Меню
Қашқадарё
БУЗҒУНЧИЛАР АСЛИДА КИМ?
Мунофиқлар ўз табиатларидан келиб чиқиб, Ер юзида фасод ишлар - кофирлик, гуноҳ, бузуқлик, зулм қиладилар. Агар уларга бу номаъқул ишлари эслатилиб, “Ер юзида фасод қилманг”, дейилса, улар мазкур номаъқул ишларидан қайтиш тугул балки баланддан келадилар ва “Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Яъни қилаётган фасодларини ислоҳ - яхшилик деб даъво қиладилар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши ушбу оятни ўқиб туриб, бу оятнинг аҳли ҳали-ҳануз келганлари йўқ, деган эканлар.
Аммо бизнинг вақтимизга келиб, бундай одамлар Ер юзини босиб кетди. Исломдан хабарлари йўқ, қилган ишлари дину диёнатга, мўмин-мусулмонларга қаршиликдан бошқа нарса бўлмаган кимсалар ўзларини ислом жонкуярлари деб эълон қиладилар. Бироқ бундай бузғунчи мунофиқларнинг гаплари пучдир. Бу бузғунчилар ислом асослари бўлмиш оят ва ҳадисларни ўзларининг фосид мақсадлари йўлида талқин этиб, тинч-тотув яшаётган халқлар кўнглига қўрқув солиш, бегуноҳ одамлар, ёш болаларни ўлдириб, аёлларни қул қилиб, олим-уламоларни ҳақорат қилишлари ва бошқа дин вакилларини таҳқирлашлари аслида катта гуноҳ эмасми?
Аллоҳ таоло ўз бандаларини яхшилик ва тақвога буюриб, гуноҳ ишлар ва адоватдан йироқ бўлишга чақиради. Набий (с.а.в.) “Ким илмсиз равишда Қуръон (тафсир)дан бир оғиз гап айтса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин”, деганлар. Бу ҳадисдан ким илмсиз Қуръонни тафсир қилса, у катта гуноҳ қилганлиги тушунилади. Бу бузғунчи кимсалар қилаётган ишлари билан ўзларида заррача илму маърифат йўқлигини намоён қилмоқдалар, холос. Шу боис, уларнинг турли кўзни қамаштиргувчи “ваъда”ларию ёлғон, таги бўш даъволарига учмаслик, ростни ёлғондан, аслни сохтадан ажрата билиш лозимдир. Бунинг учун аввало илм-маърифат билан қуролланмоқ, кўнгил кўзини равшан, иймонни саломат қилмоқ шарт ҳисобланади. Эл-улус, юрт манфаати йўлида жидду жаҳд қилиш, умрни эзгу амалларга сарфлаш, ўз оиласи ва атрофдагиларни тўғри, мантиқий фикр юрита олишга ундаш, тўғри йўлдаги дин уламоларининг кўрсатмалари орқали диний билимларни ошириб бориш билангина бундайларга қарши курашиш мумкин. Юқоридаги сингари ояти карималар, муқаддас ҳадислар эса сизу бизга йўл кўрсатувчи бир маёқ кабидир.
Хайрулло МАРДОНОВ,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси