Меню

Қашқадарё

20.01.2018 1732

"БУ - ОТА-БОБОЛАРИНГ ЙЎЛИ ЭМАС..."

Умрининг энг гуллаган вақтини жазони ижро этиш муассасаларида ўтказаётган, "жиноят содир этган" деган бир умрлик тамғани олган ёшлар орасида биз таниган тенгдошларимиз ҳам борлигини кўриб юрагимиз бир увишиб кетади. Шунда айрим саволлар исканжасида қоламиз. "Хўш, улар қачон адашди, қачон жиноят йўлига кириб кетди, биз нега ғафлатда қолдик?" Шу маънода, бугун ёшларнинг жиноятга қўл уришининг олдини олмасак, бор эътиборимизни мазкур масалага қаратмасак, эртага кеч бўлади.

Ўйлашимча, бу борада аввало насиҳатгўйликни камайтирсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, бугун глобал тараққиёт ва ахборий ривожланиш замонида ёшларга юқоридаги каби панд-насиҳатларнинг бир томондан қизиғи йўқ, бошқа томондан эса бу, аксинча, уларнинг меъдасига теккан, кўпинча акс таъсир беради. Шу боис, уларга нисбатан ўзгача ёндашув талаб этилади.

Психологларнинг фикрича, ёшлар жўшқин ҳаётга жуда ўч, ўз орзу ва мақсадларига тез ҳамда осон тарзда эришишни истайди. Шу маънода, ёшлар орасидаги жиноятларнинг туб илдизи маълум маънода уларнинг мазкур феъл-атвори, табиати билан боғлиқ. Эътиборлиси, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг муайян қисмини замонавий, нархи анча қиммат турадиган буюмлар, масалан, мобиль алоқа воситаси каби ёшлар орасида урф бўлган жиҳозларни қўлга киритиш учун уринишлар ташкил этади. Ҳақиқатан, мобиль алоқа воситаси ёхуд компьютер ўйинлари каби электрон қурилмалар улар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолган. Шунинг учун ҳам айрим ёшлар унга эгалик қилиш, ўртоқларидан кам бўмаслик учун миясига келган ишни қилишмоқда. Ёшлар ҳар бир вазиятга тез муносабат билдиришга мойил бўлади. Бунинг натижасида улар охирини ўйламай тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўйиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, буларнинг барчаси бекорчилик ва маънавий қашшоқлик, ҳуқуқий онгнинг пастлиги ҳамда тор фикрлилик каби жиддий сабабларга бориб тақалади. Ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш масаласи жуда долзарб саналади. Бу борада самарали иш олиб бориш лозим. Уларга панд-насиҳат ўқимасдан, аксинча, буни ибратомуз, таъсирчан ва бу йўлга адашиб кириб қолган тенгдошларининг пушаймонликлари акс этган видеофильмлар, ўзаро суҳбатлар орқали уларнинг онгига сингдирайлик.

Тан олиш керакки, маълум маънода ёшларнинг муаммолари билан қизиқаяпмиз. Лекин қандай усулда? Қамров даражаси қандай? Ҳамма гап шунда.

Бинобарин, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби" мавзусидаги анжуманда "Аввало, улар билан гаплашиб, бу - ота-боболаринг йўли эмас, бу йўлдан қайт, ҳақиқат мана бу ёқда, тинчлик ва эзгулик йўлидан бориб, ҳеч ким кам бўлмаган, деб уларни соғлом эътиқодга ишонтириш керак. Билим билан, ақл ва маърифат, намунали ишлар билан ишонтириш керак. Тарихдан, бугунги ҳаётимиздан олинган ҳаётий, таъсирчан мисоллар билан инонтириш керак"лигини уқтирганди.

Шунга ҳамоҳанг ёшлар ўртасидаги жиноятнинг олдини олишда энг маъқул усул юксак ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўлмоғи керак. Зеро, у қонун устуворлиги омили бўлиб хизмат қилади. Яъни буни инсонларнинг онги, маънавиятини ошириш орқали амалга ошириш мумкин. Ёшлар қачонки онгли тарзда жиноят қилишдан ўзини тийса, шундагина жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг ҳақиқатан камайиши таъминланган бўлади.

Азизбек НОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!