Меню

Қашқадарё

23.11.2023 5978

Чиқиндини тўғри келган жойга улоқтириб кетаётганлар жаримага тортилаяпти

Жамият ва биз

Қарши шаҳрида Миллий гвардия хизматчилари тўрт кунда ўттиз нафардан ортиқ фуқарони белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жаримага тортишди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати орқали тақдим этилган маълумотларга кўра, 17-20 ноябрь кунлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими ходимлари томонидан жойларда олиб борилган одатий назорат тадбирлари доирасида 32 нафар фуқарога нисбатан белгиланмаган нуқталарга чиқинди ташлагани учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Мисол учун, 1994 йилда Кўкдала туманида туғилган Ғ.Ш. "Ерқўрғон" деҳқон (озиқ-овқат) бозори ҳудудида юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 990 минг сўм жаримага тортилган.

1996 йилда Қарши шаҳрида туғилган фуқаро Б.Б. эса Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудида белгиланмаган жойга чиқинди ташлагани учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 330 минг сўм жарима ёзилган.

Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлагани учун хизматдаги Миллий гвардия ходимлари эътиборини ўзига тортган қолган 30 нафар фуқаро ҳам айнан бозорлар ёки истироҳат боғлари ва сайргоҳлар ҳудудида аниқланган ҳамда уларга тегишли тартибда 330 минг сўмдан 990 минг сўмгача миқдорда жарима солинган.    

Манба энди ушбу йўналишдаги назорат тадбирлари мунтазамлик асосида давом эттирилишини маълум қилган ва барчани атроф-муҳит ободлигига ҳисса қўшишга чақирган.  

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 911-моддасига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш:

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахслар эса  йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонларига жойлаштирилиши керак бўлган чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш:

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинади.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!