Меню
Қашқадарё
БУ МАСКАНЛАР ТАРОВАТИ ЎЗГАЧА...
Дастлаб 1997 йилда ўтказилиб, дунё экологик тақвимидан мустаҳкам ўрин олган ва йил сайин кўпроқ давлатларда нишонлаш урф бўлаётган байрам - 11 январь – Миллий боғлар ва қўриқхоналар куни юқоридаги яшил ҳудудларнинг аҳамиятини яна бир карра бизга эслатадиган санадир. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси таклифи билан ўтказиладиган мазкур экологик байрам бугун дунёнинг кўплаб давлатларида нишонланади. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Ушбу кун билан боғлиқ тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад – давлат ҳимоясига олинган табиий ҳудудларнинг экотизимини, флора ҳамда фаунанинг генофондини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашдир.
Қайд этиш керакки, мамлакатимизда айни шу мавзуга қаратилган кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари амалга татбиқ этилган. Жумладан, 2014 йилда табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, улардан фойдаланишга қаратилган бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Расмий манбаларда қайд этилишича, Ўзбекистонда 2 та миллий табиий боғ, битта ноёб жониворлар резервати (“Жайрон” экомаркази), 7 та табиат ёдгорлиги давлат рўйхатига олинган. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Оролбўйи минтақасида янги миллий боғ ва қўриқхоналар ташкил қилиш устида ишлар олиб борилаяпти. Яқин келажакда бу ҳудуддаги биологик рангбарангликни сақлаб қолиш ва табиий бойликларини тиклашга йўналтирилган 5 та табиий кластер ташкил қилинади. Албатта, бу каби хайрли тадбирлар ҳудуд экотизимини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда айни пайтда 8 та қўриқхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шулардан бири - вилоятимизда жойлашган Китоб давлат геологик қўриқхонасидир. Бу маскан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда алоҳида аҳамиятга эга бўлган табиий ҳудуд саналади. 1979 йилда ташкил этилган ушбу қўриқхонага мутахассислар “ернинг тош қотган китоби”, дея таъриф беришади. Манбаларнинг далолат беришича, бу ерларда қачонлардир улкан денгиз мавжланиб турган. Даврлар ўтиб иқлим ўзгаришлари натижасида қадимги денгиз жонзотлари тош бўлиб қотган.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда қўриқхона ҳудудида 800 турдан ортиқ ўсимлик ўсади. Туркистон заранги, момиқли заранг, Бухоро бодоми, дала чирмовуқлари, даралар тубида ҳосил бўлган юнон ёнғоқзорлари, толзор ва магалепка, 60 дан ортиқ турлари учрайдиган Понтия ва Туркистон дўланаси сингари дарахт ва бутасимонлар қўриқхонанинг яшил оламини ташкил қилувчи асосий ўсимликлардир. Бундан ташқари, бу ерда дала чой, қизилпойча, тоғ райҳони, сариқ андиз, оддий бўймадорон, тоғ жамбили, форс четани (рябина), наъматак, зирк каби доривор ўсимликлар ҳам бор. Қўриқхона ҳудудида барқ уриб ўсаётган 22 турдаги ўсимлик Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоб”ига киритилган.
Қўриқхонанинг ҳайвонот олами ҳам қизиқарли ва ўзига хослиги билан бошқа қўриқхоналардан ажралиб туради. Бу ерда 80 турдан ортиқ капалакларни, 23 та оилага мансуб 51 турдаги ўргимчакларни, 11 турдаги қисқичбақасимонларни учратиш мумкин. Уларнинг баъзи турлари Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган. Геологик қўриқхона сувларида 3 турдаги балиқлар, 2 турдаги амфибиялар, 14 турдаги судралиб юрувчилар, 128 турдаги қушлар, 21 турдаги сут эмизувчилар кун кечиради. Қаттиқ ҳимоя қилинишга муҳтож бўлган турлар: Тяншань қўнғир айиғи, кичик такабурун (кўршапалак тури), қушлардан эса оқбош қумой, қора калхат, болтаютар, бургут қўриқхонада доимий яшайди, карлик бургут уялаш (бола очиш) учун учиб келади, шунингдек, қора лайлак ва илонхўрнинг ҳам учиб келиши кузатилган.
Бизга маълумот беришларича, қўриқхонада ўтган 2016 йилда қушларнинг умумий сони 270 тага етган. Бунда эса қўриқхона ходимлари, эколог-мутахассисларнинг хизматлари борлигини таъкидлаш зарур.
- Қўриқхонамизнинг экологиясини талаблар даражасида сақлаш мақсадида жаҳон олимлари билан ҳамкорликда илмий изланишлар қилинмоқда, - дейди Китоб давлат геологик қўриқхонаси директори Ўткир Раҳмонов. - Қўриқхонада ҳар йили олимларнинг халқаро симпозиумлари ва ҳар хил илмий анжуманлар ўтказилади. Хорижий сайёҳлар ҳам ташриф буюришади. Ҳозирги кунда қўриқхонада 2 та янги лойиҳа бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Қатламлардаги тош қотган жонивор қолдиқларидан намуналар олиб, уларни лабораторияда текшириш орқали қадимги ҳайвон турлари, ҳудуднинг геологик тарихини ўрганиш юзасидан тажрибалар ўтказилаяпти. Ҳудуддаги палеозой ётқизиқларини стратиграфик ўрганишда ҳам халқаро ҳамкорлик ишлари йил сайин кенгайиб бораяпти.
- Деярли ҳар йили қўриқхонамизга турли мамлакат олимлари келишади, - дейди қўриқхонанинг етакчи палеонтологи Нуриддин Абдиев. - Биргина ўтган йилнинг апрель ойида ЮНЕСКО геологик боғлар халқаро дастури котиби Патрик Маккивер ва маслаҳатчиси Сурен Гевиниан Китоб давлат геологик қўриқхона ҳудуди ва бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Қўриқхона ва Китоб туман ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш режалари тузилди. Бундан ташқари, июль ойи охири - августнинг бошларида “Дала геологик семинар-тренинг - 2016” тадбирининг 4-босқичи бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 70 га яқин ёш геолог-мутахассислар қатнашди. Яна бир янгилик. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига атаб қўриқхонамиз тўғрисида илмий-оммабоп китоб тайёрланиб, нашрга берилди. Бу китобда қўриқхона ҳақидаги маълумотлар ўзбек ва рус тилларида батафсил баён қилинган.
Она табиат бор гўзаллиги ва бой оламини намоён қилиб турган бундай мўъжизакор гўшалар ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, умуман табиатни авайлаб-асраш, уни муҳофаза қилишда жуда муҳим. Шундай экан, бу каби табиий ҳудудларнинг кўпайтирилиши ҳар бир ҳудуд экотизимининг йил сайин яхшиланиб боришига ҳисса қўшади.
Майсара ҚЎЙЛИЕВА