Меню

Қашқадарё

19.12.2017 2172

ЧАМАН ИЧИНДА БИР ГУЛ

ЖОНКУЯРЛИК

Тоғ тоғ билан учрашмаслиги мумкин, аммо одам одам билан учрашади, деганлар ҳақ экан – бу ажойиб инсон билан бундан ўн йилча бурун танишгандик. Ўшанда мен раҳбарлик қилаётган билим маскани туркман элининг улуғ шоири Махтумқули номи билан аталар, мактаб саҳнига буюк аллома бюстини ўрнатиш ташвишлари билан чопиб юргандим. Бухоролик ҳайкалтарош Ҳамро Зоҳидов таклифимни эшитгач, олдимга бир даста фотосуратларни ташлаб:

- Мана шуларнинг ҳаммасини ўзим ўрнатганман, қай бирини танлайсиз? - деди.

Суратлардаги ҳайкаллардан бири Бухоро туманидаги 9-мактаб ҳовлисини безаб турган бўлса, иккинчиси қўшни Туркманистоннинг Лебап вилояти қишлоқларидан бирига ўрнатилган, учинчиси... тўртинчиси...

Бири биридан гўзал санъат асарлари, қай бирини танлашни билмай иккиланиб тураман.

- Яхшиси сизни бир киши билан учраштирсам, маслаҳатини олсак, қарши эмасмисиз? - деди суҳбатдошим.

Бухоро давлат дорулфунининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси Абдуғаффор Хон билан шу тариқа танишгандим. Кейин ҳам тез-тез телефон орқали боғланиб турсак-да, иккинчи учрашувимиз орадан ўн йил ўтиб содир бўлди. Яқинда Абдуғаффор Хон хонадонимга ташриф буюрди. Рости, шу одамнинг куйди-пишдилигига қойилман, қачон қараманг, бир янгилик излаб юради, изланади, ижодни ўзига қисмат деб билади. Бўлмаса ўз ташвиши ҳам бисёр, ҳар ҳолда кафедрадаги ишлари кам эмас, бунинг устига вилоят туркман миллий маданият марказининг масъул котиби сифатида ҳам фаолият юритади.

Абдуғаффор аканинг теран томирлари минг йилликларга бориб туташган ўзбек-туркман дўстлигини таъриф этишдаги хизматлари ҳам катта. У киши бундан олдин “Махтумқули Фироғий ибратлари” номли китобини совға қилганди. Бу гал эса туркман элининг яна бир оташнафас шоири – Мулланафаснинг 200 йиллиги муносабати билан таржима қилиб нашр эттирган ижодкорнинг “Гўзалим” номли девонини олиб келди.

- Адабиёт одамларимиз, - деди Абдуғаффор ака, - бизнинг вазифамиз ўзбек адабиётининг гўзал намуналарини таржима қилиб, туркман халқига, туркман адабиёти бўстонидан гул териб юртдошларимизга етказиб бериш.

Ўринли мулоҳаза. Албатта, бу каби ижобий ишлар миллат ва элатлар ўртасидаги тинч-тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

ИККИСИ ҲАМ ОНА ТИЛИМ

У пайтлар қишлоқ уйларида декча (токча) деган нарса бўларди, уйнинг пастки қисмида жойлашган ва хонада ҳаво айланишини таъминлайдиган бу юмалоқ тешикдан аксарият ҳолларда у-бу нарсаларни асрашда ҳам фойдаланиларди. Қишлоғимиздаги қайси хонадонга бормай, кўпинча мазкур декчада Навоийнинг ўзбек тилидаги, Махтумқулининг туркман тилидаги девонлари, тағин “Гўрўғли” достонини кўрардим. Кекса отахон-онахонлар биз болаларга шу китобларни ўқитиб, завқ олишарди. Қишлоғимиз аҳли Махтумқулининг аслиятини қандай тушунишса, Навоийнинг девонини ҳам шунчалик даражада англашарди. Қишлоқ мактабида директор бўлиб ишлайдиган отамиз биз фарзандларига кўпинча:

- Бизнинг бахтимиз ўзбек заминида туғилганимиз. Икки элнинг қадриятларини, адабиётини, урф-одатларини бирдек қабул қилишдан каттароқ бахт борми?! – дердилар.

Дарс жараёнлари туркман тилида олиб бориладиган мактабни тугатдим, олийгоҳда эса ўзбек тилида таҳсил олдим. Гуруҳдошларим ўзбек, туркман, рус тилларидаги адабиётларни галма-галига ўқишимни кўриб ҳавас қилишарди. Ғафур Ғулом шеърияти, Абдулла Қодирий, Ойбек насри юрагимга қанчалик яқин бўлса, Берди Кербобоев, Хидир Дарёев, Омон Какилов асарларини ҳам дилимга шунчалик жойлаб ўсдим. Бежиз “адабий дўстлик – абадий дўстлик”, дейишмайди. Ғафур Ғулом билан Берди Кербобоев, Шукур Холмирзаев билан Тиркиш Жумагелдиев ва бу икки қон-қардош халқларнинг бошқа кўплаб ижодкорлари яқин алоқада бўлишгани адабиёт дарсликларидан, ўзлари битган эсдаликлардан маълум.

Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов сингари эл севган санъаткорларни эса “икки соҳил булбули” деб улуғлашади.

Халқ эътирофига тушиб бораётган санъаткорлардан бири мендан Махтумқулининг айрим ашъорларини таржима қилиб беришимни сўраганида:

- Сиз Махтумқулини аслиятида айтинг, қани бирор мухлисингиз “шу ерини тушунмадим” деб эътироз билдирармикан, - деб маслаҳат бергандим. Орадан кўп ўтмай ўша қўшиқчи укамиз менга қўнғироқ қилиб:

- Домла, раҳмат, сизнинг маслаҳатингиз билан иш тутгандим, Ўзбекистонимизнинг қаерида гастролда бўлмай, мухлислар қайта-қайта Махтумқули ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларимни сўрайдиган бўлишди, - деди.

ЎЗАРО ҲУРМАТ РУҲИ ВА МУҲИТИДА

Ўзбек ва туркман халқлари минг йиллар давомида бир наҳрнинг икки қирғоғида ёнма-ён истиқомат қилган. “Ўғузнома”, Ўрхун-Энасой битикларини ҳар икки миллат вакиллари бой маънавий мерос сифатида улуғлайди. Жалолиддин Мангуберди билан бир сафда мўғул босқинчиларига қарши курашган туркман йигитларининг номи тарихдан жой олган.

Қўшни мамлакатда шоҳ ва шоир – Мир Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги дўстликни тараннум этувчи “Солтан Союн ва Мирали” ҳақидаги ривоятлар асрлар оша тилдан-тилга ўтиб келмоқда. Мирзо Бобур билан “ўз юртни тарк этиб Ҳинд сори йўл олган”лар орасида туркман шоири Байрамхон ҳам бўлгани, у шоҳ ва шоирнинг яқин кишиларидан бирига айлангани тарихдан маълум.

Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”, Бобурнинг “Бобурнома”, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи тарокима”, Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс-ул иқбол” каби тарихий асарларида ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик алоқалари ҳақида муҳим тарихий маълумотлар берилган.

Тарихий манбаларда Навоий Марв, Меҳна, Абивард сингари туркман шаҳарларида бўлгани ўз далилини топган. Туркийзабон қавмларнинг улкан сўз санъаткорлари – Муҳаммад Фузулий, Абай Қўнонбоев, Махтумқули Фироғий, Бердимурод Бердақ, Абдулла Тўқай, Мулланафас ва бошқа юзлаб шоирлар ҳақли равишда ўзларига устоз деб билган Мир Алишер Навоийнинг жаҳон адабиёти дурдонасига айланган “Хамса”сида шундай сатрлар бор:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Олибмен тахти фармонимга осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Хуросон демаким, Шерозу Табриз,

Ки қилмишдур найи қилким шакаррез.

Кўнгул бермиш сўзимга турк жон ҳам

Не ёлғиз турк, балки туркман ҳам.

Ғазал мулки султонининг XV аср ёзма адабиёти муҳим ёдгорлиги саналган “Мажолис ун-нафоис” асарида ўз салафлари ва замондошларидан 459 нафар олим ва шоирлар ҳақида маълумотлар бераркан, жумладан, улар орасида ўнлаб туркман шоир ва илм аҳлларининг номларини ҳам келтиради.

Навоий Мавлоно Руҳий Ёрзийни “Таъби хўб ва сулуки марғуб киши эрди”, деб таърифлаш билан бирга, ўз фикрини куйидагича давом эттиради: “Сарахс вилоятидин нари Дарун ва Ёрзғача кўпроқ тобъ аҳли анинг замонида анга шогирд эрдилар”.

Шунингдек, Мавлоно Доий, Адҳамий Иброҳим, Яъқуб Мирзо каби сўз санъаткорлари тўғрисида ҳам ўз мулоҳазаларини билдирар экан, нафақат бу алломаларни, балки туркман заминини ҳам таърифлаб ўтади, бу эса буюк шоирнинг қўшни халқ турмуш тарзини яхши билишидан дарак бериб турибди.

Ўз навбатида Махтумқули ижодида ўзбек алломаларининг тутган ўрни беқиёс. Хива ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил олган шоирнинг шеър ва ғазалларида нафақат Навоий, балки Занги бобо, Баҳоуддин Нақшбанд сингари улуғ авлиёларимиз номи ҳурмат билан такрор-такрор зикр этилади.

Туркман халқининг Давлатмамат Озодий, Нурмуҳаммад Андалиб, Залилий, Саидий, Ғойибий каби мутасаввуф шоирлари ижодида ҳам Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари таъсири муҳим ўрин тутади.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Ўзбек ва туркман. Асрлар оша ён қўшни – жон қўшни бўлиб яшаб келаётган бу икки элнинг ўтмишини, бугунини бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугун биринчи навбатда ён қўшнилар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларни тенг ҳамкорлик, бир-бирини чуқур англаш асосида қуриш ташаббускори бўлиб чиқаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёeв илк сиёсий ташрифини Туркманистон Республикасидан бошлаганлиги ҳам минг йиллар давомида бир дарёнинг икки соҳилида тинч-тотув яшаб келаётган икки тенг ҳуқуқли эл алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида қўйилган хайрли бошланғичдир.

Бир пайтлар фақат туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиладиган қишлоғимизда ҳозир ўнлаб миллат вакиллари бир оила фарзандларидек яшаб келишмоқда, ўзбек оиласидаги туркман, туркман оиласидаги тожик келинчакларни кўриб кўзингиз қувнайди. Зеро, серқуёш юртимизни улкан бир чаман атасак, унинг бағрида тенглар ичра тенг бўлиб яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг ҳар бирини ўзига хос бир гул дея таърифлаш мақсадга мувофиқдир. Аслида ҳам академик шоиримиз Ғафур Ғулом лутф айлаганидек, сийланган жойида азиздир инсон...

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!