Меню
Қашқадарё
ЧАВОҚ ЕТИШТИРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам балиқчиликни ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришилди.
Маълумотларга кўра, сўнгги 10 йилда вилоятдаги табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан 454 тонна балиқ овланган бўлса, 2015 йилга келиб, бу кўрсаткич 3 минг 309 тоннани ташкил қилди.
– Албатта, кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилаётгани, ўз навбатида, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланилаётгани соҳада маҳсулдорликни таъминлаш имконини бераяпти, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Эргаш Асадов. - Республикада 2016 йилда балиқчилик тармоғини ривожлантириш, балиқ ва балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари дастурига асосан жорий йилда вилоятимиз ҳавзаларидан 4 минг 450 тонна балиқ овлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, 12 миллион дона балиқ чавоқлари етиштириш, 8,6 миллион дона чавоқни эса ҳавзаларда балиқлантириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилда ҳудудда 89 та янги балиқчилик хўжалиги ташкил этилади.
Нишон туманидаги “Қашқадарё балиқ тайёрлов савдо” агрофирмаси ҳам ўз фаолиятини яқинда бошлади. Аҳамиятлиси, ушбу агрофирма фаолияти вилоятимизда янги ҳисобланган тармоқ – чавоқ етиштиришга ихтисослашган.
- Балиқ уруғларини инкубация усулида парваришлаймиз, - дейди агрофирма раҳбари Ҳамза Қулматов. – Шу мақсадда барча замонавий ускуналар билан жиҳозланган цех қурдик. Бу ерда йилига 10 миллион дона чавоқ етиштириш имкони мавжуд. Шу йилнинг баҳор ойида увилдириқларни ўстиришни бошладик. 10-15 грамм вазн тўплаган чавоқларни кичикроқ ҳавзага ташлаймиз. Айни вақтда ихтиёримизда 130 гектар сунъий сув ҳавзаси мавжуд. Тайёрланадиган чавоқларни балиқчилик хўжаликларига етказиб берамиз.
Ҳеч шубҳасиз, бу каби тадбирлар вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш, шу орқали бозорлар тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳмиятлидир.
М.ЖЎРАЕВ