Меню
Қашқадарё
Чет элга 55,8 минг тонна мева-сабзавот сотилган
Салоҳият
Шу йилнинг саккиз ойи давомида Қашқадарёдан жаҳоннинг турли мамлакатларига 10,8 миллион долларлик ўрик, 2,7 миллион долларлик узум, 2,1 миллион долларлик қовун ва тарвуз, 1,7 миллион долларлик карам, 1,4 миллион долларлик пиёз ҳамда бошқа мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари экспорт қилинди.
Бу ҳақда вилоят статистика бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими томонидан тайёрланган пресс-релизда маълум қилинмоқда. Унда қайд этилишича, 2020 йилнинг январь-август ойларида чет эллик буюртмачиларга вилоятимиздан умумий қиймати 28,9 миллион долларга яқин 55,8 минг тонна маҳсулот, жумладан, 11,6 миллион долларлик 24,8 минг тонна сабзавот ва 17,3 миллион долларлик 31 минг тонна мева ва резаворлар сотилган.
Мева-сабзавотларнинг асосий қисми Қозоғистон (13,2 миллион доллар), Россия (7,6 миллион доллар), Қирғиз Республикаси (2,9 миллион доллар), Афғонистон (2,4 миллион доллар) ва Покистон (2,1 миллион доллар)га экспорт қилинган. Шунингдек, бу турдаги маҳсулотларимизнинг харидорлари орасида Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ироқ, Ҳиндистон, Латвия, Туркия, Беларусь Республикаси, Украина, Эрон, Молдова ва Польшанинг фирма ва компаниялари ҳам бор.
Ўз мухбиримиз