Меню

Қашқадарё

10.08.2023 6154

БУНЁДКОР ИНСОНЛАРНИНГ ОЛИЖАНОБ МЕҲНАТИ

13 август - Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни

 Юртимизда ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбасида кенг нишонланаётган  Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини қашқадарёлик бунёдкорлар катта муваффақиятлар ва ижобий кўрсаткичлар, энг муҳими, кўплаб янги объектлар билан кутиб олишмоқда.

Мазкур сана арафасида вилоят статистика бошқармаси томонидан эълон қилинган дастабки маълумотларга қараганда, шу йилнинг январь-июнь ойлари мобайнида вилоятимизда жами 3 триллион 968,7 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 105,3 фоизни ташкил этди. Олти ойда амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажми бўйича Қашқадарё республикамиз ҳудудлари кесимида Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри билан биргаликда кучли олтиликдан жой олиб, қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони (2 минг 688 та) бўйича мамлакатда тўртинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ушбу субъектлардан 1699 таси (63,2 фоизи) бино ва иншоотларни бунёд этиш, яна 431 таси (16 фоизи) фуқаролик объектлари (автомобиль йўллари, кўприк ва туннеллар, суғориш тизимлари, қувурлар ва электр узатиш линиялари, очиқ спорт комплекслари ва бошқа объектлар)ни барпо қилиш билан шуғулланади, 558 таси (20,8 фоизи) эса ихтисослаштирилган қурилиш ишларини амалга оширади.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами бажарилган қурилиш ишларининг 59,4 фоизи (ҳажми - 2 триллион 357,9 миллиард сўм) янги қурилиш, яъни янги ишлаб чиқариш қувватлари, турар жойлар ва турли ижтимоий объектларни яратиш ҳиссасига тўғри келади. Умумий ҳажмнинг қолган қисми объектларни капитал ва жорий таъмирлаш каби ишлардан иборат.

Воҳамиздаги шаҳар ва туманлар кесимида шу йилнинг январь-июнь ойларида қурилиш ишлари ҳажмининг энг юқори ўсиш суръатлари Муборак (164,9 фоиз) ва Яккабоғ (110,7 фоиз) туманлари ҳамда Шаҳрисабз (119,8 фоиз) ва Қарши (110,6 фоиз) шаҳарларида қайд этилган.

Қашқадарёда қурилиш соҳасида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ва салмоқли натижаларга воҳамиздаги юзлаб корхона ва ташкилотлар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улардан бири - Қарши шаҳридаги Гунгон маҳалласида замонавий "Sulton Saroy" турар жой мажмуасини барпо этаётган "Sulton Golden House" масъулияти чекланган жамияти, шубҳасиз, алоҳида эътирофга лойиқдир. Мазкур корхона атиги бир йил олдин вилоят марказида айнан шу йирик мажмуани қуриш учун таъсис этилган бўлсада, унинг ишчи ва мутахассислари воҳамизда уй-жой ва саноат, хизмат кўрсатиш объектларини бунёд этишда узоқ йиллик тажрибага эга. Фаолияти қашқадарёлик машҳур тадбиркор, "Дўстлик" ордени соҳиби Нурбек Эргашев томонидан мувофиқлаштирилаётган бунёдкорлар жамоасининг саъй-ҳаракатлари билан кейинги йиларда Қарши шаҳрида ажойиб кўп қаватли турар жой комплекси, шунингдек,  юқори технологик ип-йигирув ва тикувчилик фабрикалари, бошқа кўплаб иншоотлар фойдаланишга топширилган. Шу йилнинг март ойида эса бу ишбилармоннинг ташаббуси билан шаҳардаги Навоий шоҳкўчасида жами 700 та икки, уч ва тўрт хонали квартирадан иборат 12 та тўққиз ва ўн қаватли бинодан ташкил топадиган турар жой мажмуасининг рамзий қозиғи қоқилди. Умумий майдони 4 гектарга тенг бу мажмуанинг энг пастки қисмида вилоятимиздаги биринчи ерости паркинги (автотураргоҳи), биринчи ва иккинчи қаватларида эса савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, болалар майдончалари ва ўйингоҳлари жойлаштирилади. Хонадонларни электр энергияси ва ичимлик суви билан ишончли таъминлаш учун алоҳида нимстанциялар ва қуёш панеллари ўрнатилади, махсус сув иншоотлари ва насос станциялари қурилади. Бугунги кунда мажмуа қурилишига 300 нафардан ортиқ ишчи ва мутахассис ҳамда 20 тадан зиёд техника  жалб қилинган бўлиб, биноларни барпо этишда замонавий қурилиш материаллари ва технологиялари ҳамда ишлар сифатини назорат қилиш усулларидан фойдаланилмоқда.

- Мақсадимиз уй сотиб фойда қилиш эмас, балки шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларига юқори сифат ва ўта қулай замонавий хонадонларни тақдим қилиб, инфратузилмани яхшилаш баробарида бундан кейинги уй қурилишларида янгиликлар сари интилишда ўрнак бўлишдир, - дейди тадбиркор   Нурбек Эргашев.

Айни пайтда компания бунёдкорлари томонидан Касби тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудида "Sulton" бренди остида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Naxshab tex group" МЧЖ тикувчилик фабрикаси қурилиши ниҳоясига етказиляпти. 600 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланадиган ушбу саноат объектини шу ойда ишга тушириш мўлжал қилинган.

Дарвоқе, Мустақиллик байрами ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўплаб уй-жой, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Улардан дастлабкилари Қарши шаҳридаги Ҳарамжўй маҳалласида ишга туширилган анъанавий автомобиллар ва электромобилларга техник хизмат кўрсатиш маркази, Нишон туманидаги Талимаржон ИЭСда  фаолият бошлаган 1 мегаватт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Муборак туманидаги Истиқлол маҳалласи Янги Қорақум массивида қуриб битказилган, лойиҳа қиймати 16,7 миллиард сўмга тенг 660 ўринли 34-мактабнинг бино ва иншоотларидир.

Шунингдек, яқин кунларда воҳамизнинг турли бурчакларида моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари - минг-минглаб бунёдкор инсонлар олижаноб меҳнатининг самараси бўлмиш яна юзлаб янги ва янгиланган таълим ва соғлиқни сақлаш масканлари, кўп қаватли уйлар, йўл ва кўприклар, газ ва сув қувурлари, электр таъминоти иншоотлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларига тақдим қилинади. Зеро, қурилиш соҳаси ходимлари ҳаётимизни янада обод ва фаровон қилиб, Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим ишларини жадаллик билан давом эттирмоқдалар...

Биродар АЗИЗОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!