Меню

Қашқадарё

01.12.2020 1765

БУ ҲУКУМАТНИНГ ЙИҒМАГАН НАРСАСИ ҚОЛМАДИ-ЁВ!..

Сараланган сатрлар

Шу йилнинг мартида пандемия деган бир бало юртимизга ҳам қадам ранжида қилиб, "Уйда қолинг" деган шиор кенг тарғиб қилинаркан (шу шиорнинг бошида турган амалдор негадир пахта терим бошлангач, минг ажабки, "Уйда қолманг, очиқ ҳавода касаллик юқиш эҳтимоли камаяди", деди), тавсияларга амал қилиб, уч ҳафтадан ошиқ вақт давомида кўчага чиқмадим. Фурсат мўл эмасми, анча-мунча китоб ўқишга улгурдим. Улар орасида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Низановнинг "Охират уйқуси" романи ҳам бор эди.

Эҳтимол бу ёзувчини эшитмаган чиқарсиз. Қорақалпоқларнинг "Танка" деган киносини кўргансиз-ку, ўша фильм сценарийсини айнан шу Муратбай Низанов ёзган! "Танка"даги гаплар нақадар самимий, нақадар жайдари бўлса, айни оҳангни "Охират уйқуси"да ҳам топасиз. Унда бир олимнинг ҳаёт йўли, ютуқлари баробарида хато-камчиликлари рўй-рост баён этилади. Одатда кўпчилигимиз бировни мақтамоқчи бўлсак, уни шу қадар кўкларга кўтариб юборамизки, кейин уни пастга туширолмай сарсон бўламиз, бировни пастга уриш керак бўлса, ернинг қаърига кириб кетмаса, ҳисобмас. Муратбай Низанов эса содда, самимий ифода услуби билан борини борича ёзади, бўяб-бежашга интилмайди, китобхонни алдамайди...

* * *

Катта одамлар доим худога сиғинади, гап орасида ҳукуматни ҳам бот-бот тилга олишади. Шунга қараганда, ҳукумат деганлари куч-қудратда худодан кейинги ўринда турадиганга ўхшайди. Демак, одамларнинг ўлмай яшаши чорасини топиш ҳукуматнинг қўлидан келса керак.

* * *

Таниқли олим бўлгани учунми ёки ёшини ҳурмат қилишдими, ҳеч ким уни нафақага чиқишга қистамади. Охири виждони чидамай, ўзи кетди. Лекин қурғур ўша виждон ҳам сал кечроқ безовта қилганга ўхшайди.

* * *

Бошига тушмаган одам қариликнинг азобини қаёқдан билсин.

* * *

Худога шукур, ҳозирча Ўтамуротнинг кўз билан қулоқдан шикояти йўқ. Ақл-ҳуши ҳам жойида. Тўқсондан ошган одам учун шунинг ўзиям катта давлат, аслида.

* * *

Одам ёлғизликка ҳам, етишмовчиликка ҳам кўникиши мумкин, лекин камситилишу хўрликларга ўрганиши қийин бўлар экан.

* * *

Яхши эл есирини ётга бермайди.

* * *

Чимбойдаги янги очилган касалхонанинг ёпилиб кетмаслиги учун ҳар бир районга бемор олиб келиш режаси белгилаб берилган эди...

* * *

Илм деганлари ўзи шунақа. У аввал кўзингдан уйқуни ўғирлайди. Кейинроқ ўрнини тўлдириб ухлаб олмасанг, бора-бора соғлиғингни ҳам ўғирлашга тушади.

* * *

Туркманларнинг Камина деган шоири: "Махтумқули сўз экинзорининг ҳосилини аллақачон йиғиштириб кетди, бизлар ана шу далада қолиб кетган бошоқларни териб юрибмиз", деган экан.

* * *

- Йўнғичқа деган ўсимликни биласизларми, болаларим? - дея савол берди Кенжабой муаллим.

- Биламиз, - дея баравар жавоб беришди талабалар.

- Ана шу ўсимлик бир йилда тўрт марта ўриб олинади. Лекин келаси баҳорда яна ҳеч нарса бўлмагандек гуркираб ўсаверади. Халқ оғзаки ижоди ҳам шунга ўхшайди, қанча йиғиштириб олганингиз билан унинг меваси адо бўлмайди. Халқ бор экан, оғзаки адабиёт ҳам яшайверади.

* * *

- Йўқ, мен ямбаш муаллим эмасман. Биз элнинг тилидан сўз йиғиб юрибмиз.

- Сўз?! - деб Сейтек чўпон қотиб-қотиб кулди. - Бу ҳукуматнинг йиғмаган нарсаси қолмади-ёв! Одамларнинг уйидаги тухумни йиғиб олди, сутни йиғиб олди, гўштни йиғиб олди, шунга ҳам қаноат қилмай, энди оғзимиздаги сўзимизни ҳам тортиб олмоқчими?

* * *

Ёшликда кўнгли суст кетган  ноинсофдан ҳар нарсани кутиш мумкин...

* * *

Ҳеч қаерда фақат илм учун алоҳида яратилган тил йўқ. Фақат истеъдодсиз одамларгина уни тушунарсиз қилиб ёзишади...

* * *

Бир вақтлар Умирбек лаққи ёш болаларни алдамоқчи бўлиб, "боринглар, анави ерда бўғирсоқ улашаяпти", дебди. Кейин ҳамма ўшаёққа кетганини кўриб, "бу гап ростга ўхшайди" деб ўзи ҳам уларнинг ортидан чопган экан.

* * *

Оқар сувнинг шиддати зўр бўлса, эртами-кечми йўлидаги тўсиқни бузиб ўтади.

* * *

Дунёда ўзинг гувоҳ бўлиб турган воқеага аралашолмасанг, бундан ёмони йўқ экан.

* * *

- Йигитлар, товуғини тулкига олдирган кампирлардай кўпам қовоқ-тумшуқ қилаверманг, - деди Эрназар кўрак солинган халтасининг устига жойлашиб ўтириб олиб. - Ўлимдан бошқа нарсанинг чораси бор.

* * *

Кунлардан бирида институт директори Назар Турдишев уни ҳузурига чақиртирди.

- Илмий ишинг ҳақида билдирилаётган фикрларни ўқиб бораяпсанми? - деб сўради у салом-аликдан сўнг.

Ўтамурот "ҳа" дегандек бош ирғади.

- Нима учун ўзинг бу гапларга муносабат билдирмаяпсан?

- Назар оға, мен болалик пайтларимда бўян ўримида кўп бўлганман, - дея Ўтамурот гапни узоқдан бошлади. - Ўшанда эрталабки шудринг қуригандан кейин тўзғиб қолган ариларнинг битта-яримтаси учиб келиб бўйнимга, қовоғимга нишини суқиб қоларди. Ари чаққан жойга озгина лой суртиб қўйсам, дарров шиши қайтарди. Лекин бир гал уларни уяси билан қўшиб ўриб олиб, қочишга тушдим. Ини бузилганидан дарғазаб бўлган арилар галаси шу заҳоти орқамдан қувиб етиб, мени юмма талаб ташлади. Юз-қўлларим моматалоқ бўлиб кетди. Ўша воқеадан сўнг, "битта-яримта арининг чаққанига чидаб, уларнинг уясига чўп суқмаслик керак экан", деган хулосага келгандим.

* * *

...томчи ҳадеб бир жойга томаверса, тошни тешади.

* * *

Илм деганлари дарров натижаси кўринадиган соҳа эмас.

* * *

Теракнинг ҳам қуриган шохларини чопиб, ёш новдасини қолдиришади.

* * *

"Фанда ҳам, бошқа соҳаларда ҳам ҳар қандай янгилик аввалига кўзимизга олабўжи бўлиб кўринади. Ахир, кечагина "трактор ернинг кучини остига тушириб юборар экан" деган гапга ишониб, бу техникага ола қараб юрган эдик. Бугун уйимизнинг олдидаги томорқамизни ҳам тракторда шудгорлатишни истаймиз. Чунки у ерни чуқур ағдариб, тупроқнинг остки қатламларигача ҳаво олиб киришига ишонч ҳосил қилдик. Шунга монанд гапирганда, Мирзамуротов ҳам бизга она тилимизнинг "ҳаво кирмай, димланиб ётган" қатламларини ағдариб кўрсатаяпти. Бундан чўчимаслигимиз керак. Албатта, дунёда ёзилиши бошқа, талаффузи бошқа тиллар кўп. Шу топда қозоқ ёзувчиси Собит Муқоновнинг инглиз тили ҳақида ҳазил тариқасида айтган: "Мабодо шу англичанлар "ит" деб ёзиб, "чўчқа" деб ўқимасмикин?" деган гапи эсимга тушиб кетди".

* * *

Ватан дегани миллатни тан олмайди, қайси ерда киндик қонинг томса, ўша ер сен учун Ватан ҳисобланади.

* * *

...раҳматли отамиз ҳар гал ўчоқ бошида ўтирганимизда: "Тушгача ейдиган нонингиз бўлса, тушдан кейинги овқатингизни ўйлаб, бировларга ялинманг", дея насиҳат қилардилар.

* * *

Мақсадсиз илм йўлига кириш - ақчасиз бозор оралаш билан баравар.

* * *

- ...Шахсий кутубхонамда беш ярим мингдан кўпроқ китобларим бор. Уларни биронта кутубхонага совға қил. Кейинги авлодларга хизмат қилсин.

- Ота, сизнинг уй-музейингизни ташкил қилиб, китобларни ўша ерга қўйсак-чи?

- Йўқ. Уй-музейига китобларнинг кераги йўқ.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!