Меню

Қашқадарё

18.08.2020 1377

ЧИҚИНДИ ТАШИБ КЕТИЛИШИ УЧУН ДОИМ ТАНҚИД ЧИҚИБ ТУРИШИ КЕРАКМИ?

Бир неча кун олдин Қарши шаҳар ҳокимлигининг телеграмдаги расмий каналида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Геолог маҳалласи Насаф кўчасидаги 10 "А" ва 12-уйлар олдида тўпланиб қолган чиқинди хунук манзара ҳосил қилиб, бадбўй ҳид таратаётганига эътибор қаратгани, ушбу муаммо ўша куннинг ўзида ҳал этилиб, ободонлаштириш ходимлари томонидан кўча тозалангани ҳамда чиқиндилар техника ёрдамида олиб чиқиб кетилгани ҳақида маълум қилинди.

Албатта, бу яхши. Аввало, мурожаатга эътибор қаратилгани, кейин муаммо тезликда ҳал этилгани билан.

Аммо бундай усул билан узоққа бориб бўлмайди. Нега дейсизми?

Ўша айтилган кўчани ва уйларни яхши биламиз. Чиқинди босмаган, қўланса анқимаган бирор кун йўқ у ерда. Шундай бўлса-да, шу ерда яшовчилар кичик бир ҳашар уюштириб, "мусор" тўкиладиган жойни тартибга келтириш, обод қилиб қўйиш аҳдига келганининг гувоҳи бўлганимизча йўқ. Чиқиндини улоқтиради, кетаверади. Керак бўлса, тозалашади, деб ўйлашса керак-да. Чиқинди ташиб кетилгани билан кун ўтмай яна ўша аҳвол: эски ҳаммом, эски тос...

Демак, бу ердаги ва кўплаб жойлардаги чиқиндини "сигнал" усулида ташиб кетишни тизимли йўлга қўйиш керак. Контейнер тўлдими, ташувчи чақирилиши ва пули тўланиб, чиқинди олиб кетилиши, аҳоли ҳам, ташиб кетувчи ҳам бундан кўриладиган фойдани аниқ ҳис қилиши зарур.

Ижтимоий тармоқда қачон танқид чиқса, ё биров мурожаат қилишини кутиб ўтираверсак ёки ишни доим шунга қараб ташкиллаштирсак, бундан наф чиқмайди. Аксинча, бундан фақат ютқазиш мумкин, холос. Аҳоли қўлансадан азият чекса, ободонлаштириш ходимлари танқиддан кейин кўрсатган текин хизматдан зарар кўради. Ишлар доимий бўлса, ободонлаштириш хизматидагиларга тушум ҳам яхши бўлади. Буниси аниқ...

НАСРИДДИН 

БОБУРБЕК олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!