Меню
Қашқадарё
Буюк Ипак йўли мероси йўлаклари: ХАЛҚ ҲУНАРМАНДЧИЛИГИ ҚАНДАЙ ШАРОИТДА РИВОЖЛАНАДИ?
Масалан, Миришкор туманидаги Жейнов қишлоғида гиламнинг жехизи, ой, бозори, ишти, харам ва яглови каби турлари тўқилади. Улар ўзининг мустаҳкам ва бежирим, турфа безакларга бойлиги билан эътиборга молик. Жейнов маданият уйида фаолиятини "устоз-шогирд" анъанаси асосида йўлга қўйган моҳир гиламдўз Рўзимо Ҳакимова эса гилам тўқиш ҳунарини сақлаш ва уни келгуси авлодларга қолдиришни асосий вазифаси деб билади.
Қарши шаҳрида "Буюк Ипак йўли мероси йўлаклари: Ўзбекистон ҳудудларининг барқарор ривожланиши мақсадида номоддий маданий меросни сақлаб қолиш ва етказиш" мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилиб, 67 ёшни қаршилаган Рўзимо Ҳакимованинг ишлари алоҳида эътироф этилди.
Вилоят ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Маданият вазирлигининг музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятимиз уста ҳунармандлари, музей ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Фуад Пашаев, "Ҳунарманд" ассоциацияси раиси ўринбосари Акобир Ҳакимов, ЎзФА академиги, профессор, санъатшунослик фанлари доктори, Санъатшунослик институти амалий безак санъати бўлими мудири Акбар Ҳакимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон маданий сиёсатидаги инновацион ўзгаришлар шароитида вилоятнинг ғарбий ҳудудларида ҳунармандчиликни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, музейларда ушбу маҳсулотларнинг экспонантларини сақлаш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳусусида фикр билдиришди.
- Қашқадарё маданий меросларга бой ўлка, - дейди Акобир Ҳакимов. - Воҳада кулолчилик, каштадўзлик, гиламчилик каби йўналишлар халқ ҳунармандчилигининг энг ноёб намуналари саналади. Айниқса, Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб, Миришкор ва Қарши гиламлари ноёб тарихи ва бетакрор аҳамиятини ҳамон йўқотмай келмоқда. Айрим манбаларда VI-VII асрларда Қаршида тўқилган гиламларнинг Хитой бозорларида ҳам сотилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Лойиҳамизнинг асосий мақсади Ўзбекистон усталари, ҳунармандлари ва амалиётчиларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу мақсадда вилоятда лойиҳа доирасида 10 кундан ошиқ вақт давомида ҳунармандлар ва амалий санъат усталари маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади, уста-ҳунармандлар томонидан каштачилик, кулолчилик, гилам тўқиш бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилади.
Давра суҳбати давомида анъанавий ҳунармандчиликни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, айниқса, кулолчилик ҳунарининг оқсаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
- Кулолчилик Касби туманида кенг тарқалган, - дейди Муҳриддин Аминов. - Ёшлигимдан шу касб билан шуғулланиб келаман. Бизда кулолчиликда ишлатиладиган кўпгина тупроқ турларини учратиш мумкин. Ушбу тупроқлар асосан 2 турга бўлинади: ширали ва ширасиз. Ширалиси асосан катта ҳажмдаги узунчоқ идишлар, хум, хурмача, кўза ва тандир тайёрлашда ишлатилса, ширасиз тупроқдан унча катта бўлмаган ҳар хил ўйинчоқлар, турли ҳажмдаги коса, товоқ, ликопча, кўзача, тоғора, чироқ ясашда фойдаланилган. Сўнгги йилларда маҳсулотларимизни пишириш учун газ муаммо бўлаётганлиги сабабли фақат тандир ясаш билан шуғулланардик. Соҳага бўлган эътибор ортганлиги сабабли ўтган йилдан бошлаб яна турли хил сопол идишлар ясашни бошладик. Ўйлайманки, ҳунармандчиликнинг ушбу тури келгусида янада ривожланади.
Тадбир муҳокамаларга бой руҳда ўтди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Хусниддин АТО олган суратлар.