Меню
Қашқадарё
БУЮК ИНСОН СИЙМОСИГА ЧИЗГИЛАР
2 сентябрь - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси куни
Мамлакатимиз мустақиллиги ҳақида сўз бораркан, Биринчи Президент Ислом Каримов номи доим ёдга келаверади. Чунки бир асрдан ошиқ вақт мобайнида чор Русияси ва Совет иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон унинг саъй-ҳаракатлари билан асрий орзу - истиқлолга эришди.
Ислом Каримов фаолиятида Қашқадарёга раҳбарлик қилган давр алоҳида ўрин тутади. Вилоятни таназзулдан чиқариб, юксалиш сари бошлаган Ислом Абдуғаниевич бу заминга алоҳида фарзандлик меҳри билан қарар, ўзи ишлаган йилларни соғиниш билан эсларди. Ўз ўрнида воҳа аҳли ҳам бу инсонни катта ҳурмат-эҳтиром билан ёдга олади.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган ҳикоялар эса Ислом Каримовнинг вилоятдаги фаолиятига, катта шахс сиймосига кичик чизгилардир...
АРИҚ ҚАЗГАН СУВ ИЧАДИ
Ёз кунларининг бирида вилоят раҳбари Косон туманидаги пахта далаларини кўриб юргани хабари тарқалди. Туман раҳбарлари, хўжалик раислари, бригадирлар - ҳамма оёққа туриб, Каримовга пешвоз чиқишга, ўзларининг энг яхши ривож олган ғўзаларини кўрсатишга тайёрланар эди.
Туманнинг янги ўзлаштирилган ерларида пахта етиштираётган қўшни бригадаларда икки хил манзара пайдо бўлиб, улардан бирида ғўза кўкракка урса, бирида сувсизликдан қовжираб ётарди. Тепса-тебранмас бригадир Каримовнинг келаётганини эшитиб, далага югурди. Елкасига бел, ёнига бир сувчисини олиб қулоқ бошига борди. Бу пайтда илғор бригада сувчилари сув тараш билан машғул эди. Бригадирнинг сувни ўз томонига ағдариб олганини кўриб, қўшни бригада сувчилари ҳам қулоқ бошига келишди. Орада тортишув, бақир-чақир бошланди. Шу пайт уларнинг ёнига Каримов ўтирган "Волга" келиб тўхтади. Шунда ҳам сув қолоқ бригада даласи томон оқар, сувчилардан бири Каримовни танимади, афтидан, унинг келишини эшитмаган ҳам, ҳар куни ишни кузатиб юрадиган раҳбарлардан деб ўйлаб, ҳар ҳолда, овозини пастлатиб, сўкинишда давом этар эди.
- Ҳай, ҳай, ўртоқлар! Нима гап? Нима жанжал?
Бригадир каловлана-каловлана:
- Ислом ака, булардан бизга сув ўтмайди... Қаранг, даламиздаги ғўзалар қандай чанқаб қолган...
Ҳалиги сўкинаётган сувчи гапга аралашди:
- Ўн-ўн беш кун орада канал тўла сув оқиб ётди, биттаси қорасини кўрсатмади. Биз икки кундан буён сув тараяпмиз. Бугун лоп этиб қулоқнинг бошида пайдо бўлиб ўтирибди. У ёқ-бу ёққа қарамай, сувни ўз ариғига ағдариб олганини кўрмайсизми?
Каримов сувчининг содда, чапани, ўз ишига масъулиятли одам эканини кўриб завқланди. Бир оз ҳазиллашиб, уни кўпроқ гапиртириб кулди. Бригадирнинг қиёфасига разм солди. Шундан сўнг янтоқ, шўра-шапа ўсиб кетганидан сув аранг оқаётган ариқни кузатди, ундан енгил сакраб ўтди-да, икки бригаданинг пахтазорларига синчиклаб назар ташлади. Кейин ёнига бригадирни чақирди:
- Бу ёққа ўтинг, мана бу дала сизникими?
Қорни қозондай бўлган бригадир ариқдан сакраб ўтмоқчи бўлган эди, шалоп этиб сувга йиқилди. Каримов унга яқин бориб қўлини узатди:
- Кўрдингизми, ариқни қазмагандан ариқ ҳам ўч олади. Уни қазсангиз, ундан бир неча марта сакраб ўтардингиз, сакрашга қийналмайдиган бўлар эдингиз.
Бригадир ариқдан чиқар экан, хижолатдан ерга киргудек бўлди. Нуқул кечирим сўрарди. Каримов сўзида давом этди:
- Халқнинг "Ариқ қазган сув ичади" деган сўзини эшитганмисиз? - Бригадир бошини ирғаб бу иборани эшитганини билдирди. - Шу иборанинг сўзлари ўрнини бир оз ўзгартириб, сувни ариқ қазган ичади, десак, қандай бўлади?
Бригадир тушуниб-тушунмай секингина: "Яхши бўлади", деди. Каримов:
- Ундай бўлса, сувни ўзингиз уларнинг ариғига бошлаб беринг, - деди дарғазаб турган қўшни бригада сувчиларини кўрсатиб. - Сиз билан кечқурун райкомда гаплашамиз...
ИНСОННИНГ НАСАБИ ЭМАС, ҚИЛГАН ИШИ МУҲИМ
Қолоқ бир хўжалик директорини алмаштиришга тўғри келиб қолди. Унга янги директор тайинлаш учун икки кишининг номзоди кўрсатилди. Улардан бири вилоятда кўпчилик танийдиган бообрў кишининг ўғли, уни ҳатто вилоят раҳбари ҳам шахсан танир, ҳурмат қилар; бири эса қишлоқдан бошқа жойда ҳеч ким танимайдиган оддий деҳқоннинг фарзанди эди. Бообрў кишининг ўғли тумандаги йирик ташкилотлардан бирида ишлаб тажриба орттирган, ишчининг ўғли ўзининг рационализаторлик ишлари билан кўпчиликнинг тилига тушган эди. Бообрў кишининг ўғли хўжаликка раҳбар бўлиб келишига кўпчилик ишонди. Чунки унинг таниш-билишлари ҳам, эл орасида ҳурмати ҳам рақибини ортда қолдирар эди. Деҳқоннинг ўғли ҳар доимгидек, ишга бориб келар, бу борада умид ҳам қилмаган, райкомнинг шунчаки тавсиясига ҳам индамайгина қўйган эди.
Вилоят раҳбари номзодларни бир вақтда суҳбатга чақирди. Саркотиб олдига улар бирин-кейин кириб чиқдилар. Жавоб уларнинг иккаласига ҳам бир хил бўлди: "Ишни қилаверинг, хулосани ўзимиз айтамиз".
Орадан ўн-ўн беш кун ўтиб, деҳқоннинг ўғли директорлик вазифасига тайинланди. Қишлоқ аҳли бу ҳолдан хурсанд бўлса-да, бообрў кишининг тарафдорлари адолатнинг бузилиши сифатида талқин қила бошладилар. Улар бора-бора ўз талқинларининг ҳақиқатлигига ўзлари ҳам ишониб қолдилар. Бир куни бообрў киши вилоят раҳбарининг йўлини пойлаб, унга пешвоз чиқди. Салом-алик ва қисқа сўрашишдан сўнг у эътироз билдирган бўлди:
- Раҳбарлик ҳам зот сурадиган фазилат. Зотида раҳбар ўтмаган киши хўжаликка раҳбар қилиб қўйилиши натижа берармикан?..
Каримов бир оз қараб турди-да, ўз қарорини изоҳлаб берди:
- Мен ҳеч кимга айтмасдан уларнинг ишларини ўз кўзим билан кўриб келдим. Унгача қароримни айтмаган эдим. Ўғлингиз одамларга иш қилдиришни билади, принципи қаттиқ йигит экан. Бу яхши, лекин у кабинетдан чиқмайди, иш жараёнини яхши тушунмайди. Ҳатто бир куни чилангарлар уни Т-28 тракторининг радиатори тешилиб қолди, деб аҳмоқ қилишган. Қилган ҳар бир ишидан ғарази, таъмаси бор. Бундан ташқари, у калондимоғ, такаббур, одамларни назар-писанд қилмайди, улар учун қайғурмайди. Алтернативи камтарин, содда, билимдон йигит экан. Қилган ишидан ҳеч қандай ғарази йўқ, эл-юрт учун меҳнат қилаверади. Одамларни ҳурмат қилади, севади. Йигирмата рационализаторлик ишини қилиб, таъмаси йўқлигини қаранг, бирортаси учун ҳам патент ё бошқа ҳужжат қилайин, шундан бир манфаат келади, деб ўйламабди. Инсоф билан айтинг-чи, уларнинг қайси бири директорликка лойиқ? Қайси бири директорликка тайинланса, адолатдан бўлади? Сизнинг фикрингиз қандай - билмадим-у, мен учун инсоннинг наслу насаби эмас, қилган ишлари муҳимроқ.
Бообрў одам мулзам бўлиб деди:
- Кечирасиз, мен ғафлатда қолибман. Сиз уни мендан ҳам кўпроқ ўрганибсиз...
ХАТОЛАРНИ ҲУЖЖАТЛАШТИРИШМАС, ТУЗАТИШ ЗАРУР
Бутун мамлакатда бошланган талотўпларнинг эпкинлари Қаршига ҳам келиб турди. Пойтахтдан онда-сонда "ташриф буюрган" сохта демократлар ёшлар орасида фитна тўзонини кўтариб кетишарди. Баъзи талабалар, ижодкорлик ҳавасида юрган ёшлар уларнинг баландпарвоз чақириқларидан ҳаволаниб, ота-оналарига ҳам, эл оқсоқолларига ҳам сапчий бошладилар. Қайта қуриш, демократия ва ошкораликни ўзларича тушуниб, ўзларича талқин қилиб, тезда қаҳрамонларга айланишга, ўзларини кўрсатишга киришиб қолдилар.
Қаршидаги ёшлар энг гавжум бўлган педагогика институтида ҳам, домлаларни беҳурмат қилиб бўлса-да, ўз обрўларини оширишга, машҳур бўлишга ҳавасмандлар пайдо бўлди. Улар орасида баъзи ўқитувчилар ҳам бор эди, ёшлар воситасида институтда ўзларига ёқмаган, раҳбарлик вазифаларида ишлаб турган кишилар устидан иғволар уюштиришгача бориб етдилар. Институт раҳбарлари ўқитувчиларга нисбатан чора кўра олмасалар-да, тартибсизликлар келтириб чиқараётган талабалар ўқишдан четлатилди. Шундагина "демократ" талабаларнинг кўзлари очилгандек бўлди. Улар ўз "устозлари"нинг кўмагида вилоят раҳбарига ариза ёзишиб, ўқишга тикланишлари учун ёрдам беришини сўрадилар.
Саркотиб уларни қабул қилди. Бўлиб ўтган воқеаларни суриштириб билгач, хулоса қилиб деди:
- Сизларга нима керак? Эркинликми? Эркинлик учун сизда хоҳиш бўлса бўлди. Хоҳишингизни амалга оширишни бизга қўйиб беринглар. Яна нима керак? Машҳурликми? Қаҳрамонликми? Булар фақат чуқур билим ва меҳнат билангина қўлга киритилади. Ҳали ҳеч ким кўчага чиқиб дод-вой солиш билан, кўринганга сакраш билан қаҳрамон бўлмаган. Кишини Ватан, халқ қаҳрамон қилиб кўтаради. Бунинг учун, энг аввало, уларни севиш, ҳурмат қилиш, ардоқлаш керак. Сиз, қўлингиздан келса, мана шу йўлдан боринг! Ватанни, халқни тараннум қилинг!
Талабалар вилоят раҳбари ҳузуридан жимгина чиқиб кетишди.
Эртаси институт ректори ва проректорлари қабулга чақирилди. Саркотиб улардан воқеа тафсилотини сўради. Ректор ва проректорлар воқеани ўз талқинларича сўзлаб бердилар. Тинчликни сақлаш учун исёнчи талабалардан воз кечганлари, уларга йўл кўрсатаётган устозларини жазолаш режасини ишлаб чиқаётганларини таъкидладилар. Вилоят раҳбари уларга савол берди:
- Хўш, уларни қаерга ҳайдадингиз?
Савол жавобсиз қолди.
- Уларни жамиятдан чиқариб ҳайдай олмайсиз-ку. Уларни кўчада бақир-чақир қилиб юрганларга қўшиб юбормоқчимисиз?
Ректор секингина:
- Биз ҳам ҳайдамоқчи эмас эдик, деканлари улар устидан бир даста-бир даста ҳужжат тўплаб келди...
Каримов шу ердаёқ унинг гапини кесди:
- Деканларингиз устозми ёки жиноят қидирувчиларми? Жиноят қидирувчилар бўлса, ички ишларга бориб ишлашсин! Устознинг, мураббийнинг вазифаси шогирднинг хатоларини ҳужжатлаштириш эмас, хато йўлдан қайтариш, тарбиялаш! Билиб қўйинглар, ёшлар бизнинг бағримизда бўлиши керак! Ҳа деганда ҳайдаб юбориш билан институт ўз зиммасидаги масъулиятдан халос бўлмайди.
Шундан кейин ректор ўз буйруғини бекор қилишга мажбур бўлди.
Нафас ШОДМОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор