Меню

Қашқадарё

02.04.2021 1800

БУЮК ШОИР НОМИДАГИ ЗАМОНАВИЙ КУТУБХОНА

Хайрли ташаббус

Жорий йилда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, жамоат арбоби, давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудига 80 йил тўлди. Шу муносабат билан Президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйлаб ранг-баранг тадбирлар ташкил этилаётир.

Жумладан, халқаро илмий-назарий анжуман, учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари, шоирнинг танланган асарлари тўпламини ўзбек ва бошқа тилларда чоп этиш, Абдулла Орипов яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш, фильм, спектакллар яратиш каби хайрли ишларнинг барчаси элимизнинг ардоқли шоирига ҳурмат-эҳтироми ифодаси, десак янглишмаган бўламиз.

 Биласиз, Абдулла Орипов Косон туманида туғилган. Шундай экан, мазкур ҳудудда буюк шоир номи билан боғлиқ катта муассаса бўлмаслиги мумкин эмасди. Шунга кўра, туман ҳокимлиги ташаббуси билан "Косон махсус транс сервис" МЧЖ балансидаги бино маҳаллий бюджетдан ажратилган 850 миллион сўм маблағ эвазига харид қилинди. Бино таъмирланиб, замонавий жиҳозлар келтирилди. Шундан сўнг бу ерда Абдулла Орипов номи берилган туман ахборот-кутубхона маркази иш бошлаб юборди. Кутубхонанинг очилиш маросими эса тантанали руҳда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ташкил этилди.

- Илгари Мустақиллик кўчасидаги хусусий дорихонага тегишли бинода ижарада, қисиниб-қимтиниб турардик, - дейди марказ директори Дилором Холова. - Замонавий бинода маъмурият хоналари, китобларни сақлов хонаси, 120 ўринга мўлжалланган ўқув зали мавжуд. Шароитлар китобхонлар ва кутубхоначилар учун бирдай қулай, хоналар шинам, ёруғ.

Маълум бўлишича, айни пайтда Абдулла Орипов номидаги ахборот-кутубхона маркази сақловида 28 мингта босма, 17 мингдан зиёд электрон шаклдаги китоб мавжуд. Яқинда туман ҳокими томонидан кутубхонага  Абдулла Ориповнинг 100 та китоби ҳадя этилган.

Айтишларига кўра, кутубхона эски бинода турган вақти ҳам китобхонлар сони кам бўлмаган, эндиги замонавий шароитда янада кўпайди. Биргина ўтган йили кутубхонага 8 минг киши аъзо бўлган. Айни пайтда ҳар куни 150 дан зиёд китобхон бу ерга келиб, ўзи истаган китобни олиб, мутолаа қилмоқда. Қолаверса, галда китобхонлар, ёш ижодкорлар клуби фаолиятини янада ривожлантириш мақсад қилинганки, бу ҳам муассасани катта ва гавжум маънавият даргоҳига айлантириши   шубҳасиз.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!