Меню

Қашқадарё

09.04.2016 2175

БУЮК САРКАРДА ҚАБРИ: ТАН ОЛИНГАН БАШОРАТ ВА ҲАЛИ-ҲАМОН ЕЧИЛМАГАН ЖУМБОҚ

Амир Темур – ХИВ аср иккинчи ярмининг энг кўзга кўринган саркардаси, давлат арбоби ва беназир сиёсатчиси бўлган. У темурийлар империяси ва сулоласига асос солган. Мамлакат пойтахти - мафтункор Самарқанд шаҳри, унинг фозил одамлари ва юртнинг одил ҳукмдори овозаси ўз даврида бутун оламга ёйилган. Темур империяси Кичик Осиёдан Ҳиндистонгача, Орол денгизидан Форс кўрфазигача чўзилган.

Буюк саркарда 1405-йилнинг февраль ойида Хитойга юриш вақтида оламдан ўтди. Соҳибқироннинг тобути дарҳол Самарқандга келтирилиб, Гўри Амир мақбарасига қўйилди. Айрим маълумотларга қараганда, сағанада улуғ ҳукмдорнинг тобути очилиб, марҳумнинг руҳи безовта қилинса, бу даҳшатли хунрезликларга олиб келишидан огоҳлантирувчи ёзувлар битилган.

УЧ ҚАБРНИНГ ОЧИЛИШИ

Чор Россияси ҳокимияти тепасига большевиклар келиши билан мамлакатдаги барча олтин буюм, қимматбаҳо тошлар ва платина (оқ олтин)лар “ишчи ва деҳқонлар давлати” мулкига айлантирила бошланди. Шу боис оилавий, наслий сағаналарни очиш ва улардаги қимматбаҳо тош ҳамда буюмларни тортиб олиш одатий ҳол, амалий тажрибага айланди. Айниқса, Россия ҳудудида бу жуда кенг миқёсда қўлланиб келинди. Бироқ маълум сабабларга кўра, шунга ўхшаш чора-тадбирлар Ўрта Осиёда ўтган асрнинг 40-йиллари бошига қадар олиб борилмади. Чунки ислом динида қабрни очиш, ўтганларнинг руҳини безовта қилиш қаттиқ қораланади. Шунинг учун ҳам большевиклар ҳукумати мазкур ҳаракатлари билан вазиятни янада  кескинлаштириб юборишларини яхши англаган ва бунга бир муддат шошилмаган. Бундан ташқари, Ўрта Осиёда ХХ асрнинг 30-йилларигача большевиклар билан миллий озодлик курашчилари ўртасида кескин курашлар давом этган. Демак, коммунистлар мавжуд вазиятни тушуниб, маълум вақт мобайнида ўзларини босиқ ва вазмин тутиб туришга ҳаракат қилишган.  Фақатгина 40-йилларнинг бошига келибгина тарихий обида, мақбаралардан қимматбаҳо зеб-зийнатларни мусодара қилишга уриниш авж ола бошлади.

Энг асосий қизиқиш эса Гўри Амир мақбарасига қаратилганди. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, буюк жаҳонгир Темурнинг зафарли юришлари натижасида мамлакат сарҳади кенгайиши билан биргаликда унинг бойлиги ва хазинаси ҳам улканлашиб борган. Шу сабабли, айрим кишиларда саркарда бойликларининг каттагина қисми унинг жисми билан бирга қабрга кўмилган, деган тахминий фикр уйғона бошлади. Шундан сўнг Гўри Амир мақбарасида археологик қазишма ишларини олиб боришга киришилди. Экспедиция тузилиб, унинг мақсади - Амир Темур қабрини аниқлаш ва темурийлар сулоласини илмий асосда ўрганиш, дея баҳоланди.

1941 йил май ойи охирларида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги Эрмитаж музейининг экспертлар гуруҳи НКВД ходимлари ҳамроҳлигида Самарқандга етиб келди. Ўша вақтда мақбара қўриқчиси Масъуд Алаев эди. У гуруҳ аъзолари қабрни очмоқчилигини билгач, Россиядан ташриф буюрган мутахассисларни қабрда битилган қарғиш билан таништирди. Лекин коммунистлар бунга сира ишонишмади. Алаевни “саботаж”чи (ишдан бўйин товловчи, қаршилик кўрсатувчи)га чиқариб, уни кузатувчи вазифасидан четлатишди.

Шундан кейин ишчи гуруҳ тузилиб, 1941 йил июнь ойи бошларида мақбарадаги қабрлардан бирининг устидаги тошни кўтаришди. Бу қабр Амир Темурнинг суюкли фарзанди Шоҳрух Мирзога тегишли эди.

Кейинги қабр устига қўйилган тош оғирлиги туфайли уни кўтариш учун анча куч сарфланди. Бу қабр ичидаги кишининг бош чаноғида ўткир тиғдан қолган излар бор эди. Гуруҳ аъзолари бу Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбек қабри эканига шубҳа қилишмади.

Амир Темур қабрини эса 1941 йил 21 июнда очишди. Аммо ҳадеганда ишлари юришавермади. Дастлаб кўтариш крани бузилиб қолди, ундан кейин эса  ёритиш ускуналари ишдан чиқди, сўнгра мақбара ичида ҳар хил овозлар эшитилиб, нафас олиш қийинлаша бошлади. Қайсидир вақтда мақбара ёнида нотаниш чоллар пайдо бўлди. Улардан бири қандайдир номаълум қадимий китобни экспедиция аъзоларига кўрсатиб, китобда “агарда буюк жаҳонгир Темур қабри очиладиган бўлса, унда аёвсиз уруш бошланади”, деган мазмунда битилган сўзларни ўқиб берди. Лекин совет мутахассислари бу огоҳлантиришларга енгил ва юзаки муносабатда бўлишди.

Ниҳоят, сағана очилди. Шу топда атрофга қандайдир тасвирлаб бўлмас хушбўй ифор таралди. Экспертлар тобутдаги суяк қолдиқларини ўрганиб, Темур ҳаётлигида узун бўйли ва бақувват инсон бўлган, деган хулосага келишди. Унинг ўнг оёқ суягида жароҳат излари ҳам сақланиб қолганди.

Лекин қабрдан ҳеч қандай хазинаю бойлик топилмади, шундай бўлса ҳам археологлар амалга оширган оламшумул ишларидан хурсанд эди. Бироқ эртаси куни тонгда радиодан уруш бошлангани ҳақидаги хабар эълон қилинди. Шу чоғда экспедиция аъзоларидан кимдир уларни даҳшатли уруш хавфи ҳақида огоҳлантирган башоратчи чолларни излашга, суриштиришга тушди. Аммо маҳаллий аҳолидан ҳеч ким ўша чоллар ҳақида ҳеч нарса билмасди. Шундан кўп вақт ўтмай олимлар ўзлаштирилган барча археологик топилмаларни олиб, шу заҳоти Самарқандни тарк этишди...

БАШОРАТ ҚАНЧАЛИК ҲАҚИҚАТ?

Экспедиция таркибига иш жараёнини тасвирга олишда бош тасвирчи қилиб Малик Қаюмов ҳам киритилганди. Сўнгра у ҳарбий тасвирчи сифатида фронтга йўл олади. Бу одамга ўша кекса чолнинг уруш ҳақидаги башорат ва огоҳлантиришлари қаттиқ таъсир қилиб, ўзгача таассурот қолдирганди. Шу боисдан Малик Қаюмов бу башорат ҳақида раҳбариятга хабар қилди. Ҳатто бу маълумот қўмондон Г.К.Жуковгача етиб борди. У ўз ёнига Қаюмовни чақириб, суҳбатлашди. Мазкур суҳбатдан сўнг Жуков дарҳол Сталин билан алоқа боғлаб, унга мавжуд вазиятни атрофлича баён қилди.

Ўз навбатида, Сталин тасвирчининг ҳикоясига жиддий эътибор қаратди. У бу вақтда Темур ва унинг яқинлари суяк қолдиқларини ўрганиб, уларнинг юзи ва ташқи кўринишини тиклаётган археолог М.М.Герасимов билан боғланишни буюрди. Шундан сўнг Герасимовга энг қисқа муддатда ишни ўз якунига етказиш вазифаси топширилди. Археолог олим бу вазифани 1942 йилнинг куз фасли ўрталарида якунлади. Кўп ўтмай, яъни 1942 йилнинг 19 декабрида Амир Темурнинг суяк қолдиқлари солинган қути ўз жойи - Самарқандга келтирилди. 20 декабрда эса уни қабрга қўйишди. Шундан кейингина уруш оловлари сўна бошлади...

Муаллиф: Максим ШИПУНОВ.

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!