Меню

Қашқадарё

31.12.2019 1684

БУЮК ВАТАНДОШИМИЗ МЕРОСИ ДУНЁ ИЛМ АҲЛИ ЭЪТИБОРИДА ЭКАНИНИНГ САБАБИ НИМА?

Халқаро конференция

Ривоятларда келтирилишича, бир киши туяда чўл оралаб кетаётиб, сувсизлик ва жазирамадан ўлар ҳолга етган кишига дуч келибди. Сув бериб, жонини сақлаб қолибди. Омон қолган кимса эса раҳмат айтиш ўрнига жон ҳовурида туяга миниб, қочиб кета бошлабди. Туя эгаси яхшиликни билмаган кимсага қарата шундай деган экан: "Майли, туяга розиман, лекин бу қилмишинг ҳақида бошқаларга айта кўрма. Бўлмаса, одамлар кимсасиз саҳрода қолиб кетган йўловчиларга бошқа ҳеч қачон ёрдам бермай қўйишади..."

Қиссадан ҳисса шуки, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш ана шундай кўринишда ҳам бўларкан.

Бу ҳақда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Абул Мўъийн ан-Насафий илмий меросига бағишланган "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда айтиб ўтилди.

Унда Туркия, Миср, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан таниқли исломшунос олимлар, шунингдек,  Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Дин ишлари бўйича қўмита олим ва  тадқиқотчилари иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари дастлаб Қарши туманидаги Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуасини зиёрат қилишди. Мазкур мажмуа Президентимиз ташаббуси ва топшириғига асосан бунёд этилиб, аллома мақбараси тубдан таъмирланди, мажмуа негизида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхона қуриб битказилди. Бунёдкорлик ишлари меҳмонлар томонидан ҳам эътироф этилди.

Қайд этиш жоизки, ақида масалалари ҳар қандай даврда, ҳар қандай жамиятда ҳамиша муҳим аҳамият касб этган. Негаки, ақоид илми инсонни адашишдан сақлайди. У қатъий далиллар билан диний эътиқодни мустаҳкамлайди,  шубҳаларни рад этади. Ҳақни изловчиларга далиллар билан тўғри йўл кўрсатади, ҳақ йўлдан  адашганларни ҳужжат билан ҳидоятга бошлайди. Диннинг софлигини сақлайди, эътиқодни бузуқ фикрлар ва ботил шубҳалардан муҳофаза қилади. Буюк аждодимиз Абул Мўъийн ан-Насафийнинг ақида масалаларига бағишланган асарлари шу жиҳатдан барча даврларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди.

Давримизнинг ўзига хос мураккаблиги шундаки, жаҳолатга асир кучлар, разолат ботқоғига ботган оқимлар ўз мақсадларига етиш йўлида муқаддас таълимотни қурол қилишга интилмоқдалар. Бу оқимлар илгари сураётган ёлғон ақидалар, асоссиз даъволарга қарши курашиш кучли далилланган илмий хулоса, раддиялар битилган манбаларни талаб қилади. Айнан бунга жавобни Абул Мўъийн ан-Насафий каби алломалар илмий меросидан топамиз.

- Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий 870 йилда Самарқандда вафот этган бўлса, айнан ўша йили, айнан Самарқандда имом Мотуридий таваллуд топган, - дейди тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов. - Мотуридий балки соғлиғи, балки молиявий сабабларга кўра бошқа ҳудудларга чиқмаган. Шунинг учун унинг таълимоти ўзга жойларга тарқалмаган. Абул Мўъийн ан-Насафий эса ушбу таълимот кенг, дунё бўйлаб тарқалишида асосий ўрин тутган, у зот "Табсират ул-адилла" асарида Мотуридийяни далиллар билан шарҳлаб бергани эътиборлидир.

Илмий-амалий конференция бошида буюк ватандошимиз ҳаёти, у зот абадий қўним топган масканда бажарилган ишлар акс этган "Ҳақиқат қиличи" номли видеоролик намойиш этилди. Сўнг хорижий ва мамлакатимиз олимларининг мавзуга оид маърузалари тингланди. Хусусан, Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети кафедра мудири, араб филологияси фанлари доктори, профессор Али Саад Али Сааднинг "Имом Насафий меросида балоғат илми ва унинг калом илми билан алоқаси", Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) вакили, қозоғистонлик профессор Аширбек Мўминовнинг "Соф ислом ақидасини ёйишда Насафий олимларнинг ўрни", Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дин масалалари бўйича маслаҳатчиси Гемижий Ибраҳимнинг "Абул Мўъийн ан-Насафий меросининг Туркияда ўрганилиши", қирғизистонлик ёзувчи Бегжон Аҳмедовнинг "Бузғунчи оқимларга қарши курашда Абул Мўъийн ан-Насафий таълимотининг аҳамияти" каби муҳим мавзулардаги фикр-мулоҳазалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов сўз олиб, Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳи яқинида жойлашган, бироқ шу вақтгача эътибордан четда, қаровсиз қолиб келаётган Шамсиддин Ҳалвоний мақбарасини ҳам ободонлаштириш зарурлиги бўйича фикр билдирди.

Шундан сўнг анжуман ўз ишини шуъба йиғилишларида давом эттирди. Шу куни Абул Мўъийн ан-Насафий илмий меросига бағишланган мақолалар жамланган тўплам тақдимоти ҳам ўтказилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!