Меню
Қашқадарё
ЧЕККА ҲУДУДДА ЗАМОНАВИЙ СПОРТ МАЖМУАСИ
Хизмат кўрсатиш
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг аксарият қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Ҳатто, авваллари деярли давлат қамровида бўлган спорт-соғломлаштириш соҳасида ҳам тадбиркорлар улуши ошиб бормоқда.
Натижада чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт комплекслари сони кўпайиб, аҳолининг мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Ана шундай замонавий мажмуалардан бири Қамаши туманининг Зафар маҳалласида ҳам бунёд этилди.
Тадбиркор Анвар Алишеров томонидан барпо этилган ушбу замонавий спорт комплексида аҳолининг бир қатор спорт турлари билан шуғулланиши ҳамда дам олиши учун имконият яратилган.
- Мажмуани барпо этиш учун 1,5 миллиард сўм сарфладик, - дейди тадбиркор. - Шундан 650 миллион сўми банк кредити бўл-са, қолгани ўз сармоямиз. Бу маблағ ҳисобидан асосан қурилиш ишларини олиб бордик ва замонавий спорт тренажёрларини харид қилганмиз. Айни пайтда мажмуа ҳудудида очиқ ва ёпиқ турдаги мини стадион, тренажёр зали, ёзги бассейн тўлиқ ишга туширилди. Келгусида яна бир қатор спорт турлари билан шуғулланиш учун ҳам шароит ҳозирлаймиз.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида спортга қизиқиш юқори. Буни айни пайтда мажмуага келувчилар сонининг ошиб бораётгани ҳам кўрсатиб турибди. Уларнинг ичида ёш ўғил-қизлар билан бир қаторда, ёши катта инсонлар, уй бекалари, нафақадаги кишилар ҳам борлиги эътиборга молик.
Яна бир жиҳати, ушбу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши ортидан ҳудудда яшовчи 8 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йил сўнгига қадар қўшимча бўлимларнинг ишга туширилиши натижасида иш ўринлари сонини 15 тага етказиш мақсад қилинган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.