Меню

Қашқадарё

10.07.2018 1762

БЮДЖЕТГА ҚЎШИМЧА 696 МИЛЛИАРД СЎМ ТУШИРИЛАДИ

Бунинг учун мавжуд ички ресурсларни ишга солиш, солиқ тушумларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, қонуний тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кўзланган. Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқлардан мавжуд қарзларини ундириш ушбу йўналишдаги ишлардан яна биридир.

Шу мақсадда жойларда зарур чоралар амалга оширилмоқда. Қарши шаҳрида ўтказилган ўрганиш давомида шу нарса аниқландики, ҳудуддаги “Эски анҳор канали қурилиши” масъулияти чекланган жамиятининг солиқлардан қарздорлиги 64 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда олиб борилган тадбир давомида жамиятга тегишли автомашиналар хатлаб олинди. Жамият раҳбари томонидан шу куннинг ўзида солиқ қарзи тўлиқ тўлаб берилди.

Хатлов тадбирлари давомида Қарши шаҳридаги 25-29-сонли Давлат унитар автожамланмасининг солиқлардан мавжуд 466 миллион сўмлик қарзини ундириш мақсадида ушбу корхонага борилди. 2-3 йилдан бери кечиктириб келинаётган қарз адо этилмагач, автожамланмага тегишли 3 та автобус хатлаб олинди.

Давлат солиқ хизмати органларида солиқ ҳисобида турмасдан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам бу борадаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.  Шу мақсадда ноқонуний бизнес юритаётган фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада биргина жорий йилнинг ўтган  даври мобайнида жами 1213 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўз ихтиёри билан рўйхатдан ўтказилишига эришилди. 694 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти эса қайта тикланди. Шунингдек, 369 нафар фуқаро ёлланма ишчи сифатида рўйхатга олинган. Кўринадики, мазкур таъсирчан чора-тадбирлар самарасида солиқ тўловчилар сони кўпайиши таъминланди.

- Яқинда рўйхатдан ўтиб, фаолиятимни қонуний йўлга қўйдим. Энди хотиржам ишлаб даромадимни орттириб бораман, - дейди Қарши шаҳридаги “Ерқўрғон Нахшаб соҳил бўйи” буюм бозорида савдо қилаётган якка тартибдаги тадбиркор Нигора Эргашева. - Келгусида қўшимча иш ўринлари яратишни ҳам режалаштирганман.

- Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан фойдаланиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эдим. Шукурки, ишим ривожланиб,   фаолиятим кенгайиб бормоқда. Бу иш бир ўзимга оғирлик қилиб қолди. Шу сабаб бир нафар ишчини ёлланма ишчи сифатида рўйхатдан ўтказдим, - дейди “Қарши буюм савдо” комплексида фаолият кўрсатаётган тадбиркор Жаҳонгир Худойбердиев.

Бюджетга қўшимча маблағ тушириш бўйича бошқа йўналишларда ҳам ишлар фаол амалга оширилмоқда.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!