Меню
Қашқадарё
БУ МУРАККАБ СИНОВЛАРНИ АЛБАТТА, ЕНГИБ ЎТАМИЗ
- дейди икки ёшида қамалда қолиб, олти ёшида ундан омон чиққан ватандошимиз
Шукрона
Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли уруш ҳисобланади. Унда кўплаб инсонлар ҳалок бўлди, ногиронга айланди, миллионлаб оилалар парчаланиб кетди, маконлар вайрон, гўдаклар тирик етим бўлди.
Қарши шаҳри Шайхали маҳалласида истиқомат қилаётган фахрий Сония Нурмагамбетованинг болалиги ҳам уруш олови ичида кечган. Онахон ўша оғир дамларда бошидан ўтказган воқеалар, қонли жанглар ҳақида кўзда ёш билан эслайди.
- Ўша пайтда биз Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида яшаётган эдик, - дейди у. - Барча оила аъзоларимиз жамулжам, тўкис ва бахтли ҳаёт кечираётгандик. Машъум уруш бошландию ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди. Ўша вақтда мен эндигина икки ёшдан ошган қизалоқ эдим. Шунга қарамай, ўқ овозлари, бақир-чақирлар, атрофдаги таҳлика ва саросимани эслайман. Кейинчалик билишимча, биз ўшанда 1941 йилдан 1944 йилга қадар давом этган Ленинград қамалида қолган эканмиз. Хуллас, мурғак бола бўлганимга қарамай, ана шу жанг майдонида омон қолиш учун курашишга мажбур эдим. Ҳар қадамда аскарлар, ўқ овозлари, биз эса ўзимизни гоҳ у ерга, гоҳ бу ерга уриб жон сақлашга ҳаракат қилардик. Ҳафталаб оч қолиб кетган, қаҳратон совуқда юпун кийим билан кўчада жон сақлаган кунларимиз жуда кўп бўлди. Бир куни отам бомба остида қолиб, вафот этганини айтишди. Акам очликка чидай олмай ҳалок бўлди. Тақдир экан, 900 кунлик қамалдан тирик чиққанман. Сўнг мени Ўзбекистонга олиб келишди ва кейинги ҳаётим ана шу жаннатмонанд ўлка билан боғланди.
81 ёшни қаршилаган Сония Нурмагамбетова бугун жаҳон аҳли бошидан кечираётган ва, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтмаган мураккаб синовлар ҳақида гапирар экан, халқимиз уларни, албатта, енгиб ўтишини ишонч билан таъкидлайди. Фақат аҳил ва ҳамжиҳат бўлишимиз зарурлигини эслатади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.