Меню
Қашқадарё
БУЮК ҲИКОЯНАВИСНИНГ ҲАЁТИЙ ХУЛОСАЛАРИ
Адибнинг 1958 йилда чоп этилган “Олтмиш ҳикоя” тўплами Италиянинг энг обрўли “Стрега” адабий мукофоти билан тақдирланган. “Ла Скала”даги шов-шув” ҳикояси эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европа адабиётида дунёга келган юксак бадиий асар сифатида баҳоланган.
Қуйида унинг сара ҳикояларидаги ўқувчини ўйга толдирадиган, мушоҳадага чорлайдиган фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.
Гарчи, инсоният кўзлари илғай оладиган макондан ўзга ўлчамда ҳам оламлар мавжудлиги аллақачонлар исботини топган бўлса-да, бунга ҳамон инсон тафаккури учун жумбоқ бўлмиш воқелик, дея шубҳа билан қараб келинади. Гўёки ўша олам билан биз яшаётган олам ўртасида кўринмас бир девор бордек ўзининг учқур тафаккури қанотида тобора кўкка юксалиб бораётган инсон ногаҳон шу деворга пешонасини уради-да, парвоз ниҳоя топади. На Платон, на Пифагор, на Данте бугун ҳаёт бўлганларида ҳам, ушбу деворни ишғол қила олишмаган бўларди, илло, бизнинг миямиз бундай ҳақиқатларни сиғдиришга қодир эмас.
* * *
Сиз - Одам болалари, ҳаммангиз бир гўрсиз. Сизга мудом нимадир етишмайди. Сира бировдан миннатдор бўлмайсиз. Бир сония ортиқроқ яшаш учун тиз чўкиб оёқ ўпишга-да тайёрсиз. Баҳона топишни-ку қийиб қўясиз.
* * *
... Мен адойи тамом бўлган одамман, лекин бахтиёрман. Ҳар қалай, мен қўлимдаги косани таг-тугига қадар сипқариб улгурганимча йўқ. Тўғри, жудаям оз бўлса-да, ҳали ичида нимадир бор. Уни сўнгги томчисига қадар татиб кўришдан умидворман. Агар яна озгина яшай олсам, албатта: анчагина кексайиб қолганман, бир оёғим тўрда бўлса, бир оёғим гўрда...
* * *
Чинакам сўз санъаткори учун жўнгина қаламкаш бўлиб кўринишнинг турган-битгани азоб, ҳатто агар ўзингизни аслингиздан ёмонроқ қилиб кўрсатишни астойдил истаганингизда ҳам.
* * *
... Нореттининг маъсум нигоҳларида аён кўриниб турган сидқидил ўтинч олдида жаҳоннинг энг мустаҳкам зирҳ билан қопланган лашкарлари ҳам ожиз қолишлари муқаррар эди, аммо-лекин муҳтожлик бундан истисно. Муҳтожлик унга бемалол бардош бериши мумкин: ҳувиллаган бўм-бўш чўнтакда юрак ҳам, меҳр-шафқат ҳам йўқ! Қандайдир бир кичкинтой қизалоқнинг дарди-дунёси, хоҳиш-истаги билан ҳисоблашиб ўтирадими у!..
* * *
... Майли, сен буни аҳмоқлик деб ҳисоблашинг мумкин, бироқ ҳақиқий санъат ҳамиша бизни молдан фарқлаб турувчи нарса бўлиб қолаверади. Бу ерда фойдали ё фойдасиз эканлиги аҳамиятли эмас. Эҳтимолки, буткул фойдасизлиги учун ҳам бизга жуда-жуда керакдир.
* * *
– Менга шуни айт-чи, Котиб, – сўради авлиё Онето узоқ муддатлик сукунатдан кейин, – сен ўз ҳаётингда бахтли эдингми?
– Шуям гап бўлибди-ю! – кулиб жавоб қилди ҳамсуҳбати. – Ерда ҳеч ким бахтли бўлолмаслигини билиб туриб сўрайсан-а!
Азизбек НОРОВ тайёрлади.