Меню
Қашқадарё
ЧЕТДАН ВАҚТИНЧА ОЛИБ КИРИЛАЁТГАН ТОВАРЛАР
Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 июнда тегишли қарори қабул қилинди ва унга биноан вақтинча олиб кирилаётган товарларга нисбатан божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод қилиш шартлари ва имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари белгиланди.
Божхона кодексининг 61-моддасига асосан вақтинча олиб кириш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, қуйидаги товарлар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин эмас:
Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган товарлар;
чиқиндилар;
электр энергияси, сув, қувурлар орқали етказиб бериладиган товарлар (нефть, газ), шунингдек ёқилғи;
сарф қилинадиган материаллар ва сарф қилинадиган намуналар, хомашё, ярим тайёр маҳсулотлар;
Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан олиб кириладиган автотранспорт воситалари, бундан халқаро юк ташишни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар мустасно.
Қуйидагилар эса тасдиқланган рўйхатга мувофиқ, автотранспорт воситаларини вақтинча олиб киришлари мумкин:
Ўзбекистон ҳудудида чет эл давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналар – бир ходимга 1 автовосита;
Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик агентлари ва маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шахсий фойдаланиш учун – ваколатхонанинг бир ходими ва унинг вояга етган оила аъзосига 1 автовоситадан, бироқ оила учун 2 автовоситадан кўп эмас.
Чет эл оммавий ахборот воситаларининг аккредитацияланган мухбирлари ва мухбирлик пунктлари ўз эҳтиёжлари учун – ҳар бир аккредитацияланган мухбир ва чет эл давлати мухбирлик пунктининг ходими учун 1 автотранспорт воситаси.
Автотранспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келишга миқдорий чеклашлар Ўзбекистон Республикасининг эришилган аҳдлашувларидан келиб чиқиб, шунингдек, тенглик шартларида ёки инсонпарварлик лойиҳаларини ва техник кўмаклашиш лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзгартирилиши мумкин. Миқдорий чекловни ўзгартириш тўғрисидаги қарор, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилган ҳолда, аккредитация бўйича ваколатли органнинг биринчи раҳбари томонидан қабул қилинади.
Чет эллик жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда вақтинча олиб кирилган транспорт воситаси божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами тўқсон календарь кунидан ошмаслиги лозим.
Бундан ташқари, хорижий давлатлар дипломатик ва консуллик ваколатхоналарининг ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун мўлжалланган, шунингдек ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик агентлари ҳамда маъмурий-техник ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаганлар ва уларнинг оила аъзолари томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган товарлар вақтинчалик четдан олиб келинган ҳолларда божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилинади.
Шунингдек, кўргазмалар, ярмаркалар, халқаро учрашувларда ва шунга ўхшаш бошқа тадбирларда намойиш қилишга мўлжалланган товарлар (четдан олиб келинган товарларни сотиш мақсадида ўтказиладиган ишлаб чиқариш фаолияти ёки бошқа тижорат фаолияти амалга ошириладиган жойлардаги кўргазмалардан ташқари), шунингдек, ушбу тадбирларда фойдаланиш учун мўлжалланган ёрдамчи асбоб-ускуналар ва материаллар ҳам четдан мамлакатимиз ҳудудига вақтинча олиб кирилаётганда юқорида кўрсатилган имтиёзларга эга.
Хорижий шахслар томонидан олиб келинадиган реклама материаллари (каталоглар, прейскурантлар ва тижорат проспектлари, моделлар, плакатлар, планшетлар, рисолалар) агар ҳар бир олувчи учун ушбу материаллар 2 нусхадан ортиқ олиб келинмаса ёхуд уларнинг умумий брутто оғирлиги 50 килограммдан ортиқ бўлмаса, шу билан бирга, реклама фильмлари, шунингдек товарларнинг хоссалари ёки вазифасини очиб берувчи реклама учун мўлжалланган компьютерда ташиладиган ахборот – агар ушбу фильмлар ва ахборот ташувчилар хорижий шахснинг мулки бўлиб қолса, хорижий шахс томонидан таклиф этилаётган хорижий товарларга тегишли бўлса, фақат товарларнинг эҳтимол тутилган сотиб олувчиларига кўрсатиш учун мўлжалланган бўлса, бир нусхада олиб келинса ва улардан фойдаланиш даромад олиш мақсадини кўзламаса, уларга нисбатан ҳам божхона имтиёзлари қўлланилади.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудига четдан вақтинча олиб кирилган 242 партиядаги товар ва транспорт воситаларига 84 миллиард 278 миллион сўмдан зиёд божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.
Умуман олганда, бу борадаги тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни қулай ва соддалаштирилган механизм асосида амалга ошириш имконини беради.
Собир ХОЛМУРОДОВ, вилоят божхона бошқармаси катта инспектори