Меню
Қашқадарё
"БУНЁДКОР"ДАГИ БУНЁДКОРЛИК РУҲИ
Енгил саноат
Маълумки, мамлакатимизда етиштириладиган пахта толасининг салмоқли қисми вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Бу эса ҳудуднинг енгил саноатни жадал ривожлантириш ва мазкур соҳада кўплаб иш ўринлари яратиш борасида катта салоҳиятга эга эканлигини англатади.
Бироқ кўп йиллар мобайнида ана шу имкониятлар деярли ишга солинмаган, пахта фақат тола кўринишида қайта ишланиб, хом ашё сифатида бошқа ҳудудлар ва хорижий мамлакатларга жўнатиларди.
Сўнгги йилларда етиштирилган хом ашёни минтақанинг ўзида қайта ишлашни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бунинг самараси ўлароқ вилоятимизда ҳам янги-янги қайта ишлаш қувватлари ишга туширилаётгани эътиборга молик.
Косон туманидаги "Бунёдкор" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳа ҳам пахта хом ашёсини етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида бозорга чиқаришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган.
Жамият директори Ғолиб Эрқулов лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.
Маҳсулот жаҳон бозорларини забт этмоқда
- Лойиҳа кенг қамровли бўлиб, бир нечта босқичларни ўз ичига олган. Дастлаб хориждан қарийб 4 миллион АҚШ доллари қийматидаги технологияни олиб келиб, йилига 800 тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга қувватни ишга туширган эдик. Ушбу технологик мажмуа пахта толасини пневматик, яъни ҳалқали усулда йигиришга асосланган. Унинг афзаллиги шундаки, ип йигириш ва пишитиш жараёнлари айланувчи ҳаво оқими ёрдамида бажарилади, энергия кам сарфланади. Бундай усулда олинган ипдан асосан трикотаж мато тўқилади. Бу босқичдаги ишлаб чиқариш 2018 йилдаёқ бошланган эди. Фаолиятга 150 нафар ишчи жалб этилган. Айни пайтда маҳсулотларимиз дунёнинг бир қатор мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 6 миллион АҚШ доллари қийматидаги ип-калава экспортини амалга оширдик.
Иккинчи босқичда яна иккита қувват
Лойиҳанинг иккинчи босқичида жаҳон бозорида ўта харидоргир бўлган, барча талабларга жавоб берадиган пишиқ ва ингичка ип-калава ҳамда трикотаж мато ишлаб чиқариш имконини берувчи иккита қувватни ишга туширишни мўлжаллаганмиз. Шу мақсадда хориждан келтириладиган энг замонавий технологиялар йилига 2 минг тонна юқори сифатли ип-калава ҳамда 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқаришга шароит ҳозирлайди. Айни пайтда бу борадаги барча ташкилий масалалар ҳал этилиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур қувватлар 2020 йилнинг июль ойидан тўлиқ ишга туширилади.
Нафақат ип-калава ва мато, балки кийим-кечак ҳам...
- Корхонада ип-калава, қолаверса, мато ишлаб чиқарилгач, ундан кийим-кечак тикиб, бозорга юз фоиз тайёр маҳсулотни чиқариш учун қулай шарт-шароит юзага келади. Лойиҳанинг кейинги босқичи бу борадаги фаолиятни ташкил этишга қаратилган. Бунинг учун замонавий тикув машиналарини харид қилиб, учта махсус цех ташкил этиш ва бу ерга 800 нафар ишчини жалб этишни режалаштирганмиз.
Ушбу цехларда йилига 4 миллион дона кийим-кечак тикилади. Шу асосда, хом ашё етиштиришдан тортиб, уни тайёр маҳсулот ҳолида бозорга чиқаришга қадар бўлган барча жараёнларни қамраб оламиз.
Хом ашё етиштириш ҳажми ортади
- Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан пахта толасини қайта ишловчи корхоналар олдига ишни кластер усулида ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, кластер тизими корхонанинг иқтисодий юксалишида жуда муҳим аҳамиятга эга. Боиси, ерни шудгорлашдан тортиб, пахта экиш, парваришлаш, ҳосилни йиғиб олиш ва қайта ишлашгача бўлган барча жараёнлар бир корхона томонидан амалга оширилади. Натижада, бутун бошли тизим ягона назорат остида бирлаштирилади. Керакли навни экиш, яхши меҳнат қилиш ва кўпроқ хом ашё етиштириш тадбиркорнинг ўзига боғлиқ бўлади. Бизнинг корхонамизда ҳам жорий мавсум бошидан иш шу йўсинда ташкил этилган эди. Яъни, бу йил Косон тумани ҳудудидаги 2 минг гектар ерда ғўза парваришлаб, ҳосилни йиғиб олдик. Дастлабки натижа ёмон эмас. 2020 йилда эса жами 10 минг гектар ерда пахта етиштиришни режалаштирганмиз.
Моддий-техник база мустаҳкамланаяпти
- Албатта, хом ашё етиштириш ҳам осон иш эмас. Айниқса, аграр соҳа кишидан янада катта эътибор ва масъулиятни талаб этади. Юқори ҳосил олиш учун ишни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, барча агротехник тадбирларни талаб даражасида бажариш лозим. Бунинг учун эса тажрибали мутахассислар, ишчи кучи билан бир қаторда, етарли шарт-шароит, зарур техникалар бўлиши керак. Шуни инобатга олган ҳолда, айни пайтда корхонамизнинг қишлоқ хўжалиги бўлими учун керакли шароитларни яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратмоқдамиз.
Хусусан, бугунги кунга қадар 6 та замонавий ҳайдов тракторини сотиб олдик. Келгуси йил эса яна 4 та ҳайдов, 30 дан ортиқ чопиқ трактори ҳамда 6 дона замонавий пахта териш машинаси, юзлаб зарур агрегатларни олиб келиш режалаштирилган. Шу билан бир қаторда, ишчилар учун дала шийпонлари қуриш, янги йўл, сув тармоқларини барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинаяпти.
Экспорт ҳажми 25 миллион доллардан ошади
- Олдимизда турган муҳим режалардан яна бири эса 2020-2021 йиллар давомида "Косон пахта тозалаш" АЖ бино ва ишоотларини харид қилиб, унинг негизида нафақат пахта қабул қилиш ва уни дастлабки қайта ишлаш тармоғини йўлга қўйиш, шу билан биргаликда, пахта чигитидан ёғ ишлаб чиқариш корхонасини ҳам барпо этишга қаратилган.
Хуллас, режаларимиз жуда кўп. Яқин икки-уч йил ичида уларнинг барчасини амалга ошириб, корхонанинг йиллик маҳсулот экспортини 25 миллион АҚШ долларидан ошириш, иш ўринлари сонини эса камида 5 мингга етказиш асосий мақсадимиз ҳисобланади ва буни амалга ошириш йўлида бор куч-шижоатимиз билан ҳаракат қилаяпмиз.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.