Меню
Қашқадарё
ЧЕТ ЭЛЛИК САЙЁҲЛАРНИ ЎЗИГА ХОСЛИК ҚИЗИҚТИРАДИ
Шу боис мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш борасида жадал ҳаракат кетмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан туризм ривожига қаратилган бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларда ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида кенг тарғибот қилиш борасида қатор вазифалар белгиланган.
Маълумки, вилоятимизнинг ҳам туристик хизмат кўрсатиш йўналишида имкониятлари жуда кенг, зарур инфратузилма яратилмоқда. Воҳамиз ҳудудида кўплаб тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Туризмнинг зиёрат, экологик саёҳат, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, қишлоқ хўжалиги, ишбилармонлик каби турларини янада ривожлантиришга шароит мавжуд. Бу эса маҳаллий тадбиркорларга жуда қўл келаяпти. Соҳада иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган имкониятлар кўпайгани ҳам олдинга силжишга хизмат қилаяпти.
– Биргина Китобда 6 та йирик муқаддас қадамжо, 235 та маданий ёдгорликлар бор, - дейди “Китоб сайёҳ” хусусий корхонаси мулкдори Аҳад Бердиев. - Ҳудуд қадимдан ширин-шакар мева ва узумлари билан танилган. Бу ерда миллий ҳунармандчилик ҳам ўзига хос ривожланиш йўлига эга. Хуллас, кўришга арзирли жойлар кўп. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, биз ҳам 2016 йилда туманимизда меҳмонларни жойлаштириш хизматини ташкил этдик. 20 сотих ер олиб, ўтовлар қурдик. Биламиз, қадимда ота-боболаримиз ана шундай жойларда яшашган, булар бизнинг ўлмас қадриятларимиздир. Уларга сайёҳлар ҳам жуда қизиқади. Хорижликларнинг эътиборини замонавийлик, ҳашамдорлик эмас, балки шу нарсалар ўзига тортади. Ҳозирда ўтовлар сони 6 тага етди. Уларни жиҳозлашда асосан миллийликни сақлашга урғу бердик. Ҳар бир ўтовда 4 нафаргача меҳмон ором олиши мумкин. Бундан ташқари, овқатланиш, ювиниш хоналарини ҳам ташкил этганмиз. Уларда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, меҳмонлар хавфсизлиги таъминланиши эътиборга олинган. Бу лойиҳамизни рўёбга чиқариш учун 100 миллион сўмдан ошиқ маблағ сарф этдик. Аллақачон даромад олишни ҳам бошладик.
Тадбиркорнинг айтишича, корхонада туристик операторлик фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этилмоқда. Ўтган йили 400 нафарга яқин сайёҳ корхона хизматларидан фойдаланган бўлса, асосий қисми чет эл фуқароларидир. Бу ерда туристлар қисқа муддат яшаб, йўналиш жўғрофиясидан ўрин олган Шаҳрисабз шаҳрининг маданий-тарихий объектлари билан танишиш, Китоб кенглик станциясида телескоп орқали юлдузларни томоша қилиш, шунингдек, Суқар, Аёқчи ва Қайнар каби фусункор тоғли ҳудудларга экскурсия уюштириш имкониятига эга бўлади.
Мутахассисларнинг билдиришича, туризмнинг бу турида анъанавий ҳордиқ чиқариш ёки маиший қулайликлар у қадар муҳим ҳисобланмайди.
- Шу билан бирга, айни пайтда фирмамиз транспорт, экскурсия, овқатланиш ва гидлик хизматларини кўрсатаяпти, - дейди ишбилармон. – Замонавий меҳмонхона қуриб фойдаланишга топшириш арафасидамиз. Мазкур муассасамиз 25 ўринга мўлжалланган. Албатта, бу йўналиш ҳам биз учун даромадли тармоққа айланади. Шунингдек, Аёқчи ва Қайнар қишлоқларида уй-меҳмонхоналар ташкил этдик. Улардан экологик туризм доирасида фойдаланамиз. Зиёрат туризми йўналишида ҳам кўплаб режалар туздик, янги туристик маршрутларни ташкил этишни мўлжаллаб турибмиз.
Айтиш жоизки, туризм ривожи бошқа соҳалар тараққиёти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Иқтисодиётимизнинг ушбу тармоғи салоҳиятидан унумли фойдалансак, транспорт, миллий ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, умумий овқатланиш каби кўплаб соҳаларда ҳам жиддий ўсишга эришилади. Асосийси, сайёҳликка устувор эътибор қаратиб, кўплаб кишиларни иш билан таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига шароит яратилади.
М.ШУҲРАТОВ
Собир Нарзиев олган суратлар.