Меню

Қашқадарё

08.12.2017 1943

БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗ КАФОЛАТИ

Бундан 25 йил олдин, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХII чақириқ XI сессиясида моҳияти ва аҳамияти жиҳатидан жуда қимматли, тарихий ҳужжат - Конституциямиз қабул қилинди. Шу кундан бошлаб Ватанимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти, бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқ учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, жаҳон ҳамжамиятида  ўз муносиб ўрнимиз бўлишида  Бош қомусимиз асос бўлиб келмоқда.

 Асосий қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги    бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этганини кўришимиз мумкин. Унда халқимиз кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик каби улуғ хислатлар, истиқлол ва тараққиёт йўли акс этган.

Давлатимизнинг Асосий қонуни халқимизнинг миллий ўзига хослиги, урф-одат ва анъаналари, ўзбек давлатчилиги ривожидаги тарихий тажрибаларимиз, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари, ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганлиги билан ҳам ажралиб туради. Мамлакатимизнинг амалдаги Конституцияси соф демократик руҳда яратилган бўлиб, миллий ҳуқуқий тизимнинг пойдеворидир. Унинг  қабул қилиниши билан ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатланди. Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир фуқаро жинси, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, сиёсий дунёқарашидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ва бир хил ҳуқуққа эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, Конституция инсонлар қонун учун эмас, қонунлар инсон учун хизмат қилмоғи лозим, деган принципни ўзида мужассам этгани, халқнинг давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи сифатида эътироф этгани учун ҳам улуғвор аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти    Ислом Каримов шундай деган эди: “Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди. Бир сўз билан айтганда, Асосий қонунимиз ҳуқуқий давлат қуриш йўлига ўтишимизнинг пойдеворини қуриб берди”.

Конституциямизнинг 15-моддасида белгиланган “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши”, 16-моддасида “Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормаларига ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас”лиги каби талабларнинг қайд этилиши ижтимоий муносабатларни тартибга солишда ва демократик ўзгаришларнинг амалга ошишида қатъий қоида бўлиб хизмат қилади.

Асосий қонунимизнинг         2-моддасида келтирилган “давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги” тўғрисидаги қоида эса юртимизда инсонни, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида кўрилишини, инсон ва жамият манфаатларининг давлат манфаатларидан устунлигини англатади. Масалан, жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳам мамлакатимизда    инсон манфаатларини улуғлашнинг ҳуқуқий асоси  қомусимизда юксак даражада мустаҳкамлаб қўйилганини кенг намоён этади.

Маълум бир давлат ҳудудида яшаб турган инсон учун қайси давлатга мансублиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳур бир инсоннинг ҳуқуқий мақоми унинг қаерда яшаётгани, қайси давлат фуқароси эканлиги каби ҳолатларга боғлиқ ҳолда шаклланади. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси  Конституциясида “инсон” ва “фуқаро” мақоми алоҳида таърифланади. Ўзбекистон Конституциясининг ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган нормалари, агарда инсон ҳуқуқлари мустаҳкамланаётган бўлса, одатда “ҳар ким”, “ҳеч ким” каби иборалардан фойдаланилган. Агар Ўзбекистон фуқароси ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамланаётган бўлса, “Ўзбекистон фуқаролари” деган атамадан фойдаланилган.

Ўзбекистон Конституцияси инсоннинг узоқ давом этган эркинлик ва тенглик учун кураши жараёнида шаклланган умуминсоний сиёсий-ҳуқуқий қадриятларга бўлган эътиқоди ва содиқлигини намойиш этиб, инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини тизимли равишда мустаҳкамлайди. Дунёдаги ўз конституциясига эга давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам ўзининг    жаҳон талабларига жавоб берадиган, мукаммал, ихчам ва кенг қамровли, демократик тамойиллар асосидаги инсонпарвар Конституцияси билан муқим ўрин тутади. Бизда Конституциянинг шунчаки мавжудлиги эмас, унинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишда асосий манба эканлиги энг муҳим жиҳатдир. Уни келгуси авлод эркинлик, мустақиллик, озодлик ва ҳурлик тантанаси сифатида эъзоз билан тилга олади. Ўзбекистонликлар шундай улуғвор Конституцияси бор халқ сифатида жамики бахтга муносибдир.

Деҳқонбой АБДУЛЛАЕВ, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!