Меню

Қашқадарё

20.03.2018 1654

БУНДА ТИНЧЛИК-ТОТУВЛИК, АҲИЛЛИК ФАЛСАФАСИ МУЖАССАМ

Шу маънода, ҳали собиқ  тузум парчаланмасдан туриб, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг чинакам тараққиёти ва гуллаб-яшнашини таъминлаш, маънавий қадриятларини тиклашни ҳисобга олган ҳолда 1990 йилдаёқ “Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида”ги фармон қабул қилиниб, юртимизда ҳар йили 21 март дам олиш куни ва умумхалқ байрами деб эълон қилингани ниҳоятда катта ҳодиса эди.

Наврўзнинг байрам қилиниши теран халқ анъаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилиш қудратини намоён қилди. Наврўз халқ байрамининг инсоний ва байналмилал моҳияти ҳам худди ана шундадир.

Наврўз руҳи, Наврўз фалсафаси –  бу халқ руҳи, халқ фалсафаси. Халқ ўзидаги тинчлик, тотувлик, осойишталик, хотиржамлик, яратувчанлик руҳини, фалсафасини Наврўзга сингдириб келган. Наврўз палласида урушлар тўхтаган. Гина-кудуратлар унут бўлган. Одамлар ўртасида ҳамжиҳатлик, аҳиллик кучайган.

Унгача ҳашарлар уюштирилиб, тозаликка, озодаликка эътибор қаратилган. Етим-есирлар, касалмандларга хайрия улашилган, қариялар ҳолидан хабар олинган.

Бугун Наврўз байрами одамзод қалбида эзгу интилишларни уйғотиб, унга умид ва ишонч, шукрона туйғуларини бағишлайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркагу аёл, ёшу қари – барча юртдошларимизнинг энг ардоқли, катта хурсандчилик билан ўтказадиган севимли байрамига айланиб улгурди. Шунга монанд шарқона янги йилнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири ҳам тобора ортиб бораяпти.

ЮНЕСКО томонидан Наврўзнинг дунё халқлари  номоддий маданий мероси сифатида рўйхатга олиниши ва халқаро байрам сифатида эътироф этилиши буюк воқеа. Таъкидлаш жоизки, бу фақатгина биз учун эмас, бутун инсоният учун аҳамиятли ҳодиса. Негаки, Наврўз руҳи, Наврўз фалсафаси фақат ва фақат эзгуликка хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари, меҳнат жамоаларида, шу жумладан, ҳарбий қисмларда “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган тадбирлар ўтказилмоқда.

Бу йилги Наврўз ҳар  томонлама хосиятли, қутлуғ қадамлар билан бошланаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу кунларда воҳанинг бепоён ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайилларини кексаю ёш – барча юртдошларимиз катта хурсандчилик ва кўтаринки руҳ билан ўтказаётгани бунинг яққол тасдиғи. Зеро, бунинг учун пухта замин яратилган, мамлакатимиз чегаралари дахлсизлиги таъминланган, осмонимиз мусаффо, юртимизда тинчлик, иқтисодий-ижтимоий барқарорлик ҳукмрон.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи натижасида қўшни  Тожикистон билан азалий қадриятлар ва яқин қўшниликка асосланган ҳамкорликнинг янги даври, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Биринчи маслаҳат учрашуви айнан Наврўз арафасида ўтганида ҳам катта ҳикмат бор. Яхши қўшничилик сиёсати, аҳил-иноқлик Наврўз руҳига ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда Наврўз ҳар йили катта тантана билан нишонланар экан, ҳаётимизга янгича назар соламиз, янги режалар тузиб, ушбу йилда эзгу орзу-мақсадларимизнинг рўёбини тилаймиз. Шу маънода “янги кун”, яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат айёми, боқий байрам — Наврўз ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораверади.

Жаҳонгир АШУРОВ,

 

Қарши ҳарбий прокурори, адлия подполковниги

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!