Меню

Қашқадарё

13.03.2018 1678

ЧЕГАРА ЁПИҚЛИГИ БОИС ОТА-ОНАМНИНГ ЖАНОЗАСИГА ҲАМ БОРОЛМАГАНМАН

1985 йилда Тожикистондан Қарши шаҳрига келин бўлиб тушганман. Қариндош-уруғларимнинг барчаси Тожикистонда. Шу пайтгача тўй-маросимларга келиб-кетиш ёки шунчаки меҳмонга боришда қатор муаммоларга дуч келардик. Ўтказиш пунктларидаги расмиятчиликлар, қоғозбозлик салкам икки ойга чўзиларди. Ана шундай қаттиқ тартиб туфайли ота-онамнинг жанозасида қатнашиш ҳам насиб этмаган - нақ бир ой кечикиб борганман.

Икки қардош давлат раҳбарларининг  саъй-ҳаракатлари билан бу каби муаммолар барҳам топди. Чегара постларининг очилиши икки томон фуқароларининг эмин-эркин, ортиқча оворагарчиликларсиз борди-келди қилишлари учун катта қулайлик яратди.

Чегара ёпиқ бўлгани учун мана қарийб икки йилдан бери қариндошларимни кўролганим йўқ. Ҳар йили уй-рўзғор ташвишларидан ортиб, икки-уч кунга қариндошларимизникига бориб келишга отланамиз, бироқ ҳужжат тайёрлаш билан боғлиқ ортиқча расмиятчиликлар бунга монелик қиларди. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, ҳаммаси ўз жойига тушди. Яратилган бундай қулайликдан бошимиз кўкка етди.

Ўзбек ва тожик халқлари қадимдан аҳил-иноқ яшаб келишган. Динимиз, урф-одатларимиз бир. Қуда-андалик борасида тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган яхши анъаналаримиз бор. Ана шу анъаналаримиз қайта тикланганидан, қардошлик ришталари янада   мустаҳкамланаётганидан хурсандмиз. Бу икки халқнинг яқин қўшничилиги, дўстлигига ҳеч қачон кўз тегмасин! 

 

Мақсуда РАУПОВА, Қарши шаҳри

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!