Меню
Қашқадарё
БУЮК ХАЛҚИМИЗНИНГ БЕБАҲО МУЛКИ
Мамлакатимизда ўтмишимизни ўзида мужассам этган, миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки бўлган тарихий обида ва қадамжоларни авайлаб асрашга алоҳида эътибор берилмоқда. Асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келаётган дурдоналарни ўрганиш, муҳофаза қилиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Тарихий ва маданий ёдгорликлар Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари билан ҳуқуқий муҳофазага олинган.
Айни пайтда мамлакатимизда 10 мингга яқин маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, улардан 1129 таси вилоятимиз ҳудудида жойлашган. Уларнинг 224 таси архитектура иншоотлари, 858 таси археологик ёдгорликлар, 47 таси эса санъат асарларидир. Истиқлол йилларида уларни авайлаб асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
- Биргина кейинги бир йил давомида вилоятимиздаги обидаларда 11,5 миллиард сўмликдан ортиқ реставрация ва консервация ишлари амалга оширилди, - дейди вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Халилов. – Бунинг натижасида Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Чорсу мажмуалари, Чубин, Абдушукур Оғолиқ мадрасалари, Молик Аждар, Қундузак масжидлари, ўрта аср ҳаммоми, қадимий қалъа девори, Самарқанд дарвозаси, Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий, Ҳалвоний, Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳлари қайта чирой очди. Жорий йилда ҳам бу ишлар изчил давом эттирилиши ва бунинг учун 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Дарвоқе, асраш деганда нафақат ўша тарихий обидани бус-бутунлигича сақлаш, балки унда ишлатилган турли меъморий ечимлардан, ноёб безаклардан замонавий архитектурада кенг фойдаланиш ҳам тушунилади. Бу орқали аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти замонавий иншоотларимизга кўчади ва келажак авлодга етиб боради. Шу маънода Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмида бунёд этилган аллеядаги фаввораларда Оқсаройнинг фарфор майоликаларидан, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйларда темурийлар даврига хос кошинлардан фойдаланилаётгани айни муддаодир.
Вилоятда археологик ёдгорликларни асраш, уларни тадқиқ қилиш борасидаги ишлар кўлами ҳам кенг. Жумладан, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари деб эътироф этилган ёдгорликлар чуқур ўрганиб чиқилмоқда. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топонимика, картография ишлари амалга оширилди. Шунингдек, истиқлол йилларида археологлар, тарихчи олимлар томонидан вилоятдаги юздан ортиқ тепаликда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Ўрганишлар вилоятимиз ҳудуди инсониятнинг қадимий манзилгоҳларидан бири эканини яна бир бор исботлаб берди.
Ўтган асрнинг ўрталарига келиб жаҳон жамоатчилиги нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарият мулки сифатида келажак авлодга етказиш масаласига эътибор қаратди. ЮНЕСКО ташкилоти 1972 йили Парижда бўлиб ўтган симпозиумда маданий ва табиий мерос ёдгорликларни муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилган бўлса, 1983 йилда БМТ томонидан 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни, деб белгиланди. У ҳар йили “Тарихий Ватанимизни асраймиз!” шиори остида ўтказиб келинмоқда.
- Вилоятдаги ҳар бир тепа, ҳар бир археологик ёдгорликда тарих тилсимлари яширинган, - дейди Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти етакчи илмий ходими, институтнинг Қашқадарё экспедицияси бошлиғи Абдусобир Райимқулов. - Масалан, биргина Ерқўрғон шаҳристони милоддан олдинги IХ-VIII асрларда бу ерда шаҳар пайдо бўлганини, шаҳарсозлик вужудга келганини кўрсатади. Айни пайтда бу ерни очиқ осмон остидаги музейга, бу билан уни сайёҳлик марказига айлантириш борасида изланишлар олиб борилаяпти. 2,2 километр узунликдаги ички қалъа девори билан ўралган 40 гектарлик, шунингдек, ташқи қалъа девори билан ўралган 150 гектарлик ҳудудда тадқиқот ишлари олиб борилаяпти. Зардуштийлар ибодатхонаси, ҳунармандлар маҳаллалари чуқур ўрганилаяпти. Аҳамиятли жиҳати, бошқа қадимий шаҳар харобаларига қараганда, Ерқўрғонда тарихий қатламлар жуда яхши сақланган. Бу ердаги шаҳар милодий VI асрда эфталлар давлатини ишғол қилиш давомида Турк ҳоқонлиги ва Эрон сосонийларининг бирлашган кучлари томонидан ёқиб юборилган ва вайрон қилинган бўлса, шундан буён унинг устига ҳеч нарса қурилмаган. Шу боис осори-атиқалар яхши сақланган ҳамда улар халқимизнинг қарийб 3000 йил аввалги маданиятидан гувоҳлик беради. Мақсадимиз тарихимизни, тарихий ёдгорликларимизни келажак авлодларга бор бўй-басти билан етказишдан иборат. Чунки тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминимизга муҳаббатни юксалтиради, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, халқимизнинг ўтмишини, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бу каби нодир археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.
Б.ЖОНИМОВ.