Меню
Қашқадарё
БУТУН БОРЛИҒИНГНИ БАҒИШЛАГАН ИШ КУН КЕЛИБ САРИҚ ЧАҚАГА АРЗИМАСЛИГИНИ АНГЛАБ ҚОЛСАНГ...
Сараланган сатрлар
Корея давлати ҳақида нималарни биламиз? Тўғриси, кейинги вақтларда юртдошларимиз ушбу давлатга йўл топиб, ишлаб келишмаганида, деярли ҳеч вақо билмасдик - айни дамда озми-кўпми ул-бул нарсалардан бохабармиз. Боз телевизорда кўзимиз тушган "Денгиз ҳукмдори", "Жумонг", "Қиш сонатаси" каби фильмлар орқали корейслар тарихи, маданияти, бугунги турмуши ҳақида тасаввуримиз бир қадар кенгайган. Бори шу.
Хўш, корейс миллий адабиёти нақадар таниш бизга? Ёинки корейсларнинг қайси адиби, дейлик, японларнинг Акутагава, Абэ, Кавабата, ҳечқурса Мураками янглиғ дунёга таниқли? Деярли ҳеч қайси!
Айтишларича, 1996-2016 йиллар оралиғида бу мамлакат бадиий адабиётига тааллуқли 2340 асар 27 тилга ўгирилган бўлса, мазкур таржималарнинг 70 таси таҳлил қилинганда, уларнинг фақат еттитаси, яъни ҳар ўнтадан биттаси муваффақиятли чиққан экан. Қолган ўгирмалар аслиятга тўла мувофиқ эмас, деб топилган. Эҳтимол шу сабаб корейс адабиёти унча оммалашмагандир.
Нима бўлганда ҳам Корея адабиёти тарихи илдизлари қадимий даврларга бориб тақалади. Дунёда биринчи босма китоб чоп этиш 1455 йилда немис матбаачиси Иоганн Гутенберг томонидан кашф этилган, деб ҳисобланса, корейслар ундан 21 йил аввал матбаачиликда металл шрифтдан фойдаланганига нима дейсиз?!
Қуйида замонавий корейс адабиёти вакили Ли Мун Ёль (1948 йилда туғилган) қаламига мансуб "Олтин қанотли қуш" китоби ҳақида сўз юритмоқчимиз.
"Инсон ўғли", "Император ҳақи", "Шоир" романлари, 11 жилдли "Уч подшолик" романлар туркуми 11 миллион нусхада сотилган ёзувчи "Олтин қанотли қуш" қиссасида ижодкор фожиаси ҳақида сўз юритади. Бундайларга биз ҳам гувоҳ бўлганмиз: ўта қобилиятли кишилар одатда арзимаган икир-чикирларга ўралашиб умрини зое кетказишади. Улар гўё ижодим орқали инсониятга, жамиятга хизмат қиляпман, деб ўйлашади ва кун келиб бари сароб экани ойдинлашади - буни кимлардир вақтида англаб етади, кимлардир англамай бу ёруғ оламдан ўтиб кетади.
Китобда келтирилган ҳикматнинг маъноси шундай: мовий денгизга отилиб, аждаҳони юлиб оладиган ва кўкка ўқдай отиладиган олтин қанотли қуш каби шижоатли бўл; хушбўй ҳид анқитиб, дарёдан шошмай кечиб ўтаётган филдек қатъий бўл.
Бош қаҳрамон, рассом-хаттот Ко Чжук учун олтин қанотли қуш фақат мажоз, устозининг қатъиятли, катта-катта, ораси очиб ёзиладиган дастхати билан боғлиқ қандайдир куч рамзи эди. Бироқ кейин олтин қанотли қушни ўз тасаввурида кўради. Бир лаҳза унга ҳатто улуғвор қуш олтин қанотларини силкитиб, юксак осмонга парвоз қилгани ва тўсатдан пастга тошдек отилиб, денгиз тўлқинларини тешиб ўтиб, типирчилаётган аждаҳони чангаллаб олганини кўргандек ҳам бўлади. Ва ўша онда устозининг "Агар ҳеч бўлмаса бир марта мўйқаламинг остидан чиқаётган битикда ҳаётни кўра олсанг - мақсадингга эришган бўласан" деган сўзларини ниҳоят тушунади.
"Бутун умрим давомида ўзимни ва бошқаларни алдаб келдим. ¤зим ҳам бирор қимматли нарса қиляпман деб янглишарканман ва тасаннолар, ҳурмат-эҳтиромларни буларга лойиқман деб қабул қиларканман", деган хулосага келади хаттот умри поёнида.
Бинобарин, у барча савдо шохобчаларидан ўз асарларини сотиб олади ва ҳаммасини йиғиб ёқиб юборади. Деярли ярим аср ҳақли равишда шон-шуҳратга бурканган, асарларини бошқалар қатори икки президент харид қилган, ҳамма томонидан эътироф этилган моҳир рассом ва устоз; бир сафар Умумкорея кўргазмаси ҳайъатига бошчилик қилиш фахрли таклифини назарига илмаган Ко Чжук асарлари ёнарди, саноқли дақиқаларда кулга айланаётганди...
Ва ўша онда Ко Чжук аланганинг қоқ ўртасида бир лаҳзагина кўкка ўрлаган улкан қушни пайқайди, олтин тусда ярқираётган қанотларни ва қудратли парвозни кўради...
Боя корейс адабиёти у қадар машҳур эмас, дедик. Қизиқ далил: Сеулдаги Осиёнинг энг йирик китоб дўконларидан бири "Кёбо"нинг улкан витринасида адабиёт соҳасида Нобель мукофоти лауреатларининг исм-шарифлари қайд этилиб, суратлари илиб қўйилган экан. Қаторлардаги рамкалардан бири бўм-бўш бўлиб, унинг остига "Адабиёт соҳасида бўлажак Нобель мукофоти лауреати - корейс учун..." деб ёзилгани улар ўз адибларидан ҳали кўп нарса кутаётганини кўрсатади.
* * *
Устоз Сок Тамнинг ҳаёти гўё тоғ бағирлаб оҳиста ҳаракатланаётган баҳорги булут сояси каби, гўё эсиб қолган ёз шамоли супурган ҳовли сингари, гўё овлоқ тоғ дарасидаги кузги ирмоқлар сувидек, гўё қор ёғиб ўтгандан кейинги очиқ ва сарҳадсиз қишки осмондек тиниқ, сокин, маъюс ва ёлғиз эди.
* * *
...қуриган қийшик дарахт, ингичка синган шохлардаги икки-учта аянчли ғунча ва худди устози услубидек тагсўз: "Олхўри бутун умри бўйи совқотса ҳам ҳидини сотмайди".
* * *
...сяо орхидеяларининг яланғоч илдизлари - ҳалок бўлган мамлакатга мотам рамзидир.
* * *
Будда ҳолатида ўтириш Будда бўлишни англатмайди, бирор воситасиз аждаҳони тута олмайсан. Фақат кўп марта уринишлардан кейингина бирор нарсани эплай оласан.
* * *
Сок Там ҳаммасидан ҳам ғаров ва олхўрини тасвирлашни ёқтирарди. Аммо, ажабланарлиси шунда эдики, Япония мамлакатни босиб олган пайтдан устозга аввал завқ берган ғаров ва олхўри тасвирлари ғаройиб тарзда ўзгара бошлади. Илгарилари улар қуюқ барглари, ғунчаларининг кўплиги ва умуман ҳаётий кучи билан ажралиб турарди; энди эса йилдан-йилга тобора заифлашар, сўлир ва қуриб, хазон бўлаётганди.
* * *
"Рангтасвир ва хаттотлик - руҳнинг ифодаси. Буюмнинг аниқ кўриниши мени чеклаши керакми, ахир?
Агар хаттотлик ёки рангтасвир атиги дунёга қайғу ва аламни маълум қилиш воситаси деб ҳисобланадиган бўлса, санъат маънисиз машғулотга айланиб қолмайдими? Шундай бўлса, эркак бўлиб туғилиб, бир умр қора сиёҳни суртиш ва қоғозни сарф қилиш уят эмасми?"
* * *
Тасвирлаётган буюмига садоқатни ҳаммадан ҳам яхшироқ ифода этувчи - кўчаларда расм чизувчидир. Лекин унинг суратлари сариқ чақага арзийди, кейин булардан ўрам қоғози сифатида фойдаланишади, зеро уларнинг маъноси саёз ва тутуриқсиздир. Сен маҳоратингни чизиқларга сарфлаб, суратнинг қийматини оширишга тиришасан, аммо ижодда юксак руҳ намоён бўлмас экан, расмдаги қора ранг шунчаки қора сиёҳ, оқи эса - шунчаки қоғоз бўлади.
* * *
"...китобийлик руҳини ҳис этиш, битиклар муаттар ҳидини англаб етишни ўрганиш учун асло қайғурмайсан! Бунинг ўрнига валдираганинг валдираган! Сен мумтоз қонунлар ва китоблар моҳиятини тушунмайсан, ахир! Наср ва назмдан лаззатни туймайсан. Нақадар шармандалик! Машқ қилиб, аянчли тақлиддан нарига ўта олмаслик".
* * *
Шу заминда туғилиб, бутун умр қора сиёҳни суртиш ва мўйқалам билан овуниш... Бу вақтда эса кимдир ватанини озод қилиш учун жонини қурбон қилмоқда; кимдир тинимсиз ташвишлар билан ватандошларига илм нурини элтмоқда; кимдир амалий билимларни эгаллаб, ўзини жамиятга хизмат қилишга бахшида қилди. Ко Чжук умрининг ярми нима билан ўтди? Ахир тўкиб ишласа ҳам бу меҳнати, моҳиятига кўра, фақат ночор ва зерикарли турмушдан қочиш бўлди. Бу меҳнат кимга керак эди?
* * *
Баъзан унинг ўйига ўзига шунчалар қувонч бағишлаётган дунёвий ютуқлар аввалги орзуларига ҳеч қандай дахли йўқлиги келарди ва ҳатто сарф қилган саъй-ҳаракатлари ҳамда бошидан ўтказган синовлар билан таққосланганда ўта арзимас бўлиб кўринарди. Унга йўл харажатлари ёки мўйқаламга сарфларни қоплаш деб ёқимли номлар билан берилаётган пуллар моҳияти бўйича садақа сифат эди. Олдида уни осмонга кўтариб мақташлари бозорда дайди артистларга далда берадиган жаҳд-жадал билан бақиришлардан афзал эмасди. Буларнинг ҳаммаси Ко Чжукка денгиз сувидек таъсир қиларди: қанча кўп ичсанг, шунча томоғинг қурийди.
* * *
Қўшнисининг ёнаётган уйида ловиясини қовуриб олишни эплайдиганлар ҳамиша топилади.
* * *
"Рассомнинг санъати Буюк дарё сувлари кабидир. Хаттотнинг маҳорати ёлғиз қарағай кабидир".
* * *
Ёзувларнинг муаттар ҳиди ва китобийлик руҳи гўзалликни яратишнинг қўшимча воситалари, ҳатто гўзаллик турларидан бири бўлиши мумкин, аммо улар моҳият жиҳатидан гўзалликнинг унсури бўлишга қодир эмаслар.
* * *
Агар битиклар ижоди фақат маънони ёзув белгилари орқали ифода этишдан иборат деб ҳисобланса, у ўзига ҳаётни бахшида қилиш учун арзимайди. Бир неча ой ичида мўйқалам ёрдамида маънони ифода этишни эгаллаб олиш мумкин, ҳозир қалам ёки ручка каби оддий ёзув қуроллари пайдо бўлгач, бунга бир неча кун кифоя қилади. Бироқ хаттотликнинг моҳияти маънони ифода этиш эмас, балки иероглифларни чизиш жараёнида туғиладиган муҳаббатдир; шунинг учун иероглифларни маъно белгиси эмас, маънодор сурат сифатида тушуниш даркор.
НАСРИДДИН тайёрлади.