Меню
Қашқадарё
БУГУН ЮРТИМИЗ ЭРТАСИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚОДИР БУЮК БИР АВЛОД ЎСИБ КЕЛАЯПТИ
Убайдулла ОРИПОВ,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи
Таълим ва тараққиёт
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда тараққиётнинг муҳим асослари бўлган маънавият ва маърифатга эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Бинобарин, жамиятда маънавий муҳитни яхшилаш, ёш авлодни билимга чорлаш, ҳар бир фуқаронинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, қолаверса, қалблардаги шукроналик туйғусини намоён этиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш, саховат ва кўмак, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат туйғуларини умумий ижтимоий ҳаракатга айлантириш орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш миллат юксалишига қаратилган муҳим вазифадир.
Бу эзгу мақсадлар рўёбга чиқиши кўп жиҳатдан ёшларимизнинг таълим-тарбияси билан шуғулланаётган ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ эканлигини яхши англаймиз. Ҳикматларда битилганидек, "Энг катта бойлик - бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос - бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик - бу билимсизликдир!" Шундай экан, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.
Бугун Қашқадарёда фаолият кўрсатаётган 1 минг 286 та умумтаълим ташкилотида таълим-тарбия ишлари ана шу нуқтаи назар билан ташкил этилмоқда. Уларнинг 4 таси имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактаб ҳисобланади. 16 таси эса Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларидир. Улар қаторида 24 та хусусий мактаб ва 17 та "Баркамол авлод" болалар мактаби ҳам фаолият олиб бормоқда. Ушбу таълим ташкилотларида жорий ўқув йилида 686 минг 476 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Албатта, кейинги йилларда ёшларимизнинг сифатли таълим олишлари учун замонавий шароитлар ҳозирлаш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида мактаб ва болалар боғчалари бинолари бирин-кетин янгича қиёфа касб этиб бормоқда, улар энг сўнгги талаблар асосида жиҳозланаётир. Шу билан бирга педагог кадрлар малакасига нисбатан қўйилаётган талаблар ҳам ошган.
Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 60 минг 501 нафар педагог ходим фаолият кўрсатиб турган бўлса, уларнинг 47 минг 618 нафари (78,7 фоиз) олий, 6 минг 842 нафари (11,3 фоиз) тугалланмаган олий, 6 минг 41 нафари (10 фоиз) ўрта махсус маълумотга эга. Ўқитувчиларнинг 7,5 фоизи олий, 15,5 фоизи биринчи, 22,3 фоизи иккинчи малака тоифаси олган. Шунингдек, таълим ташкилотларида ишлаётган 5 минг 113 нафар хорижий тиллар фан ўқитувчисининг 2 минг 670 нафари халқаро ва миллий даражадаги сертификатларни қўлга киритган.
Сир эмас, шаҳарларда ва туман марказларида жойлашган таълим ташкилотларидан фарқли ўлароқ, олис ҳудудлардаги мактабларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласи алоҳида ёндашувни талаб қилади. Шунга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгилангани самарасида 645 нафар олий маълумотли ўқитувчи вилоятимизнинг тоғли ва узоқ қишлоқларига бориб ишламоқда.
Бундан ташқари, 2024-2025 ўқув йилида "Зўр!" ("Класс!") лойиҳаси доирасида мактабларда рус тилини ўқитишга Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг мутахассис (методист, ўқитувчи)ларидан 19 нафари келиши кутилмоқда.
Ўтган ўқув йилида вилоятдаги мактабларни тамомлаган 43 минг 468 нафар ўқувчидан 17 минг 397 (40 фоиз) нафари олий ўқув ташкилотларига ўқишга кирди. Битирувчилардан 941 нафари муддатидан олдин олий таълим масаласини ҳал қилиб қўйишни уддалаган.
Ҳеч шубҳасиз, тўкис ҳаётга илм-маърифат ва таълим тараққиёти орқали эришилади. Шу боис дунёнинг етакчи давлатлари ва ривожланиш йўлида илдам бораётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу масала доимий диққат марказида. Соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасида ўтган ўқув йилида биргина вилоятимиздаги 203 та таълим ташкилоти "Замонавий мактаб" мақомига эга бўлди.
Битирувчиларининг ўқишни олий таълимда давом эттириш имкониятини қўлга киритиш кўрсаткичи мактаблардаги таълим сифатини намоён қилувчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Ўтган ўқув йилида вилоятдаги мактабларни тамомлаган 43 минг 468 нафар ўқувчидан 17 минг 397 (40 фоиз) нафари олий ўқув ташкилотларига ўқишга кирди. Айни пайтда улардан 2 минг 705 нафари давлат гранти асосида таълимни давом эттираётган бўлса, қолганлари тўлов контракт асосида ўқимоқда. Битирувчилардан 941 нафари муддатидан олдин олий таълим масаласини ҳал қилиб қўйишни уддалагани қувонарли ҳолат.
Ота-онага боласининг мактаб ёшига етиб, 1-синфга чиқиши катта хурсандчилик. Уларни қабул қилиб олаётган ўқитувчилар учун эса янги масъулият. Қашқадарёда 2024-2025 ўқув йилида 68 минг 666 нафар ўғил-қиз илк марта мактаб остонасини ҳатлаб ўтиб, биринчи синфларга қабул қилинди. Уларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тантанали равишда топширилди.
Маълумки, умумий ўрта таълим ташкилотларида машғулотлар белгиланган дарсликлар асосида ташкил этилади. Мактабларни улар билан таъминлаш масаласи эса режали асосда йўлга қўйилган. Жумладан, 2024-2025 ўқув йили учун 4 миллион 887 минг 163 дона ўқув дарслиги, 3 миллион 231 минг 358 дона машқ дафтари, 37 минг 154 дона услубий қўлланмага буюртма берилган. Бунда тўлиқ янгидан чоп этилаётган дарсликлар ҳар бир чоракда босқичма-босқич келиши режалаштирилган бўлиб, сентябрь ойи биринчи ярмида уларнинг 2 миллион 904 минг 217 донаси (36 фоиз) қабул қилиб олинди ва умумтаълим мактабларига етказилди.
Шу ўринда, мактабларга бадиий адабиётлар, спорт инвентарлари ва зарур жиҳозлар (мусиқа асбоблари) етказиб бериш мақсадида маҳаллий бюджетдан 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилганини ҳам эътироф этиш керак.
Барчага аён, кейинги йилларда умумий ўрта таълим ташкилотларида ҳамма фанларни, хусусан, йилдан-йилга халқ хўжалиги тармоқларига янада чуқур кириб бораётган информатика ва ахборот технологияларини мукаммал ўқитишга алоҳида эътибор қатилмоқда. Шунга ҳамоҳанг, ҳозирча 1 минг 183 та мактаб 18 минг 422 та замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланди. Янги ўқув йили бошланишига қадар 31 минг 800 нафар ўқувчи ва 817 нафар ўқитувчи IT йўналишидаги халқаро сертификатларни қўлга киритгани ана шулар самараси десак, муболаға эмас.
Бундан ташқари, қашқадарёлик ўқувчиларнинг маҳаллий ва халқаро таснифдаги фан олимпиадаларида, турли танловларда қўлга киритаётган натижалари ҳам салмоқли. Мисол учун, жорий йилнинг ўзида улар халқаро фан олимпиадаларидан 1 та олтин, 2 та кумуш, 11 та бронза медали билан қайтишди. Шунингдек, асосий фан олимпиадаларининг республика босқичида 3 нафар ўқувчимиз, вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган олимпиадада 81 нафар ўғил-қизимиз ғолибликни қўлга киритди.
Шубҳасиз, бундай беллашув ва танловлар ўқувчиларнинг фанларни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади. Иқтидорли ва истеъдодли мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган "Вилоят ҳокими стипендияси" ҳам шу йўналишдаги эътирофга лойиқ ташаббус бўлди. Ҳозирда унга номзодларни саралаш жараёни давом этмоқда. Яъни, бунда 6 та йўналиш бўйича ғолиб топилган 18 нафар ўқувчига ўқув йили давомида стипендия тўлаб бориш кўзда тутилган.
Айни пайтда Қашқадарёдаги 33 та умумий ўрта таълим ташкилотида Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада танлаб олинган мактабларнинг ўтган ўқув йилидаги биринчи ва тўртинчи чорак натижаларига кўра таълим сифатидаги ўсиш кўрсаткичи 39 фоизга ошди.
Қашқадарёда 2024-2025 ўқув йилида 68 минг 666 нафар ўғил-қиз илк марта мактаб остонасини ҳатлаб ўтиб, биринчи синфларга қабул қилинди. Уларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тантанали равишда топширилди.
Умумтаълим ташкилотларини ўқувчилар учун чинакам "Ҳаёт мактаби"га айлантириш ҳамда таълимни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан иккита хорижий тил ва касбга ўқитиш бўйича мактаб танлаб олинди. Тил билан бирга, уларнинг 9 тасида замонавий ахборот технологиялари (8 та дастурчилик, 1 та компьютер оператори), 4 тасида дурадгорлик ва 3 тасида сантехника йўналишидаги касблар ҳамда барчасида тикувчилик сир-асрорлари ўргатилади.
Янги Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотлари таълим-тарбия асосини шакллантирувчи маскан сифатида юзага чиқди. Бугунги кунда вилоятимизда 474 та давлат, 6 та ташкилот ҳузуридаги, 12 та хусусий, 173 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 3 минг 545 та оилавий нодавлат боғча фаолияти йўлга қўйилган. Уларга 208 минг 283 нафар (64,8 фоиз) 3-7 ёшдаги ўғил-қизчалар қамраб олинган.
Эътиборли жиҳати, охирги йилларда турли дастурлар доирасида ажратилган 680,4 миллиард сўм маблағ эвазига вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 45 таси янгидан қурилди, 151 таси реконструкция қилинди, 36 таси эса мукаммал таъмирланди. Шунингдек, янгидан қуввати 14 минг 385 ўринга мўлжалланган 143 та давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчани ташкил этиш учун 141 миллиард 740 миллион сўм имтиёзли банк кредитлари жалб қилинди. Маҳаллий бюджетдан қўшимча ажратилган 81 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 151 та давлат мактабгача таълим ташкилоти жорий таъмирланиб, зарур янги замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Мактаб ва боғчалар аксарияти йирик биноларда жойлашган. Табиийки, бундай ижтимоий объектларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик пухта ва сифатли бўлиши шарт. Уларнинг аксарияти кўмир билан иситишга мўлжалланган экан, аста-секин ҳаво ҳарорати салқинлашиб бораётган бугунги кунда ёқилғи захираси ҳақида гапиришнинг айни фурсати.
Жорий йилда кўмирда иситиладиган 900 та таълим ташкилотини куз-қиш мавсумига тайёрлаш дорасида 32 минг 718 тонна ёқилғи жамғариш режалаштирилган эди. Амалда бу иш 100 фоизга уддаланди.
Шунингдек, Президентнинг "Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича Қарши, Кўкдала, Косон, Муборак, Чироқчи, Яккабоғ туманларидаги 684 та таълим ташкилотини (шундан 157 таси боғча) куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш вазифаси давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилди. Уларда 30 минг 773 тонна кўмир жамғариш белгиланган бўлиб, ҳозирда маҳсулот сотиб олиш учун 13 миллиард 146 миллион сўм маблағ молиялаштириб берилган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ҳозирда 49 та умумтаълим мактаби, 5 та мактаб- интернатида таъмирлаш ишлари якунланди. Яна 13 та мактаб, 8 та давлат мактабгача таълим ташкилотда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Умуман, ёшларнинг сифатли билим олишлари учун замонавий шароитлар ҳозирлаш мақсадида Қашқадарёдаги умумтаълим мактабларининг қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун давлат бюджетидан жами 546 миллиард 900 миллион сўм (шундан 90 миллиард 600 миллион сўми маҳаллий бюджетдан) маблағ йўналтирилгани мамлакатимизда таълимга қаратилган эътибор ва келажак авлодга ғамхўрлик кўлами нақадар кенг қамровлилигидан дарак беради. Натижада 3 та янги мактаб қурилди, 50 таси реконструкция қилинди, 26 таси мукаммал таъмирланди, 11 минг 150 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилиб, 50 та мактабнинг навбатлилик коэффициенти камайишига эришилди. 733 та мактаб замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди, 133 та мактаб, 84 та мактабгача таълим ташкилотида яшил энергия тизими жорий қилиниб, бир йилда ўрта ҳисобда 600 минг киловаттдан ортиқ электр энергияси сарф-харажати камайди.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, айтиб ўтганларимиз Қашқадарё мактабгача ва мактаб таълими тизимида эртамиз эгаларининг сифатли ва замонавий шароитларда билим олишлари, тарбия кўришлари учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни акс эттирувчи айрим мисоллар эди. Аслида эса яқин йилларда соҳада бўлган ҳамда бўлаётган ўзгариш ва юксалишларни кўрсатиб берадиган факт, рақамлар жуда кўп. Энг муҳими, биз Янги Ўзбекистонда таълимга қаратилган эътибор самараларини ўқувчиларимизнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари, оламшумул ихтиро ва ишланмалари, маррани юксак олишиб, замонавий билимларни эгаллашга бўлган чексиз интилишлари мисолида кўриб турибмиз. Ана шулар тимсолида бугун юртимиз эртасини таъминлашга қодир буюк бир авлод ўсиб келаётганини ҳис қилиш ҳар биримиз учун ёқимли.