Меню
Қашқадарё
БУТУН ИНСОНИЯТ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ЙИРИК АВЛОД
Ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида 10 ноябрь санаси Бутунжаҳон ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Сана тарихига назар солсак, 1945 йилнинг 29 октябридан 10 ноябрига қадар Лондон шаҳрида Бутунжаҳон ёшлар конференцияси бўлиб ўтади. Мазкур тарихий анжуман Иккинчи жаҳон уруши даврида фашизмга қарши курашиш мақсадида тузилган Бутунжаҳон ёшлар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилганди. Шу анжуманда бутунжаҳон демократик ёшлар федерацияси (БДЁФ)га асос солинди ва анжуман якунига етган кун - 10 ноябрь ҳар йили байрам қилинадиган бўлди. Анжуманда бутун дунёдан 63 миллатга мансуб, ирқи, дини ва сиёсий қарашлари турлича бўлган 30 миллиондан ошиқроқ ёш иштирок этганди.
Мазкур федерациянинг асосий вазифаси дунёда тинчлик ҳукм суриши, шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқлар ҳурлиги, тараққийпарвар ёшларнинг интернационал жипслиги учун курашишдан иборат. Бу ташкилот илгари сурадиган ғоя ва мақсадлар мустамлакачилик, неоколониализм, фашизм ва ирқчиликка қаршидир.
БДЁФ ташаббуси билан ўтказиладиган энг машҳур тадбирлардан бири ёшлар ва талабалар фестивали саналади. 1-Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивали Прагада 1947 йилда ўтказилган ва ўзида 17 минг нафар иштирокчини жамлаган. Йилдан-йилга бу фестивалнинг аҳамияти ва иштирокчилар сони ортиб бормоқда. Жумладан, ўтаётган йилнинг октябрь ойида Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган 19-Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалида дунёнинг 185 давлатидан келган 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган 25 минг нафар ёш қатнашди. Фестиваль “Тинчлик, бирдамлик ва ижтимоий адолат учун, биз империализмга қарши курашамиз – ўтмишни эъзозлаб, келажагимизни қурамиз!” деган шиор остида ўтказилди. 14 октябрдан 21 октябрга қадар давом этган фестивалда ёшлар учун маданий тадбирлар, фаол ҳордиқ чиқариш, мунозарали учрашувлар, илмий-таълимий кунлар уюштирилди. 15 октябрь куни бўлиб ўтган тантанали очилиш маросимига фаолияти билан кўпчиликка ўрнак-намуна бўла оладиган кишилар таклиф этилган. Улардан бири ҳиндистонлик Афрўз Шоҳ бўлиб, у мустақил равишда Мумбай пляжини чиқиндидан тозалаган. Бу ишга ҳаммаси бўлиб 86 ҳафта вақт сарфлаган бу йигит пляждан жами 5,4 тонна чиқиндини ташишига тўғри келган. Шу каби иши, мақсад-режалари улкан, инсониятга, сайёрамизга наф келтириш истагида ҳаракат қилаётган ибратли инсонлар билан учрашувлар ёшларда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз. Дарвоқе, фестивалнинг бу йилги иштирокчилари орасида вилоятимиз вакили – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиалининг компьютер инжиниринги факультети 3-босқич талабаси Сардор Бердиев ҳам бор.
- Оммавий тадбирларда қатнашишни яхши кўраман, - дейди Сардор Бердиев. – Ушбу фестиваль ўтказилиши ҳақида ҳам ижтимоий тармоқлар орқали хабар топгандим. Тадбир ташкилотчиларига ўзим ҳақимдаги ҳужжатларни онлайн тарзда жўнатдим. Улар ҳужжатларимни ўрганиб чиқишди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши билан боғланишди. Шу тариқа мен бу фестиваль иштирокчисига айландим. Таассуротларим катта. Айниқса, ўзим каби ахборот-технологиялари соҳасида таҳсил олаётган тенгдошларим билан фикр алмашганим, бошқа мамлакатлардан келган йигит-қизларга Ўзбекистон ҳақида ёрқин тасаввур бера олганимдан мамнунман.
Маълумки, мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида айни масалага барчанинг эътиборини тортди. “Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”, дея таъкидлаган Президентимиз сессияда қуйидаги таклифларни илгари сурди:
“Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади”.
Албатта, бу бежиз эмас. Зеро, ёшлар – дунёнинг эртанги эгалари. Сайёрамизнинг келажаги уларга боғлиқ. Шундай экан, бугун ёшларнинг маънавиятини бунёдкор ғоялар билан бойитиш, онгу шуурини эзгулик нурлари билан ёритиш орқалигина эртанги кунни кафолатлаш мумкин. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг учдан бир қисмини 15 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Вилоятимизда эса 30 ёшгача бўлганлар сони 1 миллион 885 нафар. Уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ўсмир ёшдагилар билан ишлаш, уларни тўғри йўналтириш кабиларга бугун катта аҳамият қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан илгариги “Камолот” ЁИҲ ўрнида ташкил этилган янги тузилма – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олдига қўйилган вазифалар ҳам ёшларимизнинг эртанги куннинг ҳақиқий ворислари бўлиб етишишларини таъминлаш, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашишга, айниқса, мамлакатдаги ҳар бир ёш ҳаётига чуқур кириб бора олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА