинг, яъни чиқиндини қайта ишлаш кунини байрам қилишган. Бунга эса мамлакат экологларининг атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш, иккиламчи қайта ишлаш ҳисобига маҳсулотлар таннархини пасайтиришга эришиш ҳамда одамларда экологик маданиятни шакллантиришга қаратилган ҳаракатлари сабаб бўлди. Бу билан улар айни шу масалаларга ҳукумат эътиборини тортишга уриндилар. Экологлар фикрича, чиқиндини билиб-англаб, эҳтиёткорлик билан утилизация қилиш керак, аммо уни қайта ишлаб, яроқсиз ҳолга келган маҳсулотга яна ишлов бериш янада фойдалироқ. Кейинчалик бу ҳаракат дунёнинг бошқа давлатларига ҳам тарқалди ва бугунги кунда Халқаро иккиламчи қайта ишлаш куни жаҳоннинг саноати ривожланган давлатлари – Англия, Россия, Швейцария, Франция кабиларда байрам қилинади ва бу тадбирга кенг жамоатчилик вакиллари – ўқитувчилар, талаба ва мактаб ўқувчилари, табиатшунослар, қайта ишлаш билан шуғулланадиган тадбиркорлар жалб этилади. Шу куни йирик шаҳарларда иккиламчи хомашёдан ишланган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилиб, бу усулнинг аҳамияти ҳақида маърузалар ўқилади, акциялар ўтказилади ва хайрия концертлари уюштирилади. Семинарларда эса бир йил ичида (байрамдан байрамгача) аҳоли томонидан тўпланган пластик идишлар ҳисобига қанча маҳсулот ишлаб чиқарилгани ҳақида маълумот берилади, шунингдек, битта самолёт ясаш учун нечта алюминий банка керак бўлиши, ортиқча қоғозни нима қилиш мумкинлиги каби мавзуларда қизиқарли тавсиялар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинади.
Албатта, чиқиндини қайта ишлаш орқали кўпгина муаммоларнинг олди олиниши мутахассислар томонидан аллақачон исботланган. Атмосферанинг ифлосланиши, атроф-муҳит мусаффолигига путур етказадиган омиллардан бири айнан маиший чиқинди эканлиги маълум. Кейинги икки асрда дунё уммони сувининг ифлосланиш даражаси кескин ортишига ҳам маиший чиқиндининг мўл-кўл чиқарилиши сабаб бўлди. Қолаверса, маиший чиқинди қуш ва жониворлар орасида касаллик тарқалиши, натижада эса ўрмонлар, дарё экологик муҳитининг бузилишига олиб келди. Бу каби қатор муаммоларнинг олдини олиш учун чиқиндини камайтириш, маҳсулотларни билиб-тежаб ишлатиш, уни иккиламчи хомашё сифатида керакли жойга топшириш кифоя. Аввало, ҳар бир киши экологик маданиятга эга бўлиши, онгли равишда чиқиндига тўғри муносабатда бўлмоғи лозим. Ўйлаб кўринг: биргина полиэтиленнинг бутунлай чириб, тупроққа сингиб кетиши учун камида 500 йил керак бўлади. Полимер маҳсулотларининг утилизация жараёнида куйдирилиши натижасида эса ҳавога заҳарли модда ажралиб чиқади. Бу эса табиийки, атмосфера софлиги ҳамда инсон саломатлигига катта зарардир.
Дунёнинг қатор ривожланган, шу билан бирга, энг ифлосланган экомуҳитли давлатларида чиқиндидан келадиган зарарни камайтириш учун бир қанча тадбирлар амалга оширилади. Масалан, АҚШнинг Сиэтл шаҳрида пластик бутилка, яъни “баклашка”да сув сотиш тақиқланган. Буюк Британияда эса аҳоли қайта ишлаш мумкин бўлган маҳсулотдан тайёрланган пакетлардан фойдаланмоқда. Бир неча йил олдин Девон графлигида яшовчи тадбиркор Ребекка Хоккинг 43 та дўкон эгасини бир марталик пакетлардан воз кечиб, ўз мижозлари учун яроқлилик муддати узоқроқ бўлган матодан тикилган сумкаларни сотиб олишга кўндирди. Ҳукумат эса тадбиркорлар ва дўкондорларни маҳсулот солиб бериладиган полиэтилен пакетларни қоғоз халтачаларга алмаштиришга чақирди. Тайванда полиэтилен халтачалардан воз кечилганига анча бўлган: 2003 йилдан бери харидор дўконга матодан тикилган халта олиб боради.
Ўзбекистонда ҳам чиқиндини қайта ишлаш билан шуғулланадиган қатор корхоналар ишлаб турибди. Биргина мисол, вилоятимизнинг Шаҳрисабз туманида фаолият кўрсатаётган “Аҳмедов Актам Бухорович” МЧЖ цехи бундан тўрт йилча аввал ишга туширилган бўлиб, корхона учун кераксиз қоғоз чиқиндилари хомашё вазифасини ўтайди. Уларни замонавий технология ёрдамида иккиламчи қайта ишлаш орқали сифатли картон ҳамда қоғоз қадоқлар ишлаб чиқарилаяпти. Эътиборли жиҳати, цехда ортиқча чиқит чиқишига йўл қўйилмайди: иш жараёнида ортган қийқим қоғозлар яна қайта ишланади. Бу каби усул ҳам тадбиркорга наф, ҳам экологияга фойдали. Асосий харидор саналган ёғ-мой ва озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар эса арзон таннархга эга маҳсулот сотиб олиш имконидан мамнун.
Албатта, ҳали бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар анчагина. Энг кераги эса одамларда бу борадаги билимни ошириш, экологик маданиятни шакллантириш, атроф-муҳитга тўғри муносабатда бўлишга ўргатишдир. Шундагина ҳар бир шахс иккиламчи қайта ишлашнинг аҳамиятини тушуниб етади.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.