Меню
Қашқадарё
БУЮК ЗОТЛАР ҲАҚИДА МУХТАСАР БИТИК
Бу борадаги ишлар қизғин давом этаётганини эътироф этган ҳолда, ушбу икки улуғ зотнинг ҳаёт йўлини ўзаро узвий боғлиқ ҳолда тадқиқ ва талқин этиш масаласи эътибордан бир қадар четда қолаётганди. Йирик ҳуқуқшунос олим, жамоат арбоби, профессор Акмал Саидовнинг Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллиги арафасида “Насаф” нашриётида чоп этилган “Амир Темур ва Султон Мирҳайдар ота” рисоласи ана шу кемтикни бир қадар тўлдирди.
Амир Темур ўз даврида Султон Мирҳайдар ота билан учрашганми? Рисолада ёзилишича, бундай воқелик эҳтимолга жуда яқин. “Гарчанд бу учрашув қачон, қаерда ва қандай шарт-шароитларда бўлиб ўтганини илмий тасдиқлайдиган аниқ тарихий манба ҳозирча қўлимизда мавжуд бўлмаса-да, эл орасида ва халқ китобларида сақланиб келаётган турли ривояту ҳикоятлар шундан далолат беради, - дейилади асарда. - Қолаверса, тарихий воқеликларнинг ўзи ҳам буни тақозо этиб турибди, деб ўйлаймиз. Буюк Соҳиб-қироннинг таржимаи ҳолидан маълумки, Амир Темур Хожа Илғор қишлоғида туғилиб-ўсган, Занжирсарой, яъни Муборак ҳудудида болалик йиллари кечган, Яккабоғ ва Китоб тоғларида ўз жангчи йигитлари билан ҳарбий машғулотлар ўтказган, Кеш (Шаҳрисабз) беги бўлган, жаҳонгирлик фаолиятини Насаф (Қарши) қалъасини забт этишдан бошлаган.
Бошқача айтганда, шавкатли аждодимиз ўсмирлик давридаёқ Қашқа воҳасини у бошидан – бу бошига қадар кезиб чиққан. Шундай экан, навқирон Темурбек 29 ёшигача (чунки шу ёшга тўлганида Султон Мирҳайдар ота оламдан ўтган) Касбига ҳам келган, демакки Султон Мирҳайдар отани зиёрат қилган”.
Асардаги “Касби тарихига бир назар”, “Хожа Шамсиддиннинг таваллуди”, “Ўн тўрт ёшда – Макка ва Мадина имоми”, “Сирли туш ёки ҳақ йўлидаги сабоқлар”, “Занги отанинг қовунлари”, “Анбар она ва Султон Мирҳайдар ота”, “Касбига ташриф”, “Султон Мирҳайдар отанинг сурати ва сийрати”, “Амир Темур қўйган қабртош”, “Ботиний кўзлари очиқ зотларга эҳтиром” каби қизиқарли ва сермазмун фасллар аниқ манбаларга таянилган ҳолда ёритилгани диққатга сазовордир.
Асарда ёзилишича, Султон Мирҳайдар отага атаб тарихда учта қабртош қўйилгани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, биринчи қабртошни Амир Темур қўйган. Меъморий мажмуанинг шимол тарафдаги қабр тошига Қуръони каримдаги Оли Имрон сурасининг 18-ояти ва қуйидаги таърифлар ҳамда шажара араб тилида баён этилган. Таржимаси:
“Бу қабр улуғ, фахрли имом, шайх, Аллоҳга ибодат қилувчи, ваъз мулкининг султони, нозик илмларни ечувчи, ҳақиқат илмини айтувчи, нотиқ, улуғ зот, фиқҳ илмининг олими, инсонларни ҳидоятга бошловчи, ўта тақводор, аҳли сунна вал-жамоа имомларидан, дунёга машҳур олим, шайхлар қутби, авлиёлар фахри, улуғ ҳожи, ер юзидаги энг саодатманд инсонлардан бирига мансуб. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қизлари Биби Фотима ва куёвлари Ҳазрат Али (р.а.) авлодидан бўлган Султон Мир Ҳайдарнинг шажаралари қуйидагича:
Амир Шамсиддин Ҳайдар амирул кабирул карим ибн Жамолиддин ибн Шамсиддин амирул-кабир Ҳайдар ал-Ҳусайн Насафий ибн амир Аҳмад ибн Саид амир Ҳусайн ибн амир Абдуллоҳ ибн амир Жаъфар ибн Иброҳим Муртазо ибн амир Мусо ал-Қозим ибн амир Имом Жаъфар Содиқ ибн Имом Боқир Имом Зайнул Обид Имом Ҳусайн Ҳазрати Али Муртазо разиаллоҳу таоло (рамазон ойи, сана 766 ҳижрий)”.
Қабр тошидаги битикларнинг ўзиёқ Амир Темур Султон Мирҳайдар отага нисбатан қандай муносабатда бўлганини ва уни қандай улуғлаганини кўрсатиб турибди.
Китобхон Акмал Саидовнинг рисоласидан нафақат маънавий озуқа олади, балки Касби тарихи, улуғ бобокалонларимиз ҳақида бир қатор янги билимларга эга бўлади.
Очил БЎРИЕВ,
Қарши давлат университети доценти.
Муртазо УСМОНОВ,
университетнинг катта ўқитувчиси.