Меню
Қашқадарё
БУЮК БУНЁДКОРЛИК ЙЎЛИДА
Анжуманни вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров бошқариб борди.
Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бир қаторда вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган тарихчи олимлар, изланувчилар ҳам иштирок этди.
Анжуманда буюк Соҳибқирон бобомиз даврида олиб борилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, Амир Темурнинг азму шижоатидан улгу олиб, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, унинг бир бўлаги бўлган ва ул зот туғилиб ўсган Шаҳрисабзда амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида сўз юритилди.
Шаҳрисабз тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Сафаров йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор билан тасдиқланган дастур асосида Шаҳрисабзда кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқдаки, бугун Шаҳрисабз бутунлай ўзгача чирой касб этди. Дастурда Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат мажмуаларини бирлаштириб турадиган аллея бунёд этилиши кўзда тутилган бўлиб, бу ерда ишлар якунланиш арафасида.
14 та тарихий обидада реставрация ишлари олиб борилди. Дастурга мувофиқ, 16 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Яна 17 тасида бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Шаҳрисабз, Амир Темур киндик қони тўкилган замин том маънода муҳташам шаҳарга айланмоқда.
Анжуманда Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, Шаҳрисабздаги Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейи директори Наби Хушвақтов, Қарши давлат университети доценти Очил Бўриев, вилоят ўлкани ўрганиш музейи директори Баҳодир Мамадиев, Қарши давлат университети профессори Нафас Шодмонов Амир Темур қолдирган бой маданий меросни чуқур тадқиқ қилиш, Шаҳрисабз, умуман Қашқадарёнинг маданий-тарихий туризм марказига айланиб бораётганлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
Матбуот анжумани сўнгида иштирокчилар Шаҳрисабзда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Толиб ТЕМИРОВ.