Меню

Қашқадарё

12.02.2021 1870

ЧИҒАТОЙ СУЛТОНЛАРИНИНГ ЭНГ САРАСИ ВА ЗЎР ШИЖОАТЛИСИ

Сараланган сатрлар

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида кўплаб китоблар ёзилган, ёзилмоқда. Улар орасида илмийлари билан бирга бадиийлари ҳам талайгина. Қуйида эътиборингизга буюк ватандошимиз ҳақидаги бир неча асарлардан лавҳаларни ҳавола этаяпмизки, улар шу кунларда таваллудининг 538 йиллиги кенг нишонланаётган Бобур сийрати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш баробарида бундан беш аср аввалги воқеликларни борича баён этиши, қизиқ ҳодисалар хусусида дарак бериши билан аҳамиятлидир.

Ҳасанхўжа Нисорий. "Музаккири аҳбоб"

Нисорий 1516-1597 йилларда яшаган бўлиб, "Музаккири аҳбоб" (Дўстлар ёдномаси) тазкирасида XVI асрда Мовароуннаҳр, Афғонистон, Эрон, Туркия, Шарқий Туркистон ва Ҳиндистонда яшаган 288 шоир ҳақидаги маълумотлар жой олган.

(Бобур) Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди. Шамшир зарби билан Мовароуннаҳр мамлакатларига эга бўлиб, уни сақлаб қолишда кўп саъй-ҳаракатлар ва жонини аямасдан жаҳду жадаллар кўрсатди. Мардона тўқнашувлар қилди, аммо, тақдир ўқига тадбир қалқони дош бера олмагач, бирор натижа чиқара олмади.

* * *

Ҳинд халқининг ақидаларидан бири шулким, мамлакат подшоҳи Кобулни ҳам олмагунча, у Ҳинд юртига лойиқ эмас, деб топилади. Бобур подшоҳ бир неча муддат ўша Ҳинд мамлакатининг салтанат тахтида мутамаккин бўлди. Кимки жаҳонпаноҳ даргоҳига илтижо қилган бўлса, подшоҳнинг инъомидан баҳраманд бўлди ва фазл дастурхони неъматидан қуруқ қолмади.

* * *

Бобур подшоҳнинг фазилатлари бисёр ва камолотлари бешумордир. Аруз бўйича ёзган рисоласи бир денгиздурким, ичи тўла жавоҳиру дурдона, фиқҳ масалаларини дағи бир рисолада мубайян қилганким, ёзғувчиси донишмандлигидан бир нишона: - туркий ва форсийда яхши шеърлари бор. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи "Мубайян"дир.

Жавоҳарлаъл Неру. "Ҳиндистоннинг кашф этилиши", "Жаҳон тарихига бир назар"

Ҳиндистон давлат, сиёсий ва жамоат арбоби Жавоҳарлаъл Неру (1889-1964) ўз юртида бир неча юз йилликлар давомида ҳукмронлик қилган Бобурийларга қизиқмаслиги мумкин эмасди.

Акбар Ҳиндистондаги империя ривожида катта ўрин тутган мўғуллар сулоласининг учинчи султони эди. Унинг бобоси (Бобур) 1526 йилда Деҳлини забт этган бўлишига қарамай, бу юртда ўзини доим бегонадай ҳис этар ва ростдан ҳам, ҳинд эли у учун бегона эди. У шимолдан бостириб кириб келди, ўша ёқда, Ўрта Осиёда бу вақтда темурийлар маданияти гуллаб-яшнаётган ва Эроннинг маданий-маърифий ҳаётига кучли таъсир ўтказаётганди. Бобурга ўзи кўниккан дўстона муҳит, Эрон ва Бағдоддан келтирилган фазилатли анжомлар насиб этмади. У шимолий тоғларнинг қорли юксакликларида бетиним кезди, Фарғонанинг ажойиб неъматларини жуда соғинди. У ҳинд юртидаги таассуротлари ҳақида сўзлаб айтгандики, "Латофатеким, Ҳиндустонда бор - улук вилоятдур…"

* * *

Бобур Ҳиндистонда жуда кам нарса кўрди, унга ёқтирмай муносабатда бўлганликлари туфайли кўп нарсаларни эътиборсиз қолдирди. У бизга асосан Шимолий Ҳиндистон маданиятининг инқирози ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу инқироз қисман Темур келтирган талафотлар, қисман қўли гул усталар, олимлар ва санъат аҳлининг жанубга нажот истаб қочиб кетганликлари туфайли содир бўлди. Бу эса ҳинд халқи ижодий қудрати юз тутган ҳалокат ҳақида ҳам гувоҳлик беради. Бобур мамлакатда қўли гул ҳунармандлар ва тадбиркор кишилар етарли, аммо ижодкорлик ҳамда кашфиётчилик руҳи мискин эди, деб хабар беради. Шу туфайли Ҳиндистон, ҳашаматли, дабдабали турмуш тарзи даражасига кўра Эрондан анча ортда қолди. Бу ҳол, балки, шундай ҳаёт кечиришга табиатан қизиқмасликдан ёки кейинги фожиали воқеалар оқибатидан келиб чиққанми, билмадим.

* * *

Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди.

* * *

Мен сенга Бобур ҳақида баъзи нарсаларни айтиб берган эдим (изоҳ - "Жаҳон тарихига бир назар" китобини Неру турмада, қизига бағишлаб ёзган эди). Унинг аждодлари тўғридан-тўғри Темурга ва Чингизхонга бориб тақалади. У муайян даражада ана шу фотиҳларнинг қудратини ва ҳарбий истеъдодини ўзида мужассам этганди. Бу вақтда мўғуллар Чингиз даврига нисбатан анча тараққий этган. Бобур ҳам энг фасоҳатли ва ориф кишилар сирасига мансуб эди. У диний мазҳабларга мутаассибларча берилишдан холи эди, санъатга, адабиётга ихлос қўйган, ўзи ҳам форсий тилда назм битарди. Гуллару боғларни севар, жазирама Ҳиндистонда туриб, ўзининг Ўрта Осиёда қолган пурлатофат ватанини кўп бор ёдга оларди. "…Тамом боғлари рудқа мушрифтур, бинафшаси бисёр латиф бўлур. Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лола ва гуллар очилур…" деб ёзганди у ўз эсдаликларида.

* * *

Бобур Самарқанд тахтини эгаллаганида бор-йўғи ўн бир яшар ўспирин эди. Сенинг юртдошларинг бу ёшда мактабга боришади. Султонлик эса мушкул вазифа. Ҳар тарафдан уни душманлар қуршаб олганди. Унга шу ёшида муҳораба майдонларида от суришга, жанг-жадал қиличини тутишга тўғри келди. Тахтини йўқотиб, ўзининг долғали умр йўлидаги жуда кўп саргузаштларни бошидан кечириб, яна қайтиб олди. Шунда ҳам назму наво, санъат билан ошнолигини қўймади. Кобулни фатҳ этгандан сўнг, Ҳинд тоғлари орқали Ҳиндистонга кириб келди. Қўшини оз сонли бўлса-да, у ўша вақтларда Оврўпо ва Ғарбий Осиёда урф бўлаётган ўточар қуролларга эга эди.

* * *

Жанг қилишга ботинган афғон ҳоқонининг беҳисоб лашкари унинг музаффар қўшини томонидан узил-кесил тор-мор этилгач, Бобур ғолиблик тожини кийди. Бироқ бу билан унинг машаққатлари ниҳоя топмади, зеро, тақдирнинг унга атаб ҳозирлаб қўйган ўйинлари кўп эди. Хавф таҳдид солганда, саркардалар шимолга чекинмоқни маслаҳат бердилар, бироқ Бобур ўжар эди, айтдики, ўлимга-да юзма-юз борурмиз, билъакс чекинмасмиз. У чоғирни яхши кўрарди. Ушбу хатарли вазиятда чоғир нўш этмакни ҳам тарк қилишга азм айлади, барча хумларни кунпаякун қилишга буйруқ берди. Ниҳоят, ғалаба қуши яна унинг бошига қўнди. Бобур эса аҳдида қаттиқ турди.

* * *

Бобур қолдирган эсдаликлар бу зотнинг ички дунёсига назар ташлашга ёрдам беради. У бизга Ҳиндистоннинг ҳайвонот олами, набототи, мевалари ва кишилари, ҳатто қурбақалари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Шунингдек, ўзининг олис юртидаги ажойиб қовунлар, узумлар ва гуллар ҳақида ёзади. Унинг сўзларига кўра, бу юртда унга хайрихоҳ ҳеч ким, ҳеч нарса йўқ… Балки тўрт йиллик уруш давомида Бобур халқнинг ҳаётини етарлича яхши ўргангандир? Ёки, эҳтимол, бегона киши учун аҳолининг турмушини тушуниш, англаб етиш қийин кечгандир? Лекин ҳаётнинг маданиятлироқ қатламларига мансуб кишилар янги ҳукмдор билан мулоқотга киришишдан қочдилар. Нима бўлганда ҳам у бир қанча вақтдан бери ҳукмронлик қилаётган афғонлардан ҳам, ерли халқ ичидан ҳам муносиб кишиларни тополмади. Бобур жуда кузатувчан, таъсирчан зот эди. У кириб келган вақтда Шимолий Ҳиндистон заволга юз бурганди.

* * *

Бобур 1530 йилда, 49 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида эл оғзида машҳур бир ҳикоят юради. Фарзанди Ҳумоюн хасталаниб ётиб қолганда у, азбаройи муҳаббати зўрлиги туфайли ўз ҳаётидан кечиб, Ҳумоюнга бағишлаган экан. Айтадиларки, Ҳумоюн соғайиб кетибди, Бобур эса бир неча кундан сўнг қазо қилибди.

Бобурнинг муборак жасади Кобулга олиб келинган ва ҳаётлик чоғида севган боғига дафн этилган. Ниҳоят, у ўзи орзулаган гулларга… шу тариқа етишди.

Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. "Тарихи Рашидий"

Бобурнинг холаваччаси, Мовароуннаҳрда таваллуд топиб, Ҳинд диёрида вафот этиш қисматига битилган Мирзо Муҳаммад Ҳайдар қаламига мансуб "Тарихи Рашидий" асарида ҳам шоҳ ва шоир оламига чизгиларни кўрамиз.

...мен кўп муддатларни Кобулда подшоҳ Бобурнинг мулозаматида фароғат ва осойишталикда ўтказдим. У доимо яхши муомала, очиқ кўнгил ҳамда қатъийлик ва талабчанлик билан мени илмлар касб этишга ундарди. Агар менинг андак илм эгаллаганимни пайқаса, менга нисбатан ўз илтифотини янада зиёдароқ этишга интилар ва бу ҳақда барчага гапириб, таҳсин айтишни талаб қиларди. Ўша муддат давомида у мен билан шу қадар меҳр-шафқат ила муносабатда бўлдики, фақат мушфиқ ва меҳрибон ота-оналаргина ўз фарзандларига нисбатан шундай қиладилар. Подшоҳнинг лутф-иноятлари туфайли қайғу ва кулфат кунларидан иборат қийинчиликлар даври унутилиб кетди.

* * *

…У турли фазилатлар билан безанган ва мақтовли хислатларга эга бўлган бир подшоҳ эди. Ушбу барча фазилатларидан шижоат ва муруввати устун турарди. Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас.

* * *

Унинг ҳаётида ажойиб воқеалар ва ғаройиб кечмишлар содир бўлдики, унинг абнойи жинсидан ҳеч кимнинг чекига бунчалик кўп кечмиш тушмаганди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!