Меню

Қашқадарё

11.02.2017 2714

БУЮК ИСТЕЪДОД СОҲИБИ

 

Биз Бобур тимсолида буюк шоҳ, маҳоратли саркарда, мумтоз шоир, назариётчи адабиётшунос, фиқҳшунос, тилшунос, санъатшунос, этно-граф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони каби кўпқиррали фаолият ва ижод соҳибини кўрамиз. Биргина “Бобурнома” асарининг ўзи унинг йигирмадан ортиқ соҳалар билимдони эканлигини яққол намоён этади.

Бобур биринчи навбатда темурийзода шоҳ, бобурийлар сулоласининг асосчисидир. У подшоҳ сифатида лашкар тортиб, қўшин мағлубиятининг аччиқ аламларию зафарларнинг улуғвор нашидаларини кўп маротаба ўз бошидан кечирди. Отаси сингари улуғ ҳимматли ва олий мақсадли шахс бўлганлигидан Фарғона вилоятидан Самарқандга интилди. У ерда Шайбонийхондан енгилиб, Кобулга келди ва кейин Ҳиндистондек бепоён йирик мамлакат ҳукмдорига айланди.

Шоҳ Бобур Ҳиндистонда темурийларга хос улуғ бунёдкорлик ишларини олиб борди: муҳташам қасрлар қуриш ва эскиларини тиклаш, ариқ-каналлар қазиш, боғ-роғлар бунёд этиш, адабиёт, илм-фан ривожига ҳомийлик қилиш, элни адолат билан бошқариш сингари фазилатлар кейинчалик ҳинд элининг буюк фарзандлари томонидан ҳақли равишда эътироф этилди ва ижобий баҳоланди. Жумладан, машҳур давлат арбоби Жавоҳир-лаъл Неру Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида шундай фикр билдирганди:  “Бобур - дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган...”

“Бобурнома” асари котиби Бобурнинг улуғ подшоҳларга хос саккиз шахсий фазилатини қайд этган: “Ва маҳолдурким, ул подшоҳи қобилнинг яхшилиғларини айтган билан ва битган билан туганмагай. Лекин мужаммал буким, секкиз сифати асил анинг зотига муттассил эди: бириси буким, нажҳати баланд эди; иккимчиси, ҳиммати аржуманд эди; учимчиси, вилоят олмог; тўртумчиси, вилоят сахламоғ; бешумчиси, маъмурлуғ; олтимчиси, рафоҳият нияти Тенгри таоло бандалариға; еттимчиси, черикни кўнгли(ни) қўлга олмоқ; секкизимчиси, адолат қилмоқ”.

Бобур девон тартиб берган шоир сифатида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ёнида турадиган мумтоз сўз санъаткори, шоир ва адибдир. Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, бадиий маҳорат бобида Бобур ижоди кўп жиҳатдан бошқа ўтмиш шоирлариникидан бирмунча фарқланиб туради. Нуктапардозлик (янги фикрлар айта олиш маҳорати), жозибали бадиий санъатлардан меъёрида ва ўринли фойдаланиш маҳорати ва эҳтирос жўшиб турган рангин туйғулар талқини бобурона самимий шеъриятга хосдир. Бунинг устига унинг мумтоз шеъриятга дадил киритган “ҳасби ҳол” - таржимаи ҳол йўналиши ҳам Бобур шеъриятини алоҳида нурлантириб туради. Ана шу кейинги хусусият шоирнинг ватанпарварлик туйғуларига жон бағишлайди. У она шаҳри, Ватани соғинчларини шеърда ифодалар экан, Ҳинд ва унинг атроф сарҳадларини ўз ичига олган қудратли давлат шоҳининг беихтиёр “андижонлик ғариб”лигини қўмсаши китобхон эътиборини тортади:

Не ерда бўлсанг,  эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингга  тараҳҳум айлагилким, андижонийдур.

Бобур жозибали мумтоз ғазаллар ижодкоригина эмас, у рубоий жанрида ҳам ўз шахсий услубини намойиш эта олган улкан санъаткордир. Ўзбек мумтоз адабиётининг рубоий жанри ривожида Бобурнинг ўрни алоҳидадир. Фалсафий ва тасаввуфий рубоийчиликда Умар Хайём форс адабиётида пешво бўлганидек, Бобур ўзбек адабиёти рубоийчилигида икки жиҳатдан: рубоийларининг кўплиги ва рубоийга ҳасби ҳол, яъни таржимаи ҳолга доир деталларни сингдиргани   билан бошқа мумтоз шоирларимиздан фарқланади.

Шуниси эътиборлики, Бобур рубоийларининг мавзулари ғоят хилма-хил. Фалсафий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий, диний-тасаввуфий, севги-муҳаббат, дўстлик-тотувлик, ҳаётга муҳаббат, ёру диёр, нифоқ ва ноиттифоқлик, жўмардлик ва тантилик, ҳаётдан совиш ва далли-девоналик сингари талқинлар маънавий теранлигию табиийлиги билан ўқувчини мутолаага мойил этади. Айниқса, Ватандан йироқлик, унинг ҳижрони бу рубоийларнинг аксариятига сингдирилган:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб,

Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин,  не юз қаролиғ бўлди?!

Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, “Вақоеъ” (“Бобурнома”) Бобур саргузаштларининг воқеий тарихий лавҳаларидан иборат бўлса, унинг рубоийлари ана шу қомусий асарга ўзига хос иловадир. Зотан, “Бобурнома” воқеалар баёни бўлса, рубоийлар ўша воқеалар иштирокчиси Бобурнинг ҳис-туйғулари, руҳий ғалаёнлари ифодасидир.

Бобур ижодининг бир қирраси сифатида адабиётшунослик фаолияти ҳам намоён бўлади. Маълумки, мумтоз шеъриятда аруз вазни масаласи ҳамиша асосий ва муҳим аҳамият касб этган. Ўша давр ижодкорлари қатори Бобур ҳам бу соҳага жуда қизиққан. Шеъриятда кўп вазн қўллаш ҳодисаси муайян маънода ижодкорнинг нуфузи ва савиясини кўрсатиб турувчи ҳодиса ҳисобланган. Бу борада ўта талабчан бўлган Бобур ҳатто улуғ шоҳ Ҳусайн Бойқаро девонидаги ғазаллар бир вазнда ёзилганини махсус қайд этган ва бу ҳолни ижобий ҳодиса деб қарамаган.

Бобургача ўзбек тилида аруз илмига доир икки асар ёзилган. Биринчиси - Шайх Аҳмад бин Худойдод Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” (1436/37) асари бўлиб, бундаги тўрт илмнинг бири аруздир. Иккинчиси - Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асаридир. Бу рисолада 140  вазн ҳақида илмий маълумот берилган. “Бобурнома”ни кўчирган котиб Бобурнинг аруз рисоласи номини “Муфассал” (“Тўлиқ”) деб кўрсатади. Дарҳақиқат, Бобур бу асарини шундай ёзганки, унда ўз ифодасини топган 537 вазн миқдорига аҳамият берилса, тадқиқотнинг бежиз “Муфассал” деб аталмаганига амин бўламиз. Лекин нима учундир бу асар бизга “Мухтасар” (“Қисқача”) номи билан етиб келган.

Бобур фиқҳ соҳасига дахлдор асар ҳам ёзган. Фиқҳ - мусулмончилик фарз ва суннатлари ҳақидаги амалий низом илми, яъни қонуншуносликдир. Бу ҳам бежиз бўлмаган. Зеро, Бобур бир умр шариатпаноҳ ҳукмдор бўлиб яшади, шариатга амал қилди, шаръий ҳукмлар берди. Унинг фиқҳга оид яна бир асари – “Мубаййин” да муаллиф фарзандлари билиши зарур бўлган фарз асосларини (имон, намоз, рўза, закот, ҳаж) ўташ масалаларини шеърий усулда муфассал баён этиб беради. XX асрда “Мубаййин” таркибидаги “Китоб уз-закот”, “Китоб ул-ҳаж”, “Китоб ус-салот” қисмлари алоҳида китоблар ҳолида бир неча маротаба нашр этилган эди. “Мубаййин” 2000 йилда профессор Саидбек Ҳасанов томонидан тўлалигича нашр этилди.

Бобур ижодий фаолиятининг характерли қирраларидан бири янги ёзув кашфиётчиси сифатида майдонга чиққанлигидир. Маълумки, маданият тарихида ёзувларнинг аҳамияти катта. Туркийлар ўз узоқ тарихларида кўплаб ёзувлардан, чунончи, турк-руний, араб, уйғур ёзувларидан фойдаланиб келганлар.  Бобур араб ёзувида савод чиқарган ва умри бўйи шу ёзувда икки-уч тилда матн битган, ижод қилган. У бу ёзувнинг ифода имкониятлари, шакл ва қўлланиш хусусиятлари, ютуқ ва камчиликларини яхши билган. Шунинг учун у бу ёзувни янада мукаммаллаштириш, осонлаштириш, сўзни ҳар хил ўқиш нуқсонларини бартараф этиш мақсадида янги ёзув - “Хатти Бобурий” (“Бобур ёзуви”)ни кашф этди. Унинг бу жасорати, биринчидан, маънавият ва саводхонликка куюнчаклигидан бўлса, иккинчидан, ўқиш ва ёзишни осонлаштириш, қулайлаштиришга интилиши туфайли эди. Бобур замонида ёзувни янгилаш ёки янги хатни жорий этишга уриниш осон эмасди. Чунки араб ёзуви – “Қуръон” ёзуви эди. Шунинг учун Бобурий хаттини амалиётга жорий қилиш  ниятида Бобур бу ёзувда, аввало, Қуръони каримдан икки нусха тайёрлаб, бирини Маккага, иккинчисини Теҳронга жўнатади. Бу ўз даври учун катта маданий-маърифий жасорат эди.

Бу саналганлари буюк бобомиз истеъдодининг қирраларидан айримлари, дейиш ўринли. Унинг ижоди билан яқиндан танишган киши Бобурнинг моҳир таржимон, мусиқашунос ҳам бўлганидан хабар топади. Қолаверса, биргина “Бобурнома”си билан география, тарих, этнография, табиатшунослик илмига, жанг санъатига доир кўплаб билимлардан бохабарлигини исбот этади. Унинг бундай серқирралиги ҳали Бобур шахси, фаолияти ва ижодини ўрганиш, тадқиқ қилиш лозим бўлган кўпгина жиҳатлари борлигини англатади ва бизни шунга ундайди.

 Одилжон БЕГИМОВ,

филология фанлари номзоди

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!