Меню
Қашқадарё
"БУЛОҚ" БЕРКИТИЛИБ, КЎПРИКНИНГ "УЧГАН" ТОМИ ҚАЙТАРИЛДИ
Танқиддан сўнг
Хабарингиз бор, "Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 29 май сонида "Агар муаммо 3-4 йилдан бери кун тартибида бўлса, нега шу вақтгача уни бартараф этиш чоралари кўрилмади" сарлавҳали мақола чоп этилиб, унда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов ва Насаф кўчалари кесишмасида қувур тешилиши натижасида жуда кўп миқдорда ичимлик суви исроф бўлаётгани танқид қилинганди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев чорраҳадаги сув қувури ёрилган жойни бориб кўргач, носозликни тезда бартараф қилиш бўйича "Қашқадарё сув таъминот" МЧЖ Қарши шаҳар бўлими мутасаддиларига тегишли топшириқлар берган.
Шундан сўнг "Қашқадарё сув таъминот" МЧЖ Қарши шаҳар бўлими фавқулодда хизматлар гуруҳи томонидан ичимлик суви қувурида юз берган носозликни бартараф этиш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, пайдо бўлган "булоқ" беркитилди.
Шунингдек, газетанинг ушбу сонида чоп этилган "Кўприкнинг томи кетиб қолди" номли мақолага ҳам шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатини баён қилди:
"Қарши шаҳридаги Хонобод кўчасининг Ислом Каримов кўчасига туташ қисмида, "Орзу" бозори ёнида жойлашган кўприк томининг бир қисми кучли шамол таъсирида қулаб тушганди.
Бугун кўприкнинг ушбу қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, томи жойига қўйилди".