Меню
Қашқадарё
БУЮК МУТАФАККИРНИНГ БОҚИЙ ҚАРАШЛАРИ
Навоийни ўрганмоқ – уммонга шўнғимоқ кабидир. Қанча чуқур тушсанг, шунча кўп жавоҳир топасан, аммо бу уммоннинг сирларини тўлалигича билмаганингни ҳис қиласан. Қатрасида дарёни, заррасида дунёни акслантирган шоирнинг тафаккур дунёси шу қадар кенг, кўлами шунчалар улканки, беихтиёр бундай катта залворли ижод бир кишининг уҳдасига оғирлик қилмасмикин, деган ўйга боради киши. Навоий даҳо мутафаккир сифатида юксак инсонпарварлик ғояларини тараннум қилган, асарларида етук, комил шахс тасвирини гавдалантирган. Шу билан бирга, шоир қа-рашлари ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олган. Яъни бирор соҳа йўқки, Навоий ўрганмаган, теран мушоҳадаси ила чуқур кириб бормаган, фикр айтмаган бўлсин. Ватанпарварлик, одамийлик, ҳақгўй-лик, чин ошиқлик, нафсдан устунлик, ҳалоллик, фақирлик, эл-улус хизматига камарбасталик, ўз дардини қўйиб, эл дарди билан ёнмоқлик. Бу саналганлар шоир шахсиятига хос ва асарларига қатрама-қатра, заррама-зарра сингган фазилатларки, шу эзгу хислатлар ҳар бири камолот дарси саналмиш асарларнинг қийматини ошириб, уларга боқий умр бахш этган. Навоийнинг илк ғазал-рубоийларидан тортиб, йирик асарлари, достонлари ғоясини ҳам шу фазилатлар ташкил этади. Эзгуликка чорлов, комиллик сари интилиш. Жавҳар уз-зот – қалбни тарбиялаш. Руҳан юксалиш. Маънавиятнинг бу каби муҳим шартлари Навоий наздида ҳам мушкул, ҳам шараф саналган, инсонни инсон қилувчи мезонлардир. Бу мезонлар барҳаёт экан, инсон буюк хилқатлигича қолади. Агар шу мезонларга путур етса, инсоннинг жондордан фарқи бўлмайди. Ўз-ўзини ривожлантирмаган, тарбияламаган, нафсини жиловламаган, халққа хайр эшикларини ланг очмаган, умрини эзгу ишлар, улуғ мақсадларга тикмаган инсон аслида яшамаган, умр кечирмагандир. Унинг фақат сурати қолади, аммо сийрати пуч, маънисиз, бўшлиқ кабидир... Бу қарашни шоир ҳар бир асарида у ё бу йўсинда далиллаб, ўқувчига сингдириб боради.
Менга қилса юз жафо, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.
Бу мисралар мутафаккирнинг эл дардига дармон бўлгулик арбоблик фаолиятини ўзида жамлагандай таассурот қолдирса, етти ёшдан етмиш ёшгача бори ўзбекка яхши таниш, қадрдон бўлган “Ғурбатда ғариб...” деб бошлангувчи рубоий Ватан туйғусининг энг ёрқин, эскирмас тараннумидир. Шарққа хос ижодий анъана - “Хамса”ни ҳам Навоий бошқа салафларидан фарқли ўлароқ фалсафий теран маъно-мазмун билан бойитди ва юртпарварлик, инсоний юксак туйғулар, одоб-ахлоқ ҳақидаги ўз қарашларини унинг ҳар бир достонига сингдирди. Ўз даврининг забардаст вакиллари – Сайид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Маҳмуд, Абдураҳмон Жомийга аталган, ҳасби ҳол жанрининг юксак намуналари бўлган асарларида маънавияти, инсоний фазилатлари билан ўрнак бўладиган бу шахслар мисолида комилликни мадҳ этди. “Лисон ут-тайр”да мажозу рамз йўли билан Ҳаққа интилиш, шу орқали мукаммаллик касб этишни тасвирлаган бўлса, “Насойим ул-муҳаббат”да шу шарафга ноил бўлган машҳур шахслар сифатини келтирди ва улардан ибрат олишга чақирди. Дидактик аҳамиятга эга “Муншаот” шоирнинг тажрибали, доно устоз сифатидаги пандлари, ўгитларини ўзида жамлаганки, улар ўқиган одамга юксак маънавиятдан таълим беради.
“Маҳбуб ул-қулуб” – шоир ҳаётининг сўнгги йилларида ёзилган асар. Мутахассислар бу асарни Навоий ижодининг хулосаси, якуни деб биладилар. Унда мутафаккир жамиятнинг барча қатламларига тафаккур назари билан боқишга интилади, уларни ўз мушоҳадасига таяниб, бирма-бир тадқиқ қилади, ҳар бирининг ижтимоий вазифаси, юкидан келиб чиқиб, аслида қандай бўлмоғи кераклиги ҳақида хулосалар беради. Муаллиф асар муқаддимасида бундан мақсадини очиқ баён қилиб ўтади:
“Бу навъ асҳоб ва аҳбобға интибоҳ қилмоқ ва аларни бу навъ ҳолатдин огоҳ қилмоқ вожиб кўрундики, ҳар тоифа хисолидин вуқуфлари ва ҳар табақа аҳволидин шуурлари бўлганки, муносиб эл хизматиға шитоб қилғайлар ва номуносиб эл суҳбатидин ижтиноб вожиб билгайлар ва бори эл била махфий розларин сўзлашгайлар ва шаётин ва инс макру фирибдин бозий емагайлар. Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай...”
Яъни мутафаккир ўз тажрибасига таяниб, “асҳоб ва аҳбоб” – яқинлар ва кўнгил етарларни жамият аҳволидан хабардор қилишни лозим топади. Токи улар бу тақаба ва қатламларнинг иши, жамиятдаги ўрнини билсалар, бу хабардорлик эл хизматига бел боғлаганларида уларга асқатса...
Навоий асарини уч қисмга бўлади. Биринчи қисмида ҳар хил тоифа одамларнинг феъл-атвори ва аҳволи-кайфияти ҳақида сўз боради. Жумладан, юрт эгаси – султонлар, вазиру қозилар, муфти ва ҳуқуқшунослардан тортиб, табиблару илм кишилари, шоиру адибларга бирма-бир таъриф берилади. Ўз кузатувлари асосида уларнинг яхшию ёмон жиҳатларига тўхтаб ўтилади. Уларнинг ҳар биридан талаб қилинадиган фазилатларни санар экан, муаллиф қўли енгил, билимдон табибларни жон бағишловчи Руҳуллоҳ (Исо пайғамбар)га қиёс этса, тили заҳар, билимсиз ҳакимларни жаллод шогирди деб атайди. Зеро, жаллод тиғ билан жонга бало етказса, ёмон табиб нотўғри дориси заҳарга айланиб, инсон умрига зомин бўлади:
“Агар фанида моҳир бўлса, аммо бадхўй ва бепарво ва дуруштгўй, маризга, агарчи, бир жонибдин илож еткурур, аммо неча жонибдин тағйири мижоз еткурур ва лекин омий табибким, эрур шогирди жаллод, ул тиғ била, бу заҳр била қилғувчи бедод. Ул мундин яхшироқдур...”
Шу каби, асар биринчи қисмининг 16-фаслида нўноқ, зўраки шоирларга берилган таъриф ҳам аҳамиятга молик. Навоийга кўра бундай сохта ижодкорларнинг ёзганида на ҳақиқат бор, на маърифат. Улар аранг тўқиган бир байтини етти фалакка етадиган баланд овозда мақтайдилар. Аммо ёзганларида на шавқ, на ҳарорат бор:
“Яна адно табақаси жамоатедурларким, назм фақат била кўнгуллар хушнуд ва хурсанд ва розию баҳраманддурлар. Ва юз машаққат била бир байтким боғлаштурғайлар, даъво овозасин етти фалакдин ошурғайлар. Сўзларида не ҳақойиқ ва маориф нўшидин ҳаловат ва назмларида не шавқ ва ишқ ўтидин ҳарорат. Не шоирона таркиблари аҳсан ва не ошиқона сўзу дардлари шуълаафган. Баъзидин агар гоҳи бирар яхши байт воқеъ бўлур, аммо ўн онча ямон даъво зоҳир бўлурки, у ҳам зоеъ бўлур...”
Бошқа касб соҳибларига берилган таърифларни ўқир экансиз, бундан-да таъсирлироқ, ибратлироқ баҳоларга дуч келасиз. Ва энг аҳамиятлиси, бу таърифу тавсиф, талаб бугунги кунда ҳам бирдай керак, шарт ва зарур.
“Маҳбуб ул-қулуб”нинг иккинчи қисми яхши феъллар ва ёмон хислатлар хосиятига бағишланади. Унда мутафаккир тавба, зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозе ва адаб каби гўзал сифатларни таърифлайди, ҳар бирининг инсонга нафи, афзалликлари ҳақида сўз юритади. Фақат таъриф билан кифояланмай, бу фикрларни далилловчи ҳикоятлар келтиради. Шундай ҳикоятлардан бири – “Тавозе ва адаб зикрида” бобида айтилган “Муқбил ва Мудбир” ҳикоясидир. Яъники ҳикоятда бири ғофилу бири огоҳ икки сайёҳ мисолида адаб, тавозенинг афзаллиги исбот этилади. Адаби талабидан ерга боқиб, тавозе билан одимлайдиган Муқбил ерда ётган шоҳ гавҳарини топиб олади ва шоҳга топшириб, унинг марҳаматига ноил бўлади. Такаббур Мудбир эса бундай иноятдан бебаҳра қолади. Айни пайтда бу ҳикоят сергаклик, огоҳликнинг гўзал намунаси сифатида ҳам аҳамиятли.
Асарнинг сўнгги қисми хилма-хил фойдалар ва ҳикматли сўзларга ажратилган. “Танбеҳ” деб номланган 127-бобда турли мавзулардаги ихчам хулосалар берилади. Улардан бирида шундай дейилган:
“Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзин айтурда беваҳму бок бўлғай. Ўзи поку кўзи покни инсон деса бўлур. Тили ариғ ва кўнгли ариғни мусулмон деса бўлур. Мусулмон улдурки, мусулмонлар анинг тил ва илгидин эмин бўлғайлар ва кўзи кўнглидин мутмаин”.
Яъни одамларнинг яхшиси пок кўнгилли, ҳақгўйидир. Ўзи, яъни дили пок, кўзи – назари тоза одамни чин инсон дейиш мумкин. Ёки қуйидаги фикрга эътибор беринг:
“Саҳву хато башарият лозимидур. Хато ва саҳвин англаб мутанаббиҳ бўлғон, саодатманд одамийдур. Хатосин зойил қилур, улки эътироф сари қайтғай, ва музоаф қилур, улки далил ижро қилиб ҳарза айтқай. Муболағаси неча кўпрак - саҳви пандороқ ва мукобараси неча ортуқроқ - ўзи элга расвороқ”.
Шоир дейдики, хато ва янглишиш инсонга хос. Хатосини англаган ва қайтармаган одам саодатманд кишидир. Акси бўлса, бундай одам бир эмас, бир неча маротаба панд ейди, ҳаётда қоқилади.
Бошқа панднома фикрлар ҳам худди юқоридагилар сингари мутафаккирнинг ҳаётий қарашлари, хулоса ва ўгитларини ўзида жамлаганки, уларнинг ҳар бири неча-неча авлодларга сабоқ, дарс бўлади. Ҳар даврда бирдек муҳим бўлган бу қарашлар тоабад эскирмайди, ўз баҳосини ўзгартирмайди. Биз эса ҳар гал Навоий мутолаасидан ҳайрат дунёсига ғарқ чиқамиз, қалбимизда гўзал кашфлар туямиз...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА