Меню

Қашқадарё

15.06.2020 1593

“БУЛОҚ” КЎЗ ОЧДИ, МАСЪУЛЛАР УНИ БЕРКИТДИ, АММО СУВ ЯНА СИЗИБ ЧИҚМОҚДА

Мавзуга қайтиб

Хабарингиз бор, нашримизда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов ва Насаф кўчалари кесишмасида қувур тешилиши натижасида жуда кўп миқдорда ичимлик суви исроф бўлаётгани танқид қилинган, шаҳар ҳокимининг топшириғи билан бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилган ва “булоқ”нинг “кўзи” беркитилганди.

Аммо, орадан 10-15 кун ўтар-ўтмас бу ердан яна сув сизиб чиқмоқда. Гап чинданам эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган қувурдами, ё бу сафар ҳам шошма-шошарлик билан иш тутилганмиди? Масъуллар қувурни алмаштириш тез-орада бошланади, дейишганди, мана, орадан ярим ой ўтди ҳамки бирор иш бошлангани йўқ.

 Умуман, шаҳарда сув сизиб чиқадиган жойлар анча кўпайиб қолибди. Насаф кўчасидаги ушбу манзаралар янги “кўз” очилганидан дарак бериб турибди. Шаҳар солиқ идораси ёнидаги кўлмакча ҳам яқин-ўртада “кўл”га айланадиган. Босим юқори пайти сув булкиллаб чиқиши, қолган пайти лойқа-луйқаси билан қайтиб қувурга сизиб кетиши балки тегишли мутасаддиларга кўринмаётгандир, шунинг учун эътибор беришмаган чиқар?! 

 “Уч пальма” деган тамаддихона тарафда эса сув сизиб чиқадиган жойни ямаб-ясқашибдию, ҳосил бўлган ўра атрофини шох-шабба, тош билан ўраб қўйишибди (яна сув чиқиб қолса, кавлаб сарсон бўлмайлик) дейишганми?!).

  Буларни кўриб, кишида савол туғилади: нима бизда сув шунчалар қадрсизми?

БОБУРБЕК олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!