Меню
Қашқадарё
ЧЕГАРА ЁПИҚ БЎЛСА, ҚОЗОҒИСТОНГА ҚАНДАЙ БОРДИ?
Савол туғилади
Хабарингиз бор, бир неча кун олдин Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилгани, гумонланувчи кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлганлиги муносабати билан эҳтиёт чораси сифатида туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилди. Гумонланиш ўз тасдиғини топгунга қадар карантин талаблари кескин кучайтирилиб, кириш-чиқиш йўллари тўсилди. Автотранспорт ва пиёда ҳаракатланиш қатъий назоратга олинди.
Шу орада эса ижтимоий тармоқларда касалликда гумонланган шахс Н.О. айнан коронавирусдан вафот этгани, бунга шифокорларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус инфекцияси аниқланмагани, бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволангани ва бемор ёндош касалликлар туфайли вафот этгани ҳақида маълумот берди.
Демак, бемор ўлимига коронавирус сабаб бўлмаган. Буниси тушунарли. Аммо...
Вазирлик ахборотида келтирилишича, Н.О. Китоб туманида яшаган бўлиб, 2020 йилнинг 10 апрелида Қозоғистонга кетган ва 9 майда юртимизга қайтиб келган экан.
Энди бир савол туғилади: Ўзбекистонда 27 мартдан вилоятлараро ҳаракатланиш барча транспорт воситалари учун тўхтатилган, зарур бўлмаган ҳолларда фуқароларнинг уйдан чиқмасликлари қатъий талаб қилинган бир чоғда Н.О. қандай қилиб Қозоғистонга бориб келди? Ҳатто биргина вилоят марказига ёндош ҳудудда яшайдиганлар Қарши шаҳрига кириб-чиқолмаган бир шароитда китоблик киши бир неча вилоятлар ҳудудидан, улардаги ўнлаб, юзлаб постлардан ўтиб, чет элга чиқиб кетишнинг қандай уддасини қила олди экан? Ё бу ерда бошқа гап борми?
Бир одам чет элга чиқиб кетаркан, уни назардан четда қолдиришнинг имкони йўқ, айниқса, карантин шароитида. Яна денг карантиннинг энг қаттиқ палласида. Демак, йўл-патруль хизмати ходими, блок-постларда турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари Н.О. нега ва қандай сабаб билан Қозоқ юрти сари отланганини яхши билишади.
Китоблик бемор қай сабаб билан вафот этганини соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари маълум қилишди, аммо унинг Қозоғистонга қандай бориб-келгани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда. Энди навбат сизга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари!..
НАСРИДДИН