Меню
Қашқадарё
ЧАРОҒИЛДАГИ КЛУБ ЧОРАК АСРДАН БЕРИ ВАЙРОН БЎЛИБ ЁТИБДИ. МАСЪУЛЛАР 5 ЙИЛ АВВАЛ УНИНГ ОБОД МАСКАНГА АЙЛАНИШИНИ АЙТГАНДИ...
Фототанқид
Суратларда сиз кўраётган ушбу аянчли манзараларда олис Украинадаги ёки Туркия зилзилалари оқибатида вайрон бўлган харобалар акс этмаган. Узоқ эмас, вилоят марказининг шундоқ биқинида: Қарши туманидаги Чароғил қишлоғидаги маданият клубининг бугунги аҳволи.
Клуб ўтган аср 70-йилларида қурилган, бир вақтлар жуда файзли, турли кўнгилочар тадбирлар, концертлар ўтадиган, кино кўриладиган жой бўлган, десак, лол қолишингиз табиий. Боиси, катта қисми ўпирилган, эшик-деразалари қўпориб олинган, пойдеворию деворларига зах кетган, томдан сув ўтган, хоналарда сув тўпланган, жиҳозлар қайгадир гум бўлган, ҳатто молхона вазифасини ўтаган бино бир вақтлар маданият муассасаси бўлганига ишонгингиз келади, бироқ...
Камига қишлоқ одамлари клуб ҳовлисига тақаб уй солган (чамаси клубни сиқиб чиқаришмоқчига ўхшайди), унинг бир вақтлар 2 гектарлик ҳудудидан фақат бино эгаллаган майдон қолган, холос.
Қишлоқ одамларининг айтишича, ўтган йили бинонинг бир қисми қулаб ҳам тушган. Яхшиямки, бирор жонга зарар етмаган. Бироқ қурилиш ашёлари ими-жимида йўқолиб қолган ва бугун у жойга борган киши клубнинг бир бўлаги йўқолиб қолганини сезмайди, билмайди (бир текис қилиб ўпириб олганларнинг маҳоратига "тасанно" айтасиз беихтиёр).
Клуб қарийб чорак асрдан бери қаровсиз, хароба ҳолда қолмоқда. Маҳалла-кўй, маданият бўлими, туман ҳокимлиги мутасаддилари нега бу ҳолга бефарқ қараб келишаяпти, даргумон.
Ваҳоланки, ҳамма жойда бўлгани каби чароғилликлар ҳам ҳордиқ чиқаришни, кўнгил ёзишни, концерт тинглашни хоҳлайди ва бунга ҳақли. Жой, бино, шароит бор, бироқ каттаконлар бу ҳақда ўйлаб кўрмаётгани қизиқ.
Чароғилдаги клубга оз эмас, кўп эмас, нақ 5 йил илгари соҳа мутасаддилари, жамоатчилик эътиборини қаратгандик. Ўшанда газетадаги чиқишга жавобан вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим Маматов номидан хат келган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятда 74 та маданият ва аҳоли дам олиш марказини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари режалаштирилгани, ушбу марказлар учун ажратилган бинолар манзилли дастурга асосан босқичма-босқич таъмирлаб борилаётгани айтилганди.
Қайд этилишича, 2013-2017 йиллар давомида вилоятда жами 21 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази таъмирланган бўлиб, шундан 2 таси Қарши тумани (Марказий, Кожор)га тегишли.
Бошқарма бошлиғи ўринбосарига кўра, ўша вақти Маданият вазирлиги томонидан 2018-2022 йилларда маданият ва аҳоли дам олиш марказларини янгидан қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланаётганди.
Мазкур қарор асосида Қарши туманидаги 4 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази биноларида капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.
Хусусан, 2019 йилда Қовчин, 2020 йилда Чароғил, 2021 йилда Ертепа, 2022 йилда Дашт маданият ва аҳоли дам олиш марказлари таъмирланиши ният қилинган.
Демак, Чароғилдаги клуб 3 йил олдин гуллаб-яшнаб кетиши керак эди. Қайтага, шу лойиҳа тайёрланишидан аввал бинонинг ҳолати дурустроқ эди, десак тўғрироқ бўлади.
- 2018-2022 йилларда маданият ва аҳоли дам олиш марказларини янгидан қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қарор лойиҳаси тасдиқланмади, - дейди Олим Маматов. - Аммо Чароғилдаги клубни таъмирлаш учун "Обод қишлоқ " дастури доирасида 1 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ишлар бошлаб юборилган. Таъмирлаш ишлари 2023 йилда якунланади.
Демак, чорак асрдан бери вайрон бўлиб ётган, 5 йил олдин дастурга кирмаган клуб уч ойи тугаб бўлган йилда тўлиқ таъмирланади.
Чароғил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Акмал Қиёмовнинг айтишича, клуб биноси аввал бир тадбиркорга тенг шерикчилик асосида бериб юборилган, у дастлаб "мойка", кейин боғча очаман, деб ҳаракат қилган, бироқ ақли бутун кимдир келиб, маданият клубидан бундай мақсадларда фойдаланиб бўлмаслигини тушунтирган.
- Эски клуб ўрнида ёшлар маркази ташкил қилинади, дейишди, лекин бу бўйича бирор иш бошланмаган, - дейди Акмал Қиёмов. - Чиндан ҳам 1 миллиард сўм ажратилиши керак эди, аммо қурувчилар бу жойни 2 миллиард сўм билан ҳам эплаб бўлмаслигини айтишди. Тўғриси, ҳали бир сўмлик иш қилинганича йўқ.
Бошқарма масъули 1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланганини таъкидлаяпти, ўша ерда яшаётган, кўпга етакчилик қилаётган раис эса ҳали ҳеч қандай ишга қўл урилмаганини билдиряпти. Англаш мумкинки, Чароғилдаги клубнинг бу яқин-ўртада обод жойга айланиши анча мушкул.
Дуруст эътибор, қатъий назорат ва аниқ масъулият бўлмаса, вайрона ўрнида теп-текис ерни ва ўрнида бошқа-бошқа қурилишларни кўришимиз ҳам эҳтимолдан холи эмас...
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.