Меню
Қашқадарё
БУЮК САРКАРДА ВА ҚУЛ ЛИБОСИДАГИ МАЛИКА БАҲСИ
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги олдидан
Хон айди: шарт шулки, агар ютсанг, бу қулбача сеникидур. Амир айди: бой берсам нима қилурман? Хон айди: сандан ҳеч тамаъ йўқ. Амир айди: гар ман ютқузсам шу ғулом бачага қул бўлурман.
Аждодлари ҳаётига оид тарих миллатини, халқини севган ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Айниқса у ўтмишнинг буюк шахслари кечмишлари билан боғлиқ бўлса, янада қизиқроқ. Амир Темур ва Сароймулкхоним тақдирининг қўшилиши, унгача бўлиб ўтган гап-сўзлар ва воқеалар ҳақида турли манбаларда битилган маълумотлар ҳамиша тадқиқ, таҳлил нишонида тургани ҳам шундан.
Маълумки, Сароймулкхоним Соҳибқироннинг севимли хотини, оқила аёл бўлган ва у салтанат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнаган. Бу ҳақиқат Салоҳиддин Тошкандийнинг "Темурнома" асарида яна бир бор тилга олинган ҳолда улар Чиғатой улуси хони Баёнқулихон пойтахти бўлган Бухоро шаҳрида қандай танишгани воқеаси ҳикоя қилинади: "Бир кеча тушида (Баёнқулихон) Шайх ул аъламни кўрди. Айдилар: хилофи шаръий қилмагил, тургил, қизларингни эрга бергил. Баёнқулихоннинг тўққиз қизи бор эди. Уйқудан туриб барча қизларини жамъ қилди... Барчасидан кичиги Сарой Мулк хонимча эди, айди, эй ота, сизнинг давлатингиз соясидан ҳеч жойга бормасмен, эр ҳам қабул қилмасмен, деди".
Подшоҳ кунлардан бир куни яна тушида Шайх ул аъламни кўради. Мўътабар зот ундан Сароймулкхонимни турмушга беришини сўрайди. Эртасига хон қизини ҳузурига чорлайди. Қиз эса "мени хоҳишимга қарасангиз, Тарағай Баҳодир ўғли (Амир Темур)га берингиз" дейди. Бироқ, Кеш беги Тарағай баҳодир билан Баёнқулихон ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани туфайли хон ушбу никоҳга розилик бермайди.
"Темурнома"да Сароймулкхоним "Баёнқулихоннинг қизи" деб кўрсатилган бўлсада, тарихий манбалар у ўша даврда Қарши шаҳрида ҳокимлик қилган амир Қозонхоннинг қизи бўлгани, 1341 йилда Қаршида туғилганидан далолат беради.
Баёнқулихон арзанда қизини Амир Темурга узатишга унамагач, малика отасига: "кимда ким мен билан шахмат ўйнаб ютса, ғолибга хотин бўламан, гарчи у чўпон бўлса ҳам", дейди. Хон бунга розилик беради. Малика қул йигит либосида шахмат мусобақасига келади - "Хонимча айди: ман қулбачаларингиз сифатида бўлай. Сиз айтинг, ким бизни қулбачамиз билан шатранж ўйнамоқ даъвосин қилур, ҳар ким шуни ютса, ман унга қулимни инъом қилурман. Хон андин кейин қизин сўзин қабул қилиб, хўп деди".
Хонлик жарчилари бутун Бухорога бу ҳақда хабар қилдилар - "Одамлар-о, одамлар! Эшитмадим деманглар!.." Тонг саҳардан шахмат усталари мусобақага кела бошлашди. Аммо ҳеч ким Сароймулкхонимга тенг кела олмади. У хонликда донғи кетган шахмат усталарини ҳам мағлубиятга учратарди.
"Андин кейин жарчи бозорларда нидо қилур эди. Амир Соҳибқирон бу овозни эшитиб, чиқиб сўрди, жарчи воқеани баён қилди. Аммо шатранж ўйнамоққа мисли йўқ эрди. Амир айди: мен ҳам билурман. Андин кейин Амир Соҳибқиронни олиб бордилар. Хон кўрдиким, бир турк бача, эгнида чакмон, бошида телпак... Хон буюрдиким, қулбачани (Сароймулкхоним) келтуринглар. Дарҳол келтурдилар. Амир билдиким, ўғил либосини кийибдур, аммо ўзи қиздур. Филҳол, кўриб бир-бирига кўнгил бердилар".
Шундан сўнг, хонтахта устига шахмат олиб келиб қўйдилар. Амир Темур хонга юзланиб, ўз шартини изҳор этади: "Соҳибқирон айди: ман шарт билан ўйнагайман. Хон айди: шарт шулки, агар ютсанг, бу қулбача сеникидур. Амир айди: бой берсам нима қилурман? Хон айди: сандан ҳеч тамаъ йўқ. Амир айди: гар ман ютқузсам шу ғулом бачага қул бўлурман. Ўзи ёшурун ошиқ бўлиб эрди. Эмди шатранж ўйнай берди, уч бисотгача. Ҳар бисотигача бир кеча ва бир кун ўтиб кета берди".
Кўриниб турибдики, бу "рақиблар" шахмат ўйини ҳадисини олган, маҳорати билан бугунги халқаро гроссмейстерларни эслатади. Демак, ақл машқи - шахмат билан аждодларимиз қадим-қадим замонлардан буён шуғулланиб келган. Зеро, Соҳибқирон ҳам ўз замонида тенги йўқ йирик шахмат усталаридан бири бўлган.
Ибн Арабшоҳ "Амир Темур тарихи" китобида буюк саркарда катта шахмат ўйнаганини ёзади: "Темур шатранж ўйнаб, Алоуддин (ат Табризий)га: "Гўё мен мулк сиёсатида ягона бўлганим каби, сен шахмат оламида тенги йўқсан", дерди.
Шахмат ўйинию мансубалари илмида унинг ўзига хос шарҳи бўлиб, у билан ўйинда чуқур ўйламасдан (унинг) фикри ҳаддига етишга ҳеч бир кимса қодир эмасди. ...Мен (Ибн Арабшоҳ)га ҳикоя қилишларича, у, Аллоҳ юзини кароматли қилғур, амирул мўминийн Алини тушида кўрган. Али унга бир халтада шахмат тутқазгач, шундан кейин ҳеч бир инсон ундан ғолиб чиқмаган. Унинг ўйин пайтидаги сифатларидан бири шу эдики, у ҳеч тафаккур қилмай, фақат рақиби узоқ ўйлаб, фикрга чўмганидан кейин ўйнагач, у ҳеч бир тадбир кўрмасдан юриб қўярди. Бир вақтнинг ўзида у (ат Табризий) икки рақиб билан ғойибона ўйнарди ва ҳисоблаши натижасида ўз томонида қандай доналар ва рақиблари томонида қандай доналар борлигини биларди. У ва Амир (Темур) катта шатранж ўйнардилар".
Энди яна ўша узоқ чўзилган Амир Темур ва Сароймулкхоним шахмат баҳсига қайтсак, хўш, унда ким ғолиб бўлган?
"Темурнома"да баён қилинган тафсилотлардан англашилишича, аслида мусобақа маликанинг ўзи кўнгил қўйган баҳодир билан учрашиш, дийдорлашиш баҳонаси эди, холос. Унда Амир Темур ғолиб келади. "Ахир, хонимча этакин силкитиб, туруб уйига кетти. Хон ҳайрон бўлди. Бул анойи киши деб фаҳмлаб эрди, лекин Амир Соҳибқирон ман Тарағай баҳодур ўғлиман деб маълум қилмади".
Сабаби хон жанглардан бирида Амир Тарағай баҳодурни ташлаб қочиб кетади. Шундан сўнг Соҳибқироннинг отаси "агарда хон жангда номардлик қилиб қочмаганида, унда ғолиб бўлар эдик", деб айтади. Бу гап эса хоннинг қулоғига етиб боради ва у Тарағай баҳодурдан қаттиқ хафа бўлади. Ана шу боис у Амир Темурни куёв қилишни хоҳламаган.
Хон гарчи ғолиб тонгда саройга келишини айтган бўлсада, мулозимларига уни ҳузурига киритмасликни тайинлайди. "Эртаси бир чўри Соҳибқиронни ахтариб келиб, ...қоғозда битилган хатни беради. Айтибдурким, "ҳамд ила дуруд адосидин сўнгра ул ёрижонимга салом ва паём бўлсунким, ушбу сиз билан шатранж ўйнаган қул бача хон қизи Сарой Мулк хонимча бўлурман. Иштиёқи муҳаббат манда бўлса ва соим боғинда жамолим чироғинда умид қилса, хонга келиб арз қилсун. Отам одил бўлса, мани анга берса керак. Мабодо бошқа қулбачани берса олмасун, нома тамом вассалом".
Амир Темур хон билан гаплашади. Баёнқулихон унинг ҳузурига бошқа қул йигитчаларни юборади. Бироқ у Сароймулкни талаб қилади. Вазир Сирож Қамарий Соҳибқирон Темурга учрашиб, "ул хоннинг ўзини қизидур, боргил, мулукона тўй асбобини келтургул..." дейди.
Бироқ, кўп ўтмай Амир Темур ўғриликда айбланиб, туҳмат билан зиндонга ташланади. Вақти соати етиб, Баёнқулихон вафот этади. Тахтни валиаҳд Бароқхон эгаллайди. Амир Темурнинг зиндонда эканлиги барчанинг хаёлидан кўтарилади. Фурсатдан фойдаланган зиндонбон ҳам бандини қўйиб юборади.
Шундан сўнг, Амир Темур Сароймулкхоним билан учрашиш бахтига муяссар бўлади. Бироқ висол узоққа чўзилмайди. Бароқхон бу икки ошиқу маъшуқни таъқиб қила бошлайди. "Амирнинг аъзоси етмиш жойидан ярадор бўлуб, ўзидин кетиб йиқилди. Муқаррар қилдиларким, ўлди деб оёғидан судраб Шайх Ҳасан Бохурзий майдонига олиб бориб ташладилар". Аммо у қирқ кунда Шайх Ҳасан кўмагида шифо топиб кетди. Сароймулкхоним эса жаллод қулидан қутилиб, Шаҳрисабзга йўл олди.
"Темурнома"да Тарағай баҳодур томонидан келин иззат-икром билан кутиб олингани, кўп ўтмай Соҳибқирон ҳам ёри ҳузурига қайтгани, тўю томоша бўлганлиги ҳақида ҳам ёзилган.
Сароймулкхоним ҳақида гап кетар экан, тарихий манбаларда Амир Темур аввалига иттифоқдоши бўлган, кейин эса душманига айланган Амир Ҳусайин қўшинини мағлуб этгач, ўзини асир олгани ва уни айни жангдаги иттифоқдоши Кайхусравга топширгани, Кайхусрав укаси қасоси учун Амир Ҳусайинни ўлдирганидан сўнг малика Соҳибқирон ҳарамига ўтганлиги қайд этилганини айтмасак бўлмас.
Шу билан бирга "Темурнома"да ҳам Сароймулкхоним ҳақида янада қизиқарли маълумотларга дуч келамиз. Улардан бирида ҳикоя қилинишича, мўғил хони Оқтемурхон маликани Соҳибқирондан зўрлик билан тортиб олади. Сароймулкхоним қанча бедодлик бўлмасин, эрига содиқ қолади. Амир Темур мўғил хонини ўлдириб, севимли хотинини унинг чангалидан қутқаради.
Ана шу каби кечмишлар, тарих саҳифаларида қандай ифода топганидан қатъий назар, Сароймулкхонимнинг тақдир йўли қувончлар билан бирга ташвишлар, қийинчиликлар ва зиддиятларга бой бўлганини англатади. Унинг тимсолида ўзи фарзанд кўрмаган бўлсада, жасоратли темурий шаҳзодаларни тарбиялашга катта ҳисса қўшган оқила, матонатли ва жасур аёл тимсолини кўрамиз.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори